Илгирлик – фирибгарлик… ми?

0
19
марта кўрилган.

Бугун ҳаётимизни ижтимоий тармоқларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Унда ҳар сонияда янгиликлар янгиланиб боради. Одамлар бу ерда ўзи учун керакли бўлган маълумотларни бир зумда топиш имконига эга.

Аксарият ҳолларда тармоқ фойдаланувчилари томонидан ёзиб қолдирилган изоҳлар турли тортишувларга сабаб бўлади. Мисол учун яқинда “Facebook” ижтимоий тармоғи орқарли бир аёлнинг илгир ҳақидаги мурожаати турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Эътиборлиси, ушбу матнга ёзилган изоҳлар сони 300 дан ортди. Табиийки, барча мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Кимдир “Илгирлик йўқ нарса, кўзбўямачилик холос” деса, яна бошқа биров “Мен илгирдан шифо топганман” дея бошдан кечирганларини ёзиб қолдирди. Хуллас, масала ўз ечимини топмади. Шундан сўнг ушбу мавзуга батафсилроқ ёндошиб, одамларга бу бўйича зарур маълумотлар етказишни мақсад қилдим.

Илгир – форсча сўз бўлиб, “тозалаш” деган маънони англатади. бу иш билан шуғулланадиган шахслар одамнинг томоғида тиқилиб қолган мева уруғлари, қилтаноқ ва айниқса, сеҳр-жоду орқали пайдо бўлган тугунчаларни турли усуллар билан олиб ташлашини таъкидлайди.

Бир танишимнинг айтишича, 2 ёшли ўғлининг ҳарорати кўтарилиб, иштаҳаси йўқолган. Шифокорларга югурган, аммо даво йўқ. Кун сайин боланинг аҳволи оғирлашади. Афсуски, тиббиётнинг ҳеч бир малҳами нажот бермайди. Сўнг кимдир ота-онага боласини илгирга олиб боришни маслаҳат беради. Танишим шифо истаб, илгирга борганида ўрта ёшли аёл боланинг томоғидан олма уруғини олади. Қарангки, эртаси кунига боланинг аҳволи яхшиланиб, овқат ейишни бошлайди. Бир ҳафта ўтгач эса кичкинтой бутунлай соғайибди.

Яна бир дугонам узоқ йиллардан буён фарзандсиз эди. Эр-хотин шифокорларга мурожаат қилганида иккисининг ҳам соғлом эканлигини айтишган. Тушкунликка тушиб қолган дугонамга қўшниси илгирга боришни тавсия қилади. Аёл сўнги чора сифатида эри билан унга боради. Ўзини табиб деб таништирган одам аёлда жоду борлигини айтади. Кимдир уларга ҳасад қилиб, сеҳр қилган экан. Аёлнинг томоғидан тугунча олиб, уларга кўрсатибди. Айтишича тугун ичида соч ва тирноқ бор экан. Шу воқеадан кейин орадан 3 йил ўтди. Дугонам ҳали – ҳамон фарзанд кутмоқда.

Ҳар иккала воқеа илгирлик мавзусида бир тўхтамга келишнинг имкони йўқлигини кўрсатади. Шу боис, бу амалиёт бўйича мутахассис фикри билан қизиқдик.

Яна ўқинг:  Буғдой сўзинг бўлсин

 

Илгирлик табобат, аммо…

Меҳринисо ҲАМРОЕВА,

Ўзбекистон халқ табобати академияси раҳбари:

Азалдан табобатда илгирлик тушунчаси мавжуд. Бунда илгирлар беморнинг томоғи, аниқроғи, қизилўнгачнинг ёнидан ҳазм бўлмаган нарсаларни чиқариб ташлайди. Бугунги кунда афсуски, бу илм эгалари деярли йўқ. Кўзбўямачилик авж олган. Кўпчилик пул топиш илинжида ўзидан “табиб” ясаб олмоқда. Шу боис, одамлар бундай фирибгарлар тузоғига тушиб қолмасин.

“Сизга иссиқ-совуқ қилишибди, мана тугун чиқди, соч толаси, тирноқ чиқди” деб чўнтак тўлдираётганлар кўзбўямачи, холос.

 

Дуо – ҳар дардга шифо

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманидаги Шайх Зайниддин жомъе масжиди имом-хатиби:

– Ислом динида илгирлик деган нарса йўқ. Тўғри, кўз тегиши бор. Яна сеҳр таъсир қилиши мумкин. Сеҳр, ҳасад, кўз тегиши ва турли васвасаларга қарши ҳар куни “Бақара”, “Ихлос”, “Фалақ” ва “Нос” сураси ўқилади ёки эшитилади. Кейин сувга дам солиб ичса ҳам бўлади. Қолаверса, кўп-кўп истиғфор айтиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллаш, Аллоҳга дуо қилиш билан муаммолардан қутулиш, қалб хотиржамлигига эришиш имкони бор.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кимда-ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ ўша (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвиш ва тангликдан чиқиш йўлини (пайдо) қилади, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради” (Абу Довуд, Аҳмад, Табароний ва Ҳоким ривоят қилган).

 

Одамлар орасида

 

Мазкур мавзу юзасидан одамлар орасида сўровнома ўтказдик. Унда қатнашганларнинг 70 фоизи илгирга ишонишини таъкидлади. 30 фоиз қатнашчи эса бундай одамларга мутлақо ишонмаслигини айтди.

 

Гулнора ЭРГАШЕВА,

МТМ тарбиячиси:

– Илгирга олдиндан катталаримиз ишонишган. Қизимнинг тана ҳарорати кўтарилганда илгирга олиб борганман. У фарзандимнинг томоғидан олма уруғини олиб берган. Шундан у яхши бўлиб кетди.

 

Шаҳонза РУСТАМОВА,

уй бекаси:

Тўғрисини айтсам, қўшним илгирлик қилади. Уйига одамлар келади. Аммо, ўзимнинг ишим тушмаган. Шунинг учун, бунга ишонмайман.

 

Малика ИНАГАМОВА,

шифокор:

Боланинг томоғида турли нарсаларнинг туриб қолиши бор нарса. Лекин сеҳр-жоду қилинибди, деган гап мутлақо асоссиз.

 

Мана, айрим юртдошларимизнинг фикрларини ўқидингиз. Хулоса чиқариш эса ўзингизга ҳавола, азизлар.

 

Яна ўқинг:  Парҳезбоп қўзиқорин – таомнома кўрки

Дилдора ФАЙЗИЕВА

“Sog‘lom avlod” мухбири

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.