Илм мангу шуъладир

Инсон ҳаёти давомида қилинган эзгу амаллар билан қадр топади. Бунда умр қанчалик қисқа-ю узунлиги билан эмас, самарали ишлар ва яхши фазилатлардан мазмун касб этади, тарихга мангу муҳрланади. Бундай инсонлар бугун орамизда бўлмасада яқинлари, сафдошлари, замондошлари, шогирдлари хотирасида абадий яшайди.

Биз қуйида сўз юритмоқчи бўлган ана шундай сиймолардан бири мамлакатимиз тиббиёти тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган етук олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Ёлқин Тўрақуловдир.

1916 йилнинг 10 ноябрида ўқитувчи оиласида таваллуд топган Ёлқин Холматович бугун ҳаёт бўлганида қутлуғ 101 ёшни қаршилар эди. Аввалига Тошкент, сўнгра Наманган шаҳридаги мактаб интернатда тарбия олган ноёб истеъдод соҳиби 15 ёшида тиббиёт олийгоҳи талабасига айланди. Унинг сермазмун иш фаолияти ҳали талабалик даврида “Ўзбекистон” давлат нашриётининг тиббиёт бўлими мудири лавозими билан бошланди. Шундан сўнг, у институтнинг биокимё кафедраси ассистенти, Тошкент фармацевтика институти директори, аспирантура, номзодлик диссертацияси (1941 йил), докторлик иши каби юмушлар билан касб “ўчоғида” анча тобланди. Бу орада шафқатсиз урушни кўриш ва унинг совуқ нафасини ҳис этишга ҳам улгурди. Натижада, 31 ёшида Ўзбекистон раҳбарияти қарори билан ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси ректори лавозимига тайинланади.

Билдирилган ишонч масъулиятини англаган олимга 39 ёшида яна муҳим бир вазифа топширилди. Энди у педагогик жараённинг моҳир ташкилотчиси сифатида Андижон давлат тиббиёт институтини ташкил қилишга киришади. Тинимсиз изланиш ва машаққатли меҳнат унга кўплаб муваффақиятлар йўлини очиб берди. Муваффақиятлар уни, аввало, Ядро физикаси институти таркибида радиацион биофизика ва биокимёвий бўлимини очишга ундаган бўлса, кейинчалик Ўлка тиббиёт институти фаолиятини йўлга қўйиш, ўлка патологиясини ўрганиш мақсадида қатор лабораториялар барпо этиш ҳамда буюк мутафаккир Абу Али ибн Синонинг илмий меросини ўрганишни ўз олдига асосий вазифа этиб қўйди. Табиийки, бу интилишлар унинг илмий изланишлари борасидаги ишларига тўсқинлик қилолмади. 43 ёшида докторлик диссертациясини ҳимоялади. Икки йил ўтиб, ЎзФА мухбир аъзоси ҳамда Республика ФА Президумининг бош илмий котиби, ундан сўнг мухбир аъзоси бўлсада ЎзР ФА вице-президенти этиб сайланади. Бир вақтнинг ўзида 9 та институтни бирлаштирган кимё-технология ва биология фанлари бўлими раиси сифатида фаолият юритди. Натижалар ҳам у билан қадам-бақадам одимларди, 50 ёшида ЎзР ФА ҳақиқий аъзоси бўлди. Олимнинг маслаҳати ва раҳбарлигида 35 та докторлик ва 80 дан ортиқ номзодлик диссертациялари ёқланган. Шогирдлари бугун ўз илмий мактабларини яратган профессорлар ҳисобланади. Ана шундай меҳнаткаш, масъулиятни ҳис этувчи, энг асосийси, илм-фан тараққиётига умрини бағишлаган ушбу фидойи инсонни бугун шогирдлари ҳам илиқ хотиралар билан ёдга олади.

Яна ўқинг:  “Qumtaka” o‘yini

Эришилган натижалар салмоқли, бажарилган ишлар кўзга кўринарли бўлсада, Ёлқин Тўрақуловни бу қониқтирмасди. Олим кейинги фаолияти давомида 1972 йилдан ЎзР ФА Президиумининг Биология фанлари бўлимини, кейинчалик янги ташкил этилган тиббиёт фанлари бўлимини бошқаради. Сўнгги 20 йилда (1976–1996) Ўлка тиббиёт институти ўрнида ташкил топган Эндокринология илмий-текшириш институтига раҳбарлик қилди. Бу даврда устоз олим эндокринология соҳасининг истиқболдаги равнақи учун кенг имкониятлар яратиб берди. Серқирра олимнинг илмий изланишлари замонавий тиббий биологиянинг долзарб йўналишлари, тиббий эндокринология, биокимё, биофизика, молекуляр биология ва радиобиологиянинг туташ жойида олиб борилган. Бу фаолиятлар эса бесамар кетгани йўқ албатта. Ёрқин Холматович ҳаёти мобайнида бир қанча давлат мукофотларига сазовор бўлди. Қолаверса, соҳа ривожига қўшган ҳиссаси ва кўрсатган фидокорона меҳнатлари инобатга олиниб, давлатимиз томонидан Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказига Ёлқин Тўрақулов номи берилди.

Ҳа, умр инсониятга берилган бебаҳо неъмат. Уни қандай сарфлаш эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Қаҳрамонимизнинг босиб ўтган умр йўли, касбий фаолияти, илм-фан равнақи йўлидаги фидойилиги билан яқиндан танишар эканмиз, бебаҳо умрни қадрлаш, унинг ҳар онидан унумли фойдаланишнинг сирларини кашф этгандек бўламиз. Зеро, доно халқимиз бежиз айтмаганки, зар қадрини билгангина заргар ҳисобланади.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: