Ибрат гули, маънавият нури

Қамчиқ довонида бунёд этилган темир йўл орқали пўлат карвонда, гўзал тоғ манзараларидан баҳраманд бўлиб сўлим водийга бориш ҳар бир юртдошимиз қатори менинг ҳам улкан орзуимга айланганди. Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллигини нишонланиши умидимга қанот бағишлади.

Поезд улкан қоялар оралаб елиб боради. Оппоқ қор билан қопланган даралар, арчазорлар, улуғвор дарахтлар ҳайратингга ҳайрат, қувончингга қувонч қўшади. Вагондаги осойишта муҳит, қулай шарт-шароит сафарга маъно, вужудга ором бағишлайди. Вагон хизматчиларининг хуш муомаласи, илтифотидан кўнгил хушнуд бўлади.

Ён ўриндиқда ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган нуроний онахон кумуш маржон таққан дарахтларни, қор қоплаган атроф-оламни кузатиб бораётиб, беихтиёр сўз очади:

– Авваллари бундай қуюқ қор ёққанда довондан ўтиб бўлармиди?! Яратганга шукр, Ватанимиз эришган шундай ютуқларни, ажиб-давру давронни кўрдик… Бир пайтлар бу довондан ошиб ўтиш амри-маҳол эди. Йўлни қор босиб, кунлаб совуқда қолиб кетган кезларимиз бўлган…

– Поезд ўриндиғининг қулайлигини айтмайсизми, бемалол чордона қуриб ўтирса бўлади, – унинг сўзига жавоб қайтарди ёнидаги отахон…

Хушрўйгина вагон хизматчиси кекса йўловчиларнинг суҳбатини бўлиб қўйганидан хижолат тортиб, илтифот билан чанқовбосди учун ичимлик таклиф қилди:

– Мен кўп чой ичаман, қизим, оғринмайсизда, – деди онахон жилмайиб.

– Бувижон, сиздек дуогўй бобо-бувиларга хизмат қилиб ҳоримаймиз, бемалол айтаверинг, – қизнинг юзида самимий табассум югурди…

Андижонликлар азал-азалдан зиёга интилувчан, мутолаани хуш кўрувчи кишилардир. Ўқиш-ўрганиш, интилиш бор жойда маънавият, маърифат, пировардида, юксалиш бўлади. Айни шу салоҳият туфайли мустақилликнинг ўтган йигирма олти йилида вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича ўзига хос тажриба тўпланди. Автомобиль заводи, кўплаб қўшма корхоналар ишга тушди. Ўзига хос архитектура асосида бунёд этилган муҳташам иншоотлар, обод кўчалар, маҳаллаларни айтмайсизми?!

Вилоятдаги хайрли ишларни биргина Бобур номидаги жамоат фонди мисолида кўриш мумкин. Бугун мамлакатимизда олти мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритаётган бўлса, улар орасида давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаб, юрт тинчлиги, эл фаровонлиги, халқлар дўстлиги, қадимий гўзал қадриятларимизни тиклаш йўлида муносиб меҳнат қилаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, геология фанлари номзоди Зокиржон Машрабов етакчилигидаги ташкилотнинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Яна ўқинг:  Бошланғич таълимда интерфаол усуллар

Яқинда вилоятда буюк бобокалонимиз Бобур таваллуди муносабати билан халқаро конференция ўтказилди. Тадбир ўтказиладиган жой шоир, ҳукмдор ва моҳир саркарда шарафига гуллар билан безатилган. Афғонистон, Тошкент, Фарғона, Наманган, Қорақалпоғистондан бир гуруҳ меҳмонлар ташриф буюрган. Ташкилот фаолиятининг кўлами кенг эканини унинг қошида бунёд этилган Бобур музейи, кутубхона, “Бобурнома” асарида тилга олинган ўсимликлардан иборат “Чорбоғ” мисолида кўриш мумкин. Ташкилот турли хайрия тадбирларини уюштириш, шоир меросини Ўзбекистон ва жаҳон олимлари билан биргаликда чуқур ўрганиш, асарларини жаҳоннинг турли тилларига таржима қилиш, чоп этиш каби эзгу ишларга ҳомийлик қилиб келмоқда. Шу билан бирга, юртимиздан етишиб чиққан, жаҳон тараққиётига муносиб ҳисса қўшган буюк зотлар меросини ўрганиш, тарғиб қилиш, халқаро экспедициялар уюштириш каби хайрли ишларга бош-қош бўлмоқда.

 

Асрларга етгулик ҳаётбахш зиё

Андижон шаҳрининг марказий майдони. Тадбир аввалида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали пойига гулдасталар қўйилди. Майдонда минглаб одам жам бўлган. Мен от устида мардонавор ўтирган сийратга меҳр билан боқаман. У ҳаётининг энг навқирон даврларини ўзга юртларда ўтказган бўлса-да, киндик қони тўкилган ерни бир умр қўмсаб яшади. Қабри она юртига яқин бўлишини истаб, жисмини Қобулга қўйилишини васият қилди. Фонд эса деярли беш юз йил ўтиб, унинг ушалмаган орзусини амалга оширди. Андижонда ҳам худди Қобулдагидай рамзий мақбара бунёд этилиб, у ерга қабридан ҳоки олиб келинди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллиги ва фонд ташкил этилганлигининг 25 йиллигига бағишланган конференцияда Бобуршунос олимлар, шоирлар, мухлислар иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али кириш сўзи билан очди. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижон аҳли билан бўлган учрашувда Бобур ҳақида айтган фикрлари экран орқали намойиш этилди.

Сўнгра Зокиржон Машрабов анъанага кўра ўтган бир йил ичида фонд томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Шунингдек, фонднинг ташкил этилиши, халқаро экспедиция фаолиятига йигирма беш йил тўлиши муносабати билан ўтган чорак асрда босиб ўтилган йўлга ҳам назар ташланди, келажак режалари хусусида сўз юритилди. Жумладан, ЮНЕСКО ташкилотига Андижон шаҳрининг 2500 йиллигини тасдиқлаш учун маълумотномалар юборилгани таъкидланди.

Яна ўқинг:  Йўл ҳушёрликни ёқтиради

Шундан сўнг Бобуршунос олимлар бирма бир сўзга чиқишди. Шоир асаридан намуналар ҳамда Бобурга аталган замондош шоирларимизнинг шеърлари янгради. Конференцияда афғонистонлик олим Азимулло Орол сўзга чиқиб, Бобур саркарда, шоҳ, шоир бўлиш билан бирга, ўсимликшуносликка, табиатни асрашга, миллатларнинг урф-одатларини ўрганишга, тарихни билишга муносиб ҳисса қўшганлиги, жумладан, “Бобурнома” асарида лоланинг 18 тури борлигини тилга олгани, бугунги кунда ундан ўн тури фанга маълум эканлигини таъкидлади. Фонд томонидан ташкил этилган халқаро экспедиция аъзолари шоир изидан Афғонистонга бориб, у ерда муқим макон топган кўплаб буюк инсонларнинг қабрини тиклашдек, улуғвор ишларни амалга оширганлигини фахр билан тилга олди.

Фонд шоир ва тарихнавис Бобур асарларини излаб топиш ва она юртига қайтариш учун Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, Саудия Арабистони, Россия, Қозоғистон каби кўплаб мамлакатларга халқаро экспедициялар уюштирди. Бобур ва бобурийларга оид тўрт юздан ортиқ китоб, альбом, асарларнинг қўл ёзма нусхалари ва ҳатто, тошбитиклари келтирилиб Бобур боғидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейига топширилди. Фонднинг моддий ва маънавий кўмаги билан элликдан ортиқ мумтоз адабиётлар она тилимизга таржима қилиниб, чоп этилди. Қолаверса, Россия Фанлар академиясининг Туркология институти билан ҳамкорликда Москвада “Захириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография” асари нашрдан чиқди. Унда 6684 та мақола, эссе, илмий ва бадиий асарлар рўйхати шарҳи билан келтирилган.

Ўтган йигирма беш йилда тарихшунос олима, Бобурнинг синглиси Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома” асари форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди ва йилнинг энг машҳур асари номига сазовор бўлди. “Бобурнома”нинг қомусий луғати яратилди. Араб тилида сўзлашадиган йигирма икки мамлакатга рус олимаси таҳлилидаги “Бобурнома” асари ўз тилида етказилди. Шунингдек, математика фанлари доктори Абдулла Аъзам муҳаррирлигида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” икки марта нашр қилинди.

 Бобурийлар яратган асарларнинг библиографияси инглиз тилида чоп этилди. Ундан 150 та нусха келтирилиб, юртимиздаги барча олий ўқув юртларига, кутубхоналарга тарқатилди.

 Шунингдек, ташкилот аъзолари буюк аждодларимизнинг қабрларини излаб топиш, аниқлаштириш билан бирга, қаровсиз қабрларни тиклаш, атрофини ободонлаштиришдек, савобли ишларга ҳам бош-қош бўлмоқда. Ўтган йили нуроталик сангтарош ёрдамида Қобулдаги Алишер Навоий, Лутфий, Камолиддин Беҳзод, Қўқон хони Худоёрхон қабрига мармартош қўйилди. Атрофи ободонлаштирилиб, 2150 та кўчат экилди. Бу хайрли ишга маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам жалб қилинди. Афғонистон ҳукумати аъзолари бу эзгу саъй-ҳаракатларни кўриб, “Ўзбекистон Афғонистон учун ибрат гулини, маънавият нурини сочиб кетяпти” дея ўз миннатдорлигини билдирди.

Яна ўқинг:  Энг яқин дўст

Фонд шу йил май ойида жаҳон олимларини жамлаб, “Жаҳон маданиятида Бобурийлар сулоласининг тутган ўрни” мавзуида халқаро конференция ўтказишни режалаштирмоқда.

 

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: