Касб-ҳунар таълими – ёшлар ҳаётида муҳим омил

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб ёшларнинг ўз имкониятларини эркин намоён қилишлари учун кўплаб шароитлар яратиб берилмоқда.

2014 йил 6 февралда мамлакатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларида уларнинг фаоллигини ошириш, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари учун муносиб шароит яратиш, уларни иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш, ёшларнинг жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишларига кенг жалб этиш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва бошқа муҳим мақсадларни кўзда тутган.

Касб-ҳунар таълими оиладан, маҳалладан бошлаб меҳнат жамоаларигача бутун жамият фаолиятининг асосий эътиборида бўлмоғи даркор. Афсуски, биз ўқитувчиларнинг таълим-тарбия фаолиятида ҳозирги кунда айрим ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан бепарволиги, масъулиятсизликлари, фарзандларини назорат қилишни бўш қўйиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Уларнинг фарзандларига моддий шарт-шароитларни яратиб бераётганликларига эътироз билдирмаймиз. Аммо баъзи фарзандлар, яъни биз таълим бераётган ёш авлод ичида бундай имкониятлардан самарали фойдаланмай, ёшлик даврини беҳуда ишларга сарфлаётганликлари ўқитувчиларни ташвишга солади. Халқимизда «Қарс икки қўлдан чиқади» деган нақл бор. Биз ўқитувчилар ёш авлоднинг таълим-тарбиясини ота-оналар билан ҳамкорликда олиб борсаккина, бизнинг фаолиятимиз ўз самарасини беради.

Маълумки, бугунги ҳаёт одамларни юксак тараққиётга муносиб тарзда яшашга даъват этмоқда. Бунга меҳнат ва интилиш, дунёқарашни кенгайтириш, яхши илм ва ҳунар эгаллаш асосида эришиш мумкин. Зеро, яхши касб-туганмас бойлик, бир умрлик ҳамроҳ, десак тўғри бўлади. Мансаб қўлдан кетиши мумкин, лекин илм-ҳунарни ҳеч ким тортиб ололмайди. Шунинг учун қадимда шоҳ бўлсин, гадо бўлсин – ҳамманинг фарзанди имкон қадар касб-ҳунар ўрганган. Ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму-маърифат, таълим-тарбияни инсон камолоти, миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билганлар.

Мадина РАҲИМОВА,

Бухоро солиқ коллежи ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Масофавий таълим маҳорат сирларидан сабоқ беради

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: