Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат. Боладаги бу фазилатлар оилада шаклланади

Бир куни унинг тоби қочганини эшитиб, уйига ҳолидан хабар олгани бордим. Уч қизи ва ўғли анча дастёр бўлиб қолганини кўриб, ҳавасим келди. Қизларининг бири дас­турхон тузаган, яна бири томорқадаги экинларнинг тагини юмшатган. Бир пайт дарвозадан оила бошлиғи – ота кириб келди. Лекин фарзандлардан бирортаси отасига салом бермаса, денг. Уй тўрида ётган ўғил ҳам жойидан «қилт» этмади. Уларнинг ҳаракатларидан отасига нисбатан қандай муносабатда эканини англаш мушкул эмасди. Оилада бундай муҳитнинг қарор топишига назаримда, она сабабчи бўлган. Буни тахмин қилмаяпман, кўрган, эшитганларимдан хулоса қилиб, ишонч билан  айтаяпман. Агар она фарзандларига оилада отанинг ўрни, ҳурмати нақадар юксаклигини уқтириб тарбия қилганида эди, хонадонда тартиб-интизом, меҳр-оқибат ҳам шунга яраша бўларди.

Агар муаммони юзага келтираётган сабабларни чуқурроқ таҳлил қилсак, бундай вазиятда оталарнинг айби ҳам яққол кўзга ташланади. Зеро, уларнинг оила ва фарзандлари олдидаги масъулиятни тўла англаб етмаслиги, яқинларини маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватламаслиги натижасида ҳамма юк аёлнинг зиммасига тушмоқда. Табиийки, рўзғор қийинчиликларидан қадди букилган онанинг турмуш ўртоғидан доим норози бўлиб гапириши, фарзанд­ларнинг отасига бўлган муҳаббати, ҳурматининг сўнишига, муносабати бутунлай ёмон томонга ўзгаришига сабаб бўлади.

– Болалигимда онам доим отамдан норози бўлиб гапирарди, – дейди бир дугонам. – Ҳайронман, нега ундай қилган экан?! Чунки отам ишсиз эмасди, аксинча катта идоранинг раҳбари эди.  Шу боис, уйда кам бўлар, кўп вақтини ишда ўтказарди. Онам ҳам ишларди, яна уй-рўзғор, мол-ҳолга қараш унинг гарданида эди. Шунинг учун бўлса керак волидам кўп нолирди. Отамнинг тинимсиз ишлашини,  фарзандларининг тарбияси учун кам вақт ажратаётганини рўкач қилиб, жанжал кўтарарди. Аслида дадам фарзанд тарбиясига онам айт­ганчалик бефарқ эмасди. Кундаликларимизни текширишни канда қилмасди, дам олиш кунларида асосий вақтини биз билан ўтказарди. Лекин бир одам ҳақида фақат салбий фикр­ни эшитавериш атрофдагиларнинг унга нисбатан муносабатини ҳам ўзгартираркан. Бора-бора бизнинг ҳам онамга раҳмимиз келадиган, унинг фикрига қўшиладиган бўлдик.  Яъни, биз ҳам отамни ёмон кўриб қолдик. Йиллар ўтиб, ўзим ҳам она бўлдим. Мана энди ўшанда онамнинг нотўғри йўл тутганини англаб етяпман. Агар вақтида онам отамни ёмонламасдан, аксинча, уларнинг яхши фазилатларини ўрнак қилиб кўрсатганида, отамизни бунчалик ёмон кўриб қолмасдик. Афсус…

Дугонамга тасалли беришга сўз тополмадим. Фақат шу лаҳзаларда мен фарзанд тарбиясида она ибрати, ота намунасининг нечоғлик аҳамияти беқиёс эканлигини яна бир бор тушуниб етгандим… 

Яна ўқинг:  Ангренлик полвонлар муносиб натижаларга эришмоқда

Нигора ҚЎЧҚОРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: