Ижтимоий тармоқдаги томоша ёхуд қиз боланинг қадрини тўкиш ким(нима)га керак бўлди?

Тараққиёт яхши, аммо унинг имкониятларидан тўғри ва оқилона фойдаланмаслик жамиятда турли муаммоларни келтириб чиқаради. Айниқса, инсонларнинг бир-бирига зарар етказиши ва ўйламасдан қилган ишлари кўплаб нохуш ҳолатларга сабаб бўлади.

Ана шундай салбий оқибатларга олиб келган воқеалардан бири Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги “Дўстлик” маҳалласида содир бўлди. Унинг бош сабабчиси эса шу ҳудудда истиқомат қилувчи Садоқат Ҳамидова (исм-фамилиялар ўзгартирилган).

1991 йилда таваллуд топган, ҳали турмушга ҳам чиқмаган Садоқат мактабда котиба бўлиб ишларди. Аммо уяли телефон сотиб олди-ю ҳаёти бутунлай ўзгарди. Аввалига иккита рақамдан, сўнг, отасининг телефонидан ижтимоий тармоққа уланди. С. Ҳамидова учун виртуал оламдаги “дўст”лар билан суҳбатлашиш тобора ҳаёт мазмунига айланиб борар, эрта-ю кеч телефон титкилаб кун ўтказарди.

Кунларнинг бирида кимдир уни телеграм тармоғидаги “Qiziriq сity” номли гуруҳга аъзо қилиб қўяди ва ҳаммаси ана шундан кейин бошланади. Бу гуруҳда кўплаб нотўғри ва текширилмаган маълумотлар, янгиликлар ва ёзишмалар айланарди. Бундай суҳбатлар Садоқатнинг эътиборини тортади, ўзи ҳам ана шундай маълумотларни гуруҳдошларига улашгиси келади…

Шундай кунларнинг бирида у опасиникига меҳмонга боради. Опаси куймаланиб, овқатга уринади ва қайнисинглисини унинг ёнида қолдириб, ўзи эса ошхонага чиқиб кетади. Қизлар турли мавзуларда қизғин суҳбат қуриб ўтиришган пайт Садоқатнинг телефони жиринглайди. У қўнғироқ қилган одам билан гаплашиш мақсадида нари кетади. Ўзи ёлғиз қолган Мафтуна эса зерикканидан телефонидаги дугоналари билан тушган суратларини томоша қилиб ўтиради. Суҳбатини тезда якунлаган Садоқат Мафтунанинг ёнига келиб, қизларнинг суратига кўзи тушади ва хаёлига келган фикрдан хурсанд бўлиб, уни амалга ошириш учун хомаки режа тузади.

Дастлаб телефонидаги янги дастурларни Мафтунага кўрсатиб, мақтанади. Табиийки, у бу дастурларни телефонига ўтказиб беришини илтимос қилади. Садоқат эса қулай фурсатдан фойдаланиб, ўз телефонига Зебинисо Ҳакимжонова, Азизахон Холпўлатова, Мухлиса Ҳакимжонова ҳамда Мафтунанинг расмларини ўтказиб олади (уларнинг барчаси бир маҳаллада истиқомат қилишади).

Садоқат уйига қайтгач, режасининг асосий қисмини амалга оширади. Ўтказиб олган суратлар остига турли хил бўҳтон, ҳақоратли сўзларни ёзиб, “Qiziriq сity” гуруҳига ташлайди. Бундан кўнгли тўлмай, қизларни ОИТСга чалинган, дея туҳмат сўзлар билан турли гуруҳларга расмларини тарқатади. Расмларга гуруҳ аъзолари томонидан жуда кўп мулоҳазали фикрлар билдирилади ва бу орқали Садоқат виртуал “дугоналари” билан алоқани мустаҳкамлаб олади. Аммо қилаётган ишлари нақадар қабиҳ эканлигини ҳали ўзи ҳам тўлиқ англаб етмаган эди.

Яна ўқинг:  Яқинларинг бахту камоли – бу сенинг ҳам ҳаловатингдир

Кунларнинг бирида Мафтунага синфдоши П. Йўлдошев қўнғироқ қилиб, унинг расмлари ва телефон рақами турли хил беҳаё сўзлар билан “Qiziriq сity” гуруҳида тарқатилаётганини айтади. Мафтуна минг ҳадикда синфдошининг ёнига бориб, суратларни кўздан кечиради. Қарасаки, у ерда ёлғиз ўзи эмас, балки Зебинисо, Азизахон ва Мухлисаларнинг ҳам суратларини кўриб, ҳайратдан донг қотади. У айбдорни излашга тушади. Бу ишни ким қилганлиги эса тезда аниқ бўлади. Аммо Садоқат айбини тан олмагач, жабрланувчилар Қизириқ туман ИИБга ариза билан мурожаат қилишади. Шундан сўнггина Садоқат қизларда ҳеч қандай ғарази йўқлигини, фақат уларнинг ота-оналари билан шахсий адовати борлиги учун шундай ёмон ишга қўл урганини тан олади.

Судда жабрдийда қизлар ҳеч қачон беҳаё ишлар билан шуғулланмаганлиги, ОИТСга ҳам чалинмаганини, бу ҳақдаги тиббий таҳлилларни ва тўпланган барча ишончли манбаларни судга тақдим этишади ва С. Ҳамидовани қонунда белгиланган тартибда жазога тортилишини сўрайди.

Судланувчига нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, қиз бола эканлиги ва ёшлиги ҳисобга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми билан иш ҳақининг 20 фоизи давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан икки йил ахлоқ тузатиш ишлари ва ЖКнинг 140-моддаси 2-қисми билан иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ҳа, “Қилмиш қидирмиш” деганларидек, ҳисобли дунёда қилинган ҳар қандай ножўя ишнинг кун келиб миси чиқиши аниқ. Буни биргина Садоқат Ҳамидова мисолида ҳам гувоҳи бўлдик. Минг афсуски, бугун ёшларимиз орасида бу каби воқеаларнинг сони ортиб бормоқда. Интернет тармоғидан нотўғри мақсадда фойдаланиб, кимнингдир шаъни, қадр-қимматини топтаётганлар жамиятда носоғлом муҳитни шаклланишига замин яратмоқда. Бундай инсонлар учун Садоқат Ҳамидованинг қилмишлари сабоқ бўлса, ажабмас.

 

Бахтиёр МАМАДАМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси,

Дилфуза АШУРБОЙ қизи,

ЎзМУ талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: