Ифтихор ҳисси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан шу йил 12 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида кўрсатиб ўтилган вазифалар замирида мустақиллик халқимиз ҳаётида қанчалик буюк аҳамият касб этиши ёрқин намоён этилган. Унда таъкидланганидек, бу улуғ байрамнинг «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!» шиори остида ўтиши чуқур мазмун ва моҳиятга эга. Истиқлол йилларида халқимиз, миллатимиз чинакам қадр-қиммат топди, мустақиллик ишончли ва мустаҳкам таянчга, ифтихорга айланди. Буни жамиятимизнинг ҳар бир соҳасида кўриш мумкин.

Қарорда мустақиллик бахш этган неъматларнинг асл моҳиятини ёрқин мисолларда ифода этиш, эришилган улкан ютуқ ва зафарлар мазмунини тўлақонли очиб бериш, ўтказиладиган тадбирларда тарғибот-ташвиқот ишларининг юксак даражада бўлишига эътиборни қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Мустақиллик йилларида биргина таълим соҳасида олиб борилган туб ислоҳотлар, эришилган улкан муваффақиятлар ҳақида қанча гапирсак шунча оз. Бунда 1997 йилнинг 29 августида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва «Кадрлар тайёрлаш» миллий дастури муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Президентимиз истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ ёш авлоднинг баркамол вояга етиши ҳақида қайғуриб, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ғоясини илгари сурди. Дастлаб олий ўқув юртларига қабул жараёнига тест синовлари киритилди.

Олий таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Таълимда масофавий ўқитишнинг анъанавий усулларидан фойдаланиб, лаборатория машғулотлари, маърузалар, семинарлар олиб борилмоқда. Ўқув машғулотлар қаторида эвристик ва репродуктив муаммоли дарслар ўтиш кундалик эҳтиёжга айланяпти. Шунингдек, виртуал стендлар, видео ўқув ахборотлари, мультимедиа вариантлари ўқитишнинг асосий таянчлари саналади. Олий ўқув юртларининг барча факультетларида ўқитишнинг замонавий техник воситалари видеомагнитофон, кинопроектор, диапроектор, компьютер жамланмасидан фойдаланиб ўқув, амалий машғулотлари ўтилмоқда.

Институтимизда энг иқтидорли талабалар Навоий, Улуғбек, Беруний номидаги давлат стипендиялари билан тақдирланиб келинмоқда. Ўзбек филологияси факультети талабаси Лобархон Сувонова, тарих факультетидан Алишер Аҳадовлар Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлишди. Физика-математика факультетидан Лола Исроилова ҳамда магистратура бўлимидан Дилнавоз Камоловалар Улуғбек номидаги давлат стипендиясини олишга мушарраф бўлишди. Иқтидорли талабаларимиз орасидан Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари етишиб чиқди. Республика фан олимпиадаси ғолиблари олийгоҳимиз довруғини йил сайин оширмоқда.

Яна ўқинг:  Уй ҳайвонлари фарзандингизнинг жисмоний ва ақлий ривожланишига қандай таъсир этади?

Ҳар йили мамлакатимиз ва хал­қаро илмий журналларда олимларимизнинг кўплаб илмий мақолалари чоп этилмоқда. Халқ хўжалиги ва таълим тизимига етиштириб бераётган кадрларимиз сифати йил сайин яхшиланиб бораётганлигида мустақиллик йилларида институтимизнинг таълимнинг энг замонавий техник воситалари билан таъминланганлиги катта аҳамият касб этмоқда.

Навоий давлат педагогика инс­титути қошидаги иккита академик лицей ўтган йиллар мобайнида улкан ютуқларга эришди. Жумладан, ҳар йили ўтказиладиган анъанавий фан олимпиадаси вилоят бос­қичида 1-сонли Академик лицейдан ғолиб чиққан 13 нафар ўқувчи республика босқичида қатнашди. Республика босқичида 2 нафар ўқувчи она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларидан юқори натижаларга эришиб, олий ўқув юртларига тест синовисиз қабул қилиниши тўғрисидаги сертификатга эга бўлишди. Шу йилнинг март ойида табиий фанлар йўналиши 2-босқич талабаси Нигора Тўймуродова Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлганлиги ўқув юрти тарихидаги унутилмас воқеалардан бири бўлди. Май ойида эса 47-халқаро Менделеев­ олимпиадасида 2 нафар ўқувчи кимё фанидан 4-ўринни эгаллаб, олий ўқув юртига тест синовларисиз қабул қилинадиган бўлди. Айни пайтда институт академик лицей билан мустаҳкам алоқада. Бу ерда институт фан кафедраларининг филиаллари фаолият олиб бормоқда. Профессор-ўқитувчилар академик лицейнинг изланувчан педагогларининг илмий ишларига раҳбарлик қилишмоқда. Бунинг натижасида ўқув йили давомида ўн нафардан ортиқ академик лицей ўқитувчиларининг ўқув қўлланмалари, илмий-услубий ишланмалари институт илмий Кенгашида муҳокама этилиб, республика ва маҳаллий нашриётларда нашр этишга тавсия қилинди ва чоп этилди. Уларнинг бу муваффақиятларга эришишида жамоамиз профессор-ўқитувчиларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Мустақиллик туфайли фар­занд­ларимизга ўзимиз истагандек билим беришга, иқтидорли ёшларимизнинг нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсида довруғ таратишига муяссар бўлдик. Олти ёшли Исломбек Синдоровнинг Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтган Осиё биринчилигида учта йўналиш бўйича чемпион бўлганлиги, турли давлатлардан келган 275 нафар жажжи шахматчи болалар орасида тенгсиз саналганлиги қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини жўштирмайдими?! Ана шундай салоҳиятли болалар вилоятимизда жуда кўп. Уларнинг ўз иқтидорини тўла намоён эта олишлари учун чексиз имкониятлар мавжуд. Буларнинг бари мустақиллик туфайлидир. Зеро, мустақил Ўзбекистон дунё бўйлаб довруғ таратаверади.

Холбой ИБРАГИМОВ,

Навоий давлат педагогика институти ректори, профессор, сенатор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: