Кечирасиз, рўйхатдаги дорилар борми…?

Фарзанд дунёга келган кун ҳар бир ота-она учун энг қувончли дамлардир. Ферузахон ҳам кўзи ёриб, жигаргўшасини бағрига босар экан, Яратганга шукроналар келтирди.

Кўп ўтмай, фарзандининг кечалари тез-тез безовталаниб, ухлолмай чиқиши ёш онани жиддий ташвишга солди. Мунтазам олиб борилган тиббий кўриклардан сўнг чақалоққа калла ичи гипертензияси ташхиси қўйилди. Мутахассисдан керакли кўрсатмалар олингандан сўнг даволаш жараёни бошланди.

Неврологик муолажалар ойлаб давом этиши боис, дорилар ўз вақтида олиниши талаб қилинади. Хасталикнинг жиддийлиги ҳам шу билан белгиланади. Лекин айрим дори воситаларини топиш мушкуллиги, Ферузахоннинг қийинчилик азобларини икки ҳисса оширди. Қолаверса, нарх-навонинг номутаносиблиги ҳам турли муаммоларни келтириб чиқарди. Ноилож қолган ота-она фарзанди учун икки баравар баланд нархда бўлса ҳам керакли дориларни сотиб олишга мажбур бўлишди.

Юқоридаги муаммолар қуршовида қолган кўпгина оилалар билан суҳбатлашиб, бу масала юзасидан фикр алмашиш мақсадида невропатолог ҳузурига бордим. Навбатда турган она ва болаларнинг охири кўринмайди. Оналар кутиш асносида турли мавзуларда суҳбатлашишади. Айниқса, суҳбат энг муҳим мавзу – дори-дармонларга келганда янада қизийди.

Уларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда кўпгина ота-оналар неврологик дориларнинг қимматлигидан азият чекишмоқда. Ҳатто, рўйхати чиққан, маълум нарх белгиланган дориларнинг ҳам устига қўйиб сотиш ҳолатлари учраётгани, янада ачинарлидир.

– Кундалик ҳаётда неврологик дори сотиб олиш учун дорихоналарга тез-тез мурожаат қиламиз. Шундай кезларда айрим дори воситаларининг жуда қиммат нархларда сотилаётганлиги, бизни қийин аҳволга солиб қўяди. Афсуски, кўп ҳолларда, ҳатто рўйхати тасдиқланган фармацевтик маҳсулотларни ҳам кўрсатилган нархларга нисбатан қимматроқ нархда сотиб олишга мажбур бўлмоқдамиз. Бу масала юзасидан дорихона ходимлари билан тортишган пайтимиз улардан “Олсангиз шу, олмасангиз ўзингиз биласиз” қабилидаги гапларни эшитамиз, – дейди Олмалиқ шаҳрида яшовчи Муножаат Каримова.

Икки йилдан буён фарзанди неврологик хасталик билан оғриётган қашқадарёлик Ҳулкар Қудратова ҳам бу борада ўз фикрларини билдириб ўтди:

– Фарзандим оғир касалликдан азият чекади. Маълумки, хасталиклар узоқ вақт даволанади ва шунга яраша муолажалар қилинади. Лекин дори воситаларининг қимматлиги, муаммоларимизни икки ҳисса оширмоқда. Нархлар борасида ҳатто, пойтахт билан вилоят орасида катта фарқ бор.

 Масалан, Тошкентда вальпроат кислота дори воситаси 50 минг сўм бўлса, Қашқадарёда бу препарат 65-72 минг сўм нархда сотилмоқда.

 Бу бизга керак бўладиган биргина дорининг нархи холос. Фарзандимнинг тузалиши учун бундан ташқари яна бир нечта дориларни сотиб олиш лозим. Ойлаб, йиллаб давом этадиган муолажаларга қанча пул сарфлашимизни энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг.

Яна ўқинг:  Спортчи отанинг чемпион ўғли

Ота-она борки, фарзанди саломатлигини ҳар нарсадан устун қўяди. Бунинг учун ҳеч нарсани аямайди. Бироқ, емай-ичмай, асосий маблағини жигаргўшасининг соғлиғи учун сарфлаётган бундай оилалар кейинчалик мушкул вазиятга тушиб қолишлари ҳеч гап эмас.

– Барчангизга маълумки, яқинда тиббиётда кенг қўлланиладиган 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар рўйхати эълон қилинди. Бироқ, бу рўйхатдан айнан болалар неврологик касалликларида ишлатиладиган дори воситалари камчиликни ташкил этади, – дейди ТошПТИ клиникаси қошидаги консультатив диагностик поликлиникаси болалар невропатологи Жамшид Саидов. – Юртимизга неврологик хасталикларни даволашда қўлланиладиганларнинг 90 фоизи четдан кириб келади. Агар ўзимизда ҳам шу каби фармацевтик маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, ўйлайманки, муаммолар ўз ечимини топади. Бир ўйлаб кўринг, эпилепсия-тутқаноққа қарши дориларни бемор беш йил ва ундан кўпроқ муддатда қабул қилиши лозим. Ушбу хасталикни даволашга ёрдам берадиган айрим дори воситалари эса, ҳатто 500 минг сўм туради. Бу эса ҳар қандай оилага оғирлик қилади. Бироқ, неврологик касалликлар шундай хасталикки, бунда ҳеч бир вазиятни истисно қилиб бўлмайди. Ҳар бир дори воситасини ўз вақтида, айтилган муддатда қабул қилиш зарур.

Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Ушбу ҳужжатга кўра 2017 йилнинг 1 январидан четдан олиб келинадиган, шунингдек, Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъий назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиз, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Яна бир янгилик шундан иборатки, тиббиётда кенг қўлланиладиган 300 дан ортиқ номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилди. Бу нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этиладиган Республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ўрнатилган тартибда ҳар чоракда белгиланади.

Яна ўқинг:  Санъат ғунчалари – ёш истеъдодлар парвози

Бироқ, ҳукуматимиз томонидан қатъий белгиланган тартиб, низомлар жорий этилишига қарамасдан дорихоналардаги мавжуд муаммолар аҳолининг ўринли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ўйлаймизки, юртдошларимизни қийнаётган бу каби масалаларни мутасадди ташкилот вакиллари яна бир бор эътиборга олишади, деган умиддамиз.

 

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: