Жаҳонга юз тутган даргоҳ

Инсон яралибдики, ҳамиша юксак марраларни кўзлаб яшайди. Интилган чўққини забт этиш учун ундан юксак билим ва идрок талаб этилади.

Илм эгаллашни игна билан қудуқ қазишга менгзаш мумкин. Машаққат билан эришилган билим эса инсоннинг келажакдаги барча орзу-истакларининг калити бўлиб хизмат қилади.

Қувонарлиси, истиқлол йилларида мамлакатимизда ёш авлоднинг таълим олиши, ўз иқтидор ва қобилиятини намоён этиши учун кенг шароит ва имкониятлар яратилди. Замонавий таълим масканларини бунёд этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса таълим тизимида қўлга киритаётган ютуқларимизга пойдевор бўлмоқда.

Бухоро давлат университети қошидаги 3-сон Қоракўл академик лицейида таҳсил олаётган ёш ўғил-қизлар – юртимизнинг билимга чанқоқ, изланувчан ёшларидан. Мазкур таълим масканининг ташкил топганига чорак аср бўлган бўлса, унинг қўлга киритган ва киритаётган ютуқлари асрларга татигуликдир.

– Шу йил лицейимизни тамомлаган 141 нафар ўқувчидан 110 нафардан ортиғи юртимиздаги етакчи олий ўқув юртларига кириш бахтига муяссар бўлди, – дейди муассаса директори Ғолибжон Жумақулов. – Қувонарлиси, уларнинг сафи йилдан йилга ортиб бормоқда. Таълим масканимизда ўқитувчиларнинг салоҳияти, ўқитиш методикаси, ҳатто, уларнинг ўқувчилар билан якка тартибда ишлашига алоҳида эътибор қаратилади. Бу эса ўқувчининг билим олиш даражасига ижобий таъсир этмай қолмайди.

Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Тўхтамурод Жумаев ташаббуси билан бунёд бўлган мазкур илм даргоҳи аниқ фанлар (математика, инглиз тили, она тили ва адабиёт), (физика, математика, она тили ва адабиёт), табиий фанлар (кимё, биология, она тили ва адабиёт), ижтимоий-гуманитар фанлар (тарих, она тили ва адабиёт, инглиз тили) каби 4 йўналишга ихтисослашган. Ҳар йили фанлар бўйича ўтказиладиган республика ва халқаро миқёсдаги олимпиадаларда лицей ўқувчилари мунтазам равишда нуфузли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда. Улар орасида Қозоғистон, Голландия, Россия, Германия, Испания, Вьетнам, Словения, Греция, Япония, АҚШ, Индонезия, Жанубий Корея, Руминия каби бир қанча мамлакатларда ўтказилган халқаро олимпиада совриндорларини учратиш мумкин. Эътиборлиси, мазкур даргоҳни битирган ёшлар нафақат мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида, балки АҚШ, Япония, Италия, Франция, Голландия, Малайзия каби хорижнинг нуфузли таълим даргоҳларида ҳам билим олиб қайтишмоқда.

Яна ўқинг:  Билки кичикликда эрур парвариш

– Таълим масканимизда ўқувчиларнинг билим олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган, – дейди математика фани ўқитувчиси Жаҳонгир Жумаев. – Шу сабаб бўлса керак, лицейда ўқиётган болаларнинг ота-оналари доимо фарзандлари билан фахрланишади. Ўз навбатида, уларнинг ишончи биз ўқитувчиларга катта масъулият юклайди.

– Лицейнинг 2-босқич ўқувчисиман, – дейди Тожихон Шарипова. – Таълим масканимиздаги устозларимиз ҳар бир дарсни замонавий ва илғор педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда ўтадилар. Келажакда ҳуқуқшунос бўлишни ният қилганман. Биз ўқувчилар ҳазрат Навоийнинг “Билмаганин сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим” деган нақлига қатъий амал қиламиз. Бу эса олдимизга қўйган улуғ мақсадларимиз томон олға интилишга ундайди.

Ишонамизки, ўз устида тинимсиз изланаётган, илмга чанқоқ бу ёшлар келажакда она Ватанимиз тараққиёти, унинг фаровон келажаги учун ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшадилар.

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: