“Ижтимоий дипломатия” бизга нима беради?

Одамларнинг амалдаги қонунларни яхши билмаслиги ҳақида гап кетганда кўпинча давра суҳбати, илмий-амалий анжуман, мулоқот ёки оммавий ахборот воситаларида чиқишлар кўринишидаги анъанавий тарғибот-тушунтириш тадбирлари сонини янада ошириш зарурлиги таъкидланади. Лекин аҳоли ахборотга бўлган эҳтиёжини аллақачон интернет, хусусан, ижтимоий тармоқлар воситасида қондираётгани кундек равшан бўлиб турган бир пайтда ахборот сиёсатига бу каби эскича ёндашув ўзимизни алдаш эмасми?!

Бугунги одамлар, айниқса, тадбиркорлар ва ёшларнинг ҳаракатчанлиги, ғайратини кўриб, ҳайратинг ошади. Улар реал ҳаётда ишни, ўқиш-изланишни, ишбилармонликни, янгиликлар яратишни қойиллатгани етмагандек “Фейсбук”, “Телеграм”, “Инстаграм”, “Твиттер” сингари виртуал ижтимоий тармоқларда ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида хабар беришга, теварак-атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга тезкорлик билан муносабат билдиришга ҳам улгурмоқда. Муҳокама мавзулари турфа – фарзандининг тиши тушганидан тортиб, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг одамлар ҳаётига таъсиригача…

Қонунларга келсак, хўш уни ким яратади? Ким ишлаб чиқади? Табиийки, халқнинг давлатдаги ишончли вакиллари – парламентарийлар (бунда тегишли давлат идоралари мутахассислари ҳамда экспертлар иштирокини истисно этмаймиз). Президентимиз томонидан шахсий жавобгарлик ва масъулият бугунги куннинг долзарб вазифаси сифатида белгиланган экан, қонунларни халққа оддий, жайдари тилда тушунтириб бериш депутатларимизнинг бевосита иши эмасми?! Бу билан мавжуд вазият талабга жавоб бермайди, деган популистик қарашдан мутлақо йироқ бўлганимиз ҳолда ёндашувларни тубдан ўзгартириш фурсати етганини қайд этмоқчимиз, холос.

Битта статистика: Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун шу кунгача 500 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилинган. Демак, кунига ўртача иккита-учтадан ҳужжат эълон қилинмоқдаки, бу ўз-ўзидан амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни, энг асосийси, жамоатчиликни хабардор этиш тизимига янги механизмларни татбиқ этишни тақозо этади.

Лекин бугун мамлакатимизнинг ярим аҳолиси ижтимоий тармоқларда “ўтирганига” қарамасдан сиёсатчиларимизни бу ерда кам учратамиз. Бунга виртуал оламнинг мазкур шакли айримлар томонидан “оммавий маданият”нинг маҳсули, кўнгилочар воситадан бошқа нарса эмаслиги бот-бот такрорланиб келиши сабабдир, эҳтимол. Дунё амалиёти бунинг аксини кўрсатмоқда. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Депутат халқ ноиби экан ҳар қандай қулай вазиятда сайловчилар билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммо ва ташвишлари билан қизиқиши, керак бўлса, уларни ҳал этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни парламент кун тартибига олиб чиқиши керак эмасми?! Ёки парламентда муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари бўйича, амалдаги қонунларнинг жойларда қанчалик ижро этилаётгани бўйича электоратнинг фикрини ўрганишда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш қўл келишини англаб етмаганми?! Нега энди биз дунёни англашнинг энг тезкор, қулай, ихчам, ҳаммабоп воситасига айланган ижтимоий тармоқларда қонунлар, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни тарғиб қилмаслигимиз, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини очиб берадиган чиқишлар қилмаслигимиз керак?!

Яна ўқинг:  Ибратли ҳикоялар

Давлатимиз раҳбари томонидан депутат ва сенаторлар олдига ижтимоий тармоқлардан ўз саҳифасини очиш вазифасининг қўйилгани кенг жамоатчилик томонидан хайрихоҳлик билан кутиб олинди.

– Президентимиз маърузасида белгилаб берилган вазифалар мамлакатимиз тараққиётини таъминлашда янги давр бошланганини билдирмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ёрмамат Холиёров. – Мен Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида партия фаоллари ва аҳоли вакиллари билан учрашувларда давлатимиз раҳбари томонидан халқ турмуши фаровонлигини таъминлашдаги ушбу дадил қадамнинг аҳамияти ва ролини тушунган ҳолда масъуллигим ва жавобгарлигимни таъминлашда янада фаол бўлишим зарурлигини англаяпман.

– Ижтимоий тармоқларда сиёсатчиларнинг бўлиши бугунги куннинг талаби, – дейди “Твиттер”нинг фаол фойдаланувчиларидан бири, тошкентлик Амрулло Файзуллаев. – Улардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу – сиёсатчи ва сайловчи, давлат хизматчиси ва халқ ўртасида жонли мулоқотни ташкил этиш. Натижада улар халққа яқинлашади, қилаётган ишларини қуруқ расмий хабарлар орқали эмас, барчага тушунарли тилда баён қилади.

– Мен хорижлик кўплаб таниқли сиёсатчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатиб бораман, – дейди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси Амин Широв. – Давлатимиз раҳбари депутат ва сенаторлар олдига ҳам шундай вазифа қўйганини эшитиб, уларга бериладиган саволларни йиғиб қўйдим.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан миллий парламентарийларнинг замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан фаол фойдаланиши бўйича белгилаб берилган вазифалар мамлакатимизда фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Беҳзод Бозоров,

ЎзА

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: