ҲУНАР – ЭЛ ЗИЙНАТИ

Киши табиати қизиқ. Ҳамиша ширин хотираларни соғиниб яшайди. Қайси юртни зиёрат қилмасин, қаерга бормасин, албатта, шу ердан мўъжазгина эсдалик совға ва буюмларни харид қилишга шошилади.

Хонадонимизнинг бир бурчагида ҳам дадам бир нечта давлатларга уюштирган саёҳатлардан эсдалик сифатида олиб келган ажиб ва кўркам совғалар талайгина. Турмуш ўртоғи билан пишиб етилган шолини аравага ортиб, мамнуният билан боқиб турган хитой миллатига мансуб йигитчадан тортиб, Миср эҳромларини ёдга солувчи кичик осори-атиқалар. Энг қизиғи, ҳар бир маҳсулот юксак дид ва маҳорат билан ишланган-ки, унда миллатнинг ўзлиги, дунёқараши, ўша юрт инсонларининг табиати, феъл-атвори, сарҳад билмас қалбининг кенгликлари мужассам.

Водийнинг Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи, кулол Иминжон аканинг яратган бежрим ижодий ишлари ҳам хорижлик меҳмонлар учун ширин хотира бўлса ажаб эмас. Бу инсон водийлик Қосимовлар сулоласининг бешинчи авлоди ҳисобланади. Катта арава қаердан борса, кичиги ҳам ўша йўлдан юради, деганларидек, Иминжон ака бобомерос ҳунарнинг кишини ҳайратга солгувчи мўъжизавий сирларини қунт билан ўрганиб, уни умрбоқий қадрият билиб, эъзозлаб келаётган уста сифатида маълум ва машҳурдир.

Буюклардан бири айтган экан: “Касб хазинадир уни топа билмоқ лозим”. Ўз хазинасининг посбони бўлган Иминжон ака она заминннинг тупроғидан саралаб, унга ишлов беришни бошлайди. Устанинг айтишича яратилган ҳар бир маҳсулотнинг ниҳоятда нафис бўлишининг биринчи сири бу соф тупроқни танлай билишда экан. Уста кулол Риштондан келтирилган асл тупроқдан турфа хилдаги, бир-бирини такрорламайдиган нақшлардан иборат сопол идишлар ва турли кўринишдаги ҳайкалчалар яратади. Уста яратаётган аксарият ҳайкалчаларда нуроний ва мўйсафид кексаларнинг қиёфасига урғу беради. Бунинг сабабини сўраганимда уста: – Кексалик бу донишмандлик рамзидир. Унда теран дунёқараш, салмоқли ўй-фикрлар мужассам. Ўзбек халқи ҳам ўтмиши узоқларга бориб тақаладиган, дунёда юксак илмий салоҳияти ва маданияти билан ўзига хос ўринни эгаллаган қадимий миллат сирасига киради, – дея жавоб берди.

Иминжон яратган чойхоналардаги мўйсафид, қалби қайноқ кексаларнинг ажиб гурунгида боболаримизнинг элдаги эъзози, супра саҳнидаги чолу кампирнинг ширин суҳбатида оиладаги фаровонлик ва кўнгил ободлиги, юрт полизларида қуёш нурига тўйиниб етилган тарвуз-қовунларини арвасига ортган кишининг қиёфасида эса элнинг тўкин-сочинлиги, дастурхонинг қут-баракаси тасвирланган. Чиндан ҳам, ҳар бир яратилган ҳайкалча шунчаки сополдан ишланган ишлов эмас, балки ўзбек ҳалқининг содда, самимий қиёфаси акс эттирилган бир дунёдир.

Яна ўқинг:  ЭНГ АРЗОН ТЕЛЕФОН

Иминжон ака бобомерос ранг тайёрлаш усули орқали бўёқларни тахт қилиб, эчки юнгидан тайёрланган мўйқалам билан тасаввуридагиларни сополда акс эттиради. Бу эса яратилган мўъжизага тенг санъат асарининг қадр-қимматини янада оширади.

Устанинг кулолчиликда уч юзга яқин ижодий ишлари бўлса, пичоқчилик соҳасида икки юзга яқин турдаги меҳнат маҳсули бордир.

Иминжон Қосимов шу меҳнати орқали рафиқаси Муҳаббат опа билан уч қизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказди. Қизларини узатиб, бобо-буви номига мушарраф бўлишди.

Устанинг энга катта ютуғи унинг бу соҳада тарбиялаган ўттиздан ортиқ бир-биридан тажрибали, моҳир шогирдларидир. Уларнинг турли кўргазма ва танловлардаги иштироки ва ютуғи бевосита устага берилган катта унвондир.

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: