Иштиёқ, интилиш, самара

меҳнатимга рағбат, ҳаётимга завқ бағишлайди, – дейди Асака тиббиёт коллежи ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Наргизахон Қодирова

Яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро сингари, менинг ҳам бутун вужудимни ҳаётимизу тақдиримизни ўзгартириб юборган мустақиллик ва унинг шукуҳи, беқиёс ўзгаришлардан кун сайин гуллаб-яшнаётган Ватанимиз жамолидан завқланиш, фахрланиш ҳисси чулғаб олган.

Бир томондан мамлакатимизнинг катта тўйини қандай ютуқлар билан қарши оламиз, деган саволга жавоб излаб, босиб ўтган йўлимизга назар ташлаб, қилган амалларимизни сарҳисоб қиламиз. Ҳар бир жамоа, ишчи, тадбиркор, фермер, зиёли, қанчадан-қанча ёшлар фикр ўйида ана шу эзгу истак ўз мужассамини топган.

Мустақиллик кўпчилик инсонлар сингари менинг ҳам ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди, десам муболаға бўлмайди. Мен зиёлилар оиласида таваллуд топганман. Отам ҳам, онам ҳам узоқ йиллар таълим соҳасида самарали меҳнат қилиб, ёш авлод камолотига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Оилада 5 та фарзанд бўлсак, шуларнинг тўнғичиман. Тақдирни қарангки, Ўзбекис­тон қайтадан дунёга келган тарихий йилда, яъни 1991 йилда Андижон вилояти Асака туманидаги 3-сон умумтаълим мактабини тамомладим. Шундан сўнг ҳаётимда бутунлай янги давр бошланди. Тақдирим шу юрт тақдири билан боғланди. Қувончлиси, Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кирдим. 1994-2001 йиллар мобайнида шу даргоҳнинг даволаш факультети болалар шифокори йўналиши бўйича таҳсил олдим.

Фарзандларнинг баркамол инсон бўлиб камолга етишида оиладаги соғлом муҳит, тарбиянинг тўғри йўлга қўйилганлиги, айниқса, ота-онанинг жонкуярлиги, олисни ўйлаб иш тутиши муҳим аҳамиятга эга эканлигини ўз оилам мисолида кўрдим. Онам келажакда врач бўлиб, эл дардига дармон бўлишимни истади. Болалигимдан шу касбга муҳаббат уйғотиб тарбиялади. Дадам эса «Одам ва унинг саломатлиги», «Биология» фанларини чуқур билганлиги боис, шу фанларга қизиқишим ортди. Ўрганганларим институтга киришда ва ўқиш жараёнида асқотди. Врачлик касбини эгаллаган эканман, бунда мактабдаги ўқитувчиларим қатори ота-онамдан ҳам ҳар қанча миннатдор бўлсам арзийди.

Ҳозирги кунда Асака тиббиёт коллежида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари сифатида фаолият юритиб келмоқдаман. Коллежимиз катта даргоҳ. Бу ерда 1443 нафар бўлғуси ўрта тиббиёт ходимлари таълим олади. Бу йил улардан 626 нафари коллежни муваффақиятли тамомлаган бўлса, 56 нафар талаба билим юртини имтиёзли диплом билан битирдилар. 106 нафар ўқитувчи ва тарбиячилар шогирдларимиз яхши ва тўлақонли билим олишлари йўлида бор куч ва билимларини ишга солишмоқда.

Яна ўқинг:  АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ САҚЛАШДА ЯҚИН КЎМАКЧИ

Инглиз тили фани ўқитувчиси, «Шуҳрат» медали соҳибаси Нигорахон Қўшақова, Улуғбек Исмонов, терапевт Замирахон Содиқова сингари тажрибали педагогларимиз фаолияти ҳаммамиз учун ибрат мактабига айланган.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини рўёбга чиқаришда фан ютуқларидан, янги педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда ўқув амалиёт машғулотларини ташкил этяпмиз ва кутилган натижаларга эришмоқдамиз.

Ҳозирда талабаларга «Юқумли касалликлар ва уларнинг олдини оилш» фанидан сабоқ беряп­ман. Мен учун ҳар бир дарс шогирдларим ҳузуридаги бамисоли имтиҳондай гап. Янгиликка, жўяли фикрга асосланган, таъсирчан воситаларга таянилган маш­ғулотгина улар ёдида қолади. Шуларни ўйлаб ўқийман, ўрганаман. Соҳага доир даврий матбуотдаги чиқишларни доимо кузатиб бораман. Тиббиёт соҳасида кўпгина янгиликлар яратган профессорлар Юсуфжон Маматов ва Исмоилжон Мирзаевлар тажрибасини ўз ишимда қўллайман.

«Катталарда юқумли касалликлар ва ҳамширалик парвариши», «Ўта хавфли карантин гуруҳида инфекциялар» сингари ўқув услубий қўлланмаларимдан ўқувчиларим фойдаланаётганидан мамнунман.

Қизиқиш, иштиёқ бўлса, оғир туюлган ишингиз ҳам осон кечади, назаримда. Ҳозирда бошлан­ғич хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ҳам фаолият юритяпман. Талабаларимизнинг асосий қисми қизлар, қиз бола эса оиланинг, Ватаннинг ор-номуси. Биз гулга менгзаладиган қизларни асраб-авайлаш, ғубор қўндирмай камолга етказиш ҳамда яхши мутахассис кадр этиб тайёрлашга алоҳида эътибор қаратганмиз.

Шу мақсадда қизлар гигиенаси, кийиниш маданияти, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирларни кўпроқ ўтказишга, улар онгига миллий урф-одатларни сингдиришга ҳаракат қиляпмиз. «Қиз бола одоби билан», «Қиз болага етти насиҳат», «Қизлик уй – саришта уй» каби мавзулардаги давра суҳбатлари ана шулар жумласидандир. Республика миқёсида ўтказилган «Энг намунавий хотин-қизлар бошланғич ташкилоти» танловида иштирок этиб, кўрик-танловнинг «Энг намунавий касб-ҳунар коллежи, академик лицей хотин-қизлар бошланғич ташкилоти» номинацияси бўйича ғолиб бўлганимиз камтарин меҳнатимизга қаратилаётган юксак эътибор намунасидир.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: