Ибратли умр йўли

Кейинги йилларда тиббиёт соҳасидаги туб ислоҳотлар сабаб юртимизнинг етакчи клиникаларида амалга оширилаётган ноёб ва мураккаб операция жараёнлари, шунингдек, сўнгги русумдаги замонавий тиббий ускуналардан самарали фойдаланаётган малакали мутахассисларимиз меҳнатини кўриб, таҳсин айтасан, киши.

Қолаверса, етук мутахассисларни тайёрлашдек эзгу ишга ўз билим ва маҳорати билан катта ҳисса қўшаётган профессор, ўқитувчи-педагоглар хизмати ҳам эътирофга муносиб.

Ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати билан ҳамкасблари ва эл назарига тушган, шу билан бирга 55 йиллик педагогик тажрибага эга бўлган Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг “Паталогик физиология, одам анатомияси ва гистология, цитология, эмбриология” кафедраси профессори Эркин Турсунов ана шундай фидойи устозлардан биридир.

Самимий инсон ўзининг хушмуомалалиги, бой тажрибаси ҳамда касбига бўлган садоқати билан Ўзбекистон тиббиёти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Тажрибали устоз изланишлари давомида 5 та муаллифлик гувоҳномаси, 400 дан ортиқ илмий ишлар, 18 та ўқув ва ўқув-услубий қўлланмалар, 7 та монография муаллифи, 5 та монографияга муаллифдош, 10 та шеърий ва бадиий китоблар чоп этишга муяссар бўлди. У ўзининг “Тиббиётимизнинг барҳаёт сиймолари” номли китобида 70 дан ортиқ тиббиёт жонкуярларининг умр ва фаолият йўлларига чизгилар берган.

– Устоз ёшларга хос шижоати, илмга бўлган ташналиги, ташаббускорлиги ва меҳрибонлиги каби фазилатлари билан ажралиб туради, – дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг илмий бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Шаҳноза Афзалова. – Фаолиятим давомида доимо уларга ўхшашга, касбимга сидқидилдан ёндашишга ҳаракат қиламан.

Айни пайтда Эркин Турсунов институтнинг “Патологик, физиология, одам анатомияси ва гистология, цитология, эмбриология” кафедраси профессори ҳамда Васийлик ва кузатув кенгаши раиси вазифаларида ишлаб, талабаларга гистология фанидан маърузалар ва амалий машғулотлар олиб бормоқда. Устоз фаолияти давомида бир қанча хорижий давлатлардаги нуфузли анжуманларда ўз маърузалари билан иштирок этган.

Уларнинг ҳар бир куни янгилик ва изланишларга бой. Устоз бир зум ҳам тиним билмайди. Илм-фан тараққиёти йўлида ўзини фидо қилишга тайёр бу инсондан ватанпарварлик, касбга садоқат ва юртга муҳаббат фазилатларини ўргансак арзийди. Тиббиётнинг ҳар бир сониясида, ҳеч шубҳасиз у кишининг меҳр тўла нафаслари сезилиб туради.

 

Ибодат СОАТОВА

Яна ўқинг:  HAVAS

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: