Ҳошимжоннинг қалпоғи кимда?

Севимли ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асари барчамизга бирдек қадрдон. Ҳаттоки, ушбу асар орқали яратилган фильмни ҳам барчамиз севиб томоша қиламиз.

Эътибор берган бўлсангиз ушбу фильмдаги сохта фолбин холанинг қилмишлари, сеҳрли қалпоқ кийиб олган Ҳошимжон Рўзиев томонидан моҳирона фош этилади. Биз ҳам атрофимиздаги инсонлар ёлғон таъбирларнинг тўрига ўралиб қолишига бефарқ қараб тура олмаймиз. Назаримда бугунги кунда шундай сеҳрли қалпоққа жуда муҳтожмиз…

Бозор марказидаги ҳудудда ҳар сафар бир аёлга кўзим тушади. Оддий, содда кийинган. Бир қўлида кичкина қилиб ўралган бир уюм қоғозлар, бир қўлида митти тўтиқуш. Аёл доим бир гапни такрорлайди: “Фол очади, попугай, фол очади”. Кейинчалик билсам, бу қушча, аёлнинг қўлидаги қоғозлардан бирини, тумшуғи билан танлаб олиб берар ва одамларни яқин орада қандай воқеалар кутиб турганидан хабардор қилар экан.

Очиғи ҳайрон қоласан, киши. Авваллари бувиларимиз, “Ҳамма нарсани пешонангдан кўр, бари-бир тақдирдан қочиб қутилиб бўлмайди” дейишарди. Аммо, бу аёлни кўргач бир ўринли савол туғилиши, табиий. Наҳотки, бугун инсонларнинг тақдирини ҳал қилиш, ўзи бировнинг қўлига қараб, қарам бўлиб яшаётган тўтиқушга қолган бўлса…

Яна бир ҳолатга ҳаммамиз гувоҳ бўлганмиз. Ишласа, тоғни талқон қилгудек, ҳали билаги кучга тўла инсонлар атрофига тумонат одамни йиғиб олиб бўрининг терилари, тиш, тирноқларидан ясалган аллақандай туморларни одамларга пуллашади. Уларнинг айтишича бўри териси уйга мол, давлат олиб келса, туморлар инсонга омад келтирар экан. Кексаларимиз “Ётиб есанг, тоғ ҳам емирилади” дейишган. Демак, емирилган тоғни бўри териси қайта тиклар экан-да. Мантиқан ўйлаб қаралганда инсонларнинг омадли бўлиши бўриларга боғлиқ бўлганида, ҳозиргача ер юзида бу ҳайвонлар бутунлай қирилиб кетган бўларди. Омад келтирувчи туморларга тўхталадиган бўлсак, агар бўрининг омади бўлганида унинг ўзи овчининг биргина ўқи туфайли жон таслим қилмас эди. Бўрининг тиш ва тирноқлари, ғайритабиий кучга эга бўлганида у биринчи навбатда бу жонзотни хавф-хатардан асраб қоларди. Уни асрай олмаган тишлар қандай қилиб, инсонларни омон сақлаши, уларга омад келтириши мумкин? Ачинарлиси, тўтиқушнинг сохта фолига ишониб, ўз руҳиятига, соғлиғига жиддий зарар етказган инсонлар қанча. Уларнинг кўпчилигини ишонувчан ўсмир ёшдаги йигит-қизлар ташкил қилади.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон бокс федерацияси Осиёда энг яхши бўлди

Инсон – онгли мавжудот. У бошқа жонзотлардан фикрлаши, онги билан ажралиб туради. Шундай бўлсада, ҳайвонларни онгли инсонлардан-да юқори баҳолаш ҳолатларига дуч келмоқдамиз. Тўтиқуш-у бўрининг кичкина чумоличалик ақли йўқлигини била туриб, уларга ишониш, инсонларга хос ҳислат эмас. Ўз руҳиятимизни ишончсизлик қўлига топшираётган тенгдошларимиз ҳаётига ҳам бефарқ бўла олмаймиз. Атрофимиздаги майда, кўзга кўринмасдек туйилган ҳолатлар ҳам катта муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Мардона ЗОКИРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: