Интилишга эш имкониятлар

Ўзбек қизини бежиз хонадон фариштасига менгзашмайди. Зотан чеҳрасида ибо, ҳаё, меҳр балқиб турган қиз уйини обод қилиб, уни файзга тўлдиради.

Сўз бугунги ўзбек қизи ҳақида кетар экан, уни тадбиркор, ташаббускор каби сифатлар билан эътироф этмаслик мумкин эмас. Илм-фан дейсизми, спорт соҳасидами, борингки, жамиятимизнинг қайси жабҳасини олманг аёлларимизнинг, айниқса, қизларимизнинг қўлга киритаётган ютуқлари салмоқли ва таҳсинга сазовордир.

Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи Зилола Ботирова ҳам ташаббускорлиги, илдамлиги туфайли бугунги кунда ўз тадбиркорлигини йўлга қўя олган тиришқоқ қизлардан биридир. Ёш бўлишига қарамай, Зилола айни дамда туманда ўзининг шахсий гўзаллик салонини юритмоқда.

Инсоннинг мақсад сари етишишида орзулар пиллапоя вазифасини ўтайди. Мактабда ўқиб юрган кезларида қизлар сочини турмаклашга қизиққан Зилолада бора-бора келажакда стилист бўлиш орзуси туғилади. Кейинчалик устози – тажрибали стилист Ҳилола опадан касб сирларини ўрганиб, ўз малакасини ошириб борди.

– Фақат орзулар билангина мақсадга эришиб бўлмайди, – дейди Зилола ўз фаолияти билан ўртоқлашар экан. – Кишидаги интилиш, қатъият билан биргаликда унга далда, кўмак лозим. Юртимизда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар ана шундай орзуларга қўш қанот бўлмоқда.

Ҳақиқатан ҳам давлатимиз томонидан ёшларга яратилган кенг имкониятлар замирида уларга бўлган ишонч ва ғамхўрлик мужассамдир.

2013 йилда Зангиота маиший хизмат ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Зилола ҳам яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўзини тадбиркорлик йўналишида синашга аҳд қилди. Фаолияти бўйича бизнес режасини тузиб, уни Зангиота туман комиссиясига тақдим этди. Пухта ва аниқ ишланган режа комиссия томонидан ижобий баҳоланди. Сўнг орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Зилола Халқ банкидан 5 миллион сўм миқдорида кредит олишга муваффақ бўлди. Берилган кредит эвазига эса фаолияти учун керакли жиҳозларни харид қилиб, барча қулайликларга эга замонавий, шинам гўзаллик салонини ташкил қилди. Аҳамиятлиси, бунинг ортида уч нафар қиз доимий иш билан таъминланди.

Зилоланинг фаолиятини кузатиб улкан орзуси уни шу муваффақиятга етаклади дейишингиз мумкин. Аммо ёш тадбиркор қиз бунга бошқача баҳо берди:

– Муваффақиятим калити – ўз қизиқишларимни давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар орқали юзага чиқара олганимда. Зеро, бунинг учун биз ёшларга барча шарт-шароитлар муҳайё.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2014/22-23)

Чиндан ҳам, бугунги кун мисолида оладиган бўлсак имкониятлар интилишга эшдир. Ёшларимизга яратилаётган қулай шарт-шароитлар замирида ҳам келажагимизни обод этиш мақсади мужассам.

Дилафрўз ЭШОНХОНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: