Журналистикада тезкорлик муҳим, аммо…

Бугун жамият тараққиётига тўсқинлик қилаётган, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларни сустлаштираётган муайян камчилик ва нуқсонлар холис ва ҳаққоний танқид қилинган материаллар сони оммавий ахборот воситаларида ортиб бораётганини ҳаммамиз кузатиб, билиб турибмиз. Бунга ҳар ким ўзича, ўз тушунчасидан келиб чиқиб муносабат билдираётганини ижтимоий тармоқларга назар ташлаган киши яққол англайди. ОАВда журналистик мушоҳада ва таҳлил, дадиллик кучайгани ҳақли суратда юртдошларимиз назарига тушмоқда. Журналистлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида тобора фаолроқ иштирок этяпти.

Шу ўринда бир масалага тўхталиш ўринли. Материалларда кўтарилган муаммолар танқид қилинган соҳа мутасаддилари эътиборидан четда қолаётган ҳолатлар ҳануз учраб турибди. Бу эса ташкилот ва корхоналар мансабдор шахсларининг ёритилган муаммоларга лоқайд қарамаслиги учун таъсирчан чора-тадбирлар кўришни тақозо этади. Бу эса ўз навбатида танқидий ва таҳлилий материаллар сони, самарадорлиги ошишига хизмат қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида журналистика жамият ҳаётида муҳим ўрин тутишини таъкидлаган эди: “…Кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган оммавий ахборот воситалари ҳақида сўз юритганда, биз, аввало, доимо янгилик излаб, янгиликка интилиб, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига кириб борадиган, холислик ва ҳаққонийлик, Ватан ва халқ манфаатларини биринчи ўринга қўядиган олижаноб ва масъулиятли касб эгаларини тасаввур қиламиз”.

Дарҳақиқат, журналист ўз касбининг ижтимоий аҳамиятини; халқ манфаатларига, адолат ва тўғриликка хизмат қилиш масъулиятини чуқур англаш зарур. Фуқароларнинг жамият ҳаётида ижтимоий-сиёсий фаол бўлишига аввало сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш орқали эришилади. Ҳар бир фуқаро ўз фикрини, муносабатини оммавий ахборот воситаларида эркин ифода эта билиши керак.

Айни пайтда очиқлик, ошкоралик, фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш катта аҳамият касб этмоқда. Барча соҳалар каби ахборот соҳасини ҳам замон талабларига мос тарзда ривожлантириш жараёнлари босқичма-босқич ва тадрижий амалга оширилмоқда. ОАВ тизимини янгилаш ўзига хос мураккаб ва серқирра жараёндир. Бу масала жамият учун ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва стратегик аҳамиятга эга. Чунки, бир томондан, жамиятда шаклланган қадриятлар ва Мустақилликдан кейинги янгича бозор муносабатлари, иккинчи томондан, ОАВ ва журналистлар тафаккуридаги ўзгаришлар, учинчидан, бугунги давр талаби жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги ахборотларнинг мамлакат аҳолиси онгига кўрсатадиган таъсири бу жараёнларга бевосита алоқадордир.

Яна ўқинг:  БОЛА қувончи – ОЛАМ қувончи

Журналистнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларига жиддий ва онгли равишда муносабатда бўлиши кўп жиҳатдан жуда зарурдир. Сўз – кучли қурол, қонунчилик журналистларга бу қуролдан фойдаланиш ҳуқуқини бериши билан бирга, уни эҳтиёткор бўлиб ишлатиш, шахсий манфаатлар йўлида, ғайриқонуний тарзда фойдаланмаслик масъулиятини ҳам юклайди. Агар журналистларга, уларнинг ҳақ сўзларига ноҳақ тажовузлар бўлса (бундай тажовузлар ҳамиша юзага келиб туради), уларни ҳуқуқий йўл билан ҳал этишга ўрганиши, шунга яраша билим ва тажриба орттириши зарур.

Жамиятдаги сўз эркинлигини таъминлашнинг муҳим бир жиҳат борки, бу журналистнинг шахсан ўзига боғлиқ. Гап журналистнинг хуқуқий маданияти ва ахлоқий онгига тааллуқли жиҳатлар хусусида. Яъники, журналистлар жамиятда юз бераётган ҳодисалардан, хавфли ҳолатлардан огоҳ бўлиши, ижтимоий уйғоқ фикрни шакллантириш учун имкон қадар бехато ишлашлари керак. Чунки, ОАВда нотўғри, асосланмаган ахборотларни, маънавиятимизга салбий таъсир қиладиган турли хил хабарларни тарқатиш, ёки танқидни бетгачопарлик деб тушуниш журналистнинг омма олдидаги обрўсини туширади. Бу ҳолатлар эса нафақат муайян журналистга, балки бутун ОАВга, жамиятдаги сўз эркинлигига ишончни камайтиради, дейиш мумкин.

jurnalist01

Журналистика тезкорликни талаб қилиши кўп такрорланадиган ҳақиқат. Бироқ ахборотни тезроқ етказишни ўйлаб шошма-шошарлик қилиб ҳам бўлмайди. Ҳар қандай шароитда ахборотнинг тўғрилигини текшириш лозим. Журналистлар миллатнинг, мамлакатнинг юзи. Улар ўз манфаатлари деб турли хил буюртма мақола, кўрсатувлар, эшиттиришлар орқали журналистиканинг ҳаққонийлик ва холислик тамойилига зид иш қилмасликлари зарур.

Ҳар қандай шароитда ҳам журналист учун ўз касбининг икки жиҳати жуда муҳим. Бу – ҳаққоний ахборот бериш ва холис таҳлил қилишдир. Улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ва бир-бирини тўлдирувчи жиҳатлардир. Халқ учун ОАВ бир томондан мунозаралар юритиладиган минбар, иккинчи томондан ахборот манбаидир. Журналист тўғри ахборот бериши, ҳақиқатни ёзиши керак, бунинг учун эса етти ўлчаб бир кесиш, Шарққа хос бўлган одоб-аҳлоқ категориясининг асосий мезонларига, хотиржамлик, ўзгалар шаънини ҳурмат қилиш, тўғрисўзлик, тамасизлик каби қоидаларга амал қилиши зарур.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: