Интилганга имкон бисёр

Асатулло ака Зоиров замонамизнинг илғор тадбиркорларидан. У раҳбарлик қилаётган “МДФ фармешин” корхонаси юқори сифатли қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш орқали харидорлар ишончини қозонган. Йиллар мобайнида тўпланган тажриба натижасида тадбиркор катта ютуқларга эришмоқда.

Қурилиш соҳасини чуқур ўрганган Асатулло ака 2008 йилдан цемент савдоси билан шуғуллана бошлади. Кейинчалик кичик корхона ташкил қилиб, бетон ғиштлар ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Қувонарлиси, ишлаб чиқариш кўлами йил сайин ортиб борди. Бугунга келиб, корхонада тайёрланаётган маҳаллий хомашё Қозоғистон ва бошқа қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Бу муваффақиятларга эришишда корхонада меҳнат қилаётган 1500 нафар ишчи-ходимнинг ҳиссаси катта.

Тадбиркор бир томонлама фаолият билан чегараланиб қолмай, замонавий уй-жойлар қуриш соҳасида ҳам фаолиятини йўлга қўйди. Бугун Асатулло ака бошчилигидаги қурувчилар томонидан пухта режа асосида бунёд этилаётган мустаҳкам ва замонавий уйлар халқимизга манзур бўлмоқда. Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги Нурафшон кўчасида қад ростлаган кўп қаватли муҳташам уйлар сўзимиз исботидир. Ҳозирда 144 та хонадон эгалари мазкур турар жой биносида истиқомат қилмоқда. Улар шинам, ҳар томонлама қулай ва кўркам уйларни қуриб берган қурувчиларга ўз миннатдорликларини билдирмоқда.

Шунингдек, корхона қурувчилари Сергели туманининг 5-даҳасидаги етти қаватли, 665 та хонадондан иборат 17 та уйнинг калитларини ўз эгаларига топширди.

Айни пайтда юртимиз бўйлаб Мустақиллигимизнинг 27 йиллигини нишонлашга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Тўйга тўёна билан деганларидек, корхона қурувчилари 840 та хонадондан иборат 27 қаватли уйларни байрам арафасида ўз эгаларига топшириш учун астойдил меҳнат қилмоқда. Қурилишнинг тез ва сифатли бажарилишида бош муҳандис Неъматулло Артиқов, директор ўринбосари Илҳом Исломов, иш бошқарувчи Абдулла Салимбеков, қурувчилар – Қаҳрамон Муродов, Абдужалил Ҳасановларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

Асатулло аканинг орзулари бисёр. Хивадан моҳир ганчкорлар, Самарқанддан донғи кетган усталар, Қўқон, Шаҳрисабз ва Бухородан моҳир қурувчи мутахассисларни бир жойга жамлаб, халқаро қурилиш компаниясини ташкил этишни мақсад қилган. Қолаверса, хорижий давлатларда ҳам миллий анъаналаримиз акс этган нақшинкор уйлар қуришни режа қилган тадбиркор ҳозирданоқ инвесторлар билан мулоқотни бошлаб юборган.

 

– Ҳозирда халқаро лойиҳалар устида иш олиб бораяпмиз, – дейди корхона раҳбари Асатулло Зоиров. – Насиб бўлса, яқин келажакда дунёнинг кўплаб мамлакатларида замонавий уй-жойлар бунёд этиб, юртимизга валюта олиб киришни, шу орқали она Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз.

 

Яна ўқинг:  Эътибор ва имконият маҳсули

Асатулло аканинг тадбиркорлик соҳасидаги эзгу ишларига улкан муваффақиятлар тилаймиз.

 

Ойгул РАЗЗОҚОВА,

журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: