ҲАЁТБАХШ ҲАДЯ

Умид Раимов Тошкент Давлат Юридик университети талабаси. Олийгоҳнинг фаол ва иқтидорли ёшларидан. Камтарин ва камсуқум йигит. У ўзга бир инсон ҳаётини сақлаб қолишга сабаб бўлди…

Шифохонага оғир ҳолатда келтирилган беморга зудлик билан қон кераклиги ҳақида унинг ота-онасига маълум қилишади. Бу турдаги қонни топиш мушкул бўлганлиги учун ҳам тиббиёт ходимлари қийин вазиятга тушиб қолган эди. Бундай вақтда ота-она, табиийки, қай эшикка бош суқишни билмайди. Шу вақт “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бу борада уларга ёрдам кўрсатишини билгач, фондга мурожаат қилишади. Ниҳоят қидирувлар натижасида беморга керак бўлган донор қонини топишга муваффақ бўлишади. Ушбу донор қон соҳиби эса биз юқорида тилга олган Умиджон эди.

Ҳақиқатдан ҳам донор – бу оддий инсон, ишчи ёки тадбиркор, талаба ёки зиёли бўлиши мумкин. Қайсики, ўзига нотаниш инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун жон куйдирадиган инсондир.

– Қон топшириш жараёнида хаёлимга фақатгина бемор инсоннинг мен туфайли шифо топишини ўйладим. Бу эса инсонда ўзига бўлган яхши фазилатларнинг уйғонишига туртки бўлар экан. Назаримда хоҳ у талаба бўлсин хоҳ у оддий инсон бўлсин агар соғлом ва бақувват бўлса донор бўлишга хоҳиш билдириши керак. Ахир инсон ҳаётиданда азиз неъмат йўқ дунёда. Мана шу бебаҳо бойликни сиз бировларга ҳадя этсангиз бунданда катта бахт бўлмаса керак, назаримда.

Дарҳақиқат, қалби тоза ва самимий инсон доимо яхшилик қилишга интилади. Умиджон ҳам мана шундай хайрли ишни амалга оширган забардаст йигитлардан. У беморни асраб қолиш учун ҳеч иккиланмай 0, 5 литр қонини донор сифатида топширди. Мана буни ҳақиқий жасорат дейиш мумкин. Шундай эмасми?

Донор бўлишга аҳд қилган инсон маъсулиятни ўз бўйнига олади. Кечагина у фақат ўз соғлиғини ўйлаган бўлса, эндиликда бошқалар саломатлигига ҳам бефарқ эмас. Донор кўплаб инсонларга умид ва саломатлик улашади. Шу сабабли ҳам бугунги кунда оғир вазиятларда донор топиш бўйича республикамизда салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти ёрдамчи ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг кўнгилли сифатида беғараз донорлик хизматини йўлга қўйган.

– Мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган йиллар давомида «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бинобарин, меҳнат жамоалари, олий ўқув юртларида қон ва қон маҳсулотларининг қандай хасталикларда қўлланилиши, донорликнинг организм учун фойдали жиҳатлари, ўз навбатида донорнинг саломатлигига доир маълумотлар берилмоқда, – дейди Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти шифокори, гематолог Гулноза Қаюмова.

Яна ўқинг:  Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тажриба фаолияти

Бундан ташқари донорлик ҳаракатини республика миқёсида ривожлантириш, қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам равишда ва беғараз қон топширувчи фуқароларни рағбатлантириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони таъсис этилган бўлиб, бу ҳам донорлик ҳаракатида ижобий туртки бўлиб хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, қон – бу ҳаёт! Агар инсон организмида бу ҳаётбахш суюқлик етарли бўлмаса, қандай ҳолат рўй бериши барчамизга маълум. Донорликни ўз ҳаётининг мазмунига айлантирган киши эса чинакам маънода саховатлидир.

Қон топширишнинг аҳамияти

Донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлар бўлиб, улар Республика қон марказида тўрт босқичли тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан, донорлик қилиши мумкин. Соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз ҳисобланади. Чунки, одам организмида ўрта вазнлиларда 4, 5, 5 литр қон бўлиб, ундан 200 ёки 400 мл. олинади ва организм 36 соат ичида топширилган қон миқдорини тиклаб олиш хусусиятига эга. Асосийси артериал гипертония хасталигининг олдини олиш ва бартараф этиш, моддалар алмашинувини яхшилаш, шунингдек, иммун тизимини мустаҳкамлашда қон топширишнинг аҳамияти беқиёсдир.

Тиббиёт нуқтаи назаридан қараганда, қон бу аъзоларга озуқа ва кислород етказиб берувчи суюқлик. Бу шундай мураккаб тузилганки, ҳозир илм-фан ривожланган давр бўлса-да, унинг ўрнини тўлиқ босадиган маҳсулот яратилмаган. Демак, инсоннинг қонга бўлган эҳтиёжини қондирадиган ягона манба бу уларнинг ўзи, яъни донорлар қонидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан биринчи бўлиб қон гуруҳларини аниқлаган олим Карл Ландштейнернинг туғилган куни – 14 июнь жаҳонда донорлик куни деб эълон қилинган. «Донор» сўзининг маъноси ҳам саховатни, ҳимматни ифодалаб, «ҳадя этаман» деган маънони билдиради. Донор қон топширар экан, фақат бировнинг ҳаётини сақлаб қолмайди, аксинча у ўзининг соғлиғини ҳам ўйлаган бўлади. Бугунги кунда иқлим ва экологик муҳитнинг ўзгариши натижасида юрак қон-томирлари касалликлари кўпайиши кузатилмоқда. Бу касалликда вақти-вақти билан қон олдириш ғоят муҳим ҳисобланади. Соғлом организм учун қон топшириш ҳеч қандай зарар етказмайди. Аксинча қон топшириш қон ҳаракатини енгиллаштиради, тўқималарга озуқа ва кислород етиб бориши осонлашади, юрак фаолияти яхшиланади. Топширилган қон ўрни икки кеча-кундузда тўлиқ тўлади ва қон янгиланади.

Яна ўқинг:  Илм фидойиси

ДОНОР ВА УНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

– Тиббий таҳлил натижаларининг сир тутилиши кафолатланади.

– Тиббий таҳлиллар бепул ўтказилади (умумий қон таҳлили, жигар кўрсатгичлари, қон гурухини ва резус омилини аниқлаш, ОИВ/ОИТС, B ва C гепатит, бруцеллёз, заҳм касаллигини аниқлайдиган RW кўрсатгичи).

– Қон қуйиш марказида юқори тоифали шифокорлар кўриги ва икки кунлик иш ҳақи сақланган ҳолда дам олиши учун қон топширганлиги ҳақида маълумотнома берилади (қон топширган куни ва донор хоҳлаган бошқа бир кун).

ҚОН ТОПШИРИШ ҚАНДАЙ КЕЧАДИ?

Қон топшириш жараёни Қон топшириш марказлари ва Ҳудудий Қон йиғиш бўлимларида бир неча босқичда амалга оширилади.

I босқич – тиббий сўровномани тўлдириш.

Қон топшириш ҳудудига келган ҳар бир донорга сўровнома берилиб, уни тўлдириш сўралади. Бу сўровномадаги саволлар донор ва бемор ҳавфсизлигини таъминловчи муҳим бўлган тушунчаларни ўз ичига олади:

– Соғлиғингиз ҳолати, иситма, грипп, сўнги қабул қилинган дорилар, юрак хасталиклари, сурункали касалликлар, жарроҳлик муолажалари ва бошқалар;

– Ҳаётингизда юз берган ва соғлиғингиз учун хавф туғдириши мумкин бўлган воқеалар: саёҳат, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ва бошқалар;

II босқич – анкeта очиш ва суҳбат.

Бу босқичда барча маълумотлар рўйхатга туширилиб, анкета сақланади. Айнан ўша пайтда донорга махсус рақам берилади ва бу рақам қон қопчаси юзасида қўйилади. Кейинчалик ушбу рақам идишдаги қон сизга тегишли эканлигини аниқлашга имкон беради. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ҳар бир донор шифокор билан суҳбатдан ўтади. Бу суҳбат донорнинг қон топшириши ўзининг ва у қонни қабул қилувчи беморнинг соғлиғига хавф туғдирмаслигига ишонч ҳосил қилиш имконини беради. Шифокор билан донор ўртасида суҳбат шахсий тиббий сир сифатида сақланади.

III босқич – қон олиш.

450 мл. қонни олиш учун 12 дақиқа вақт керак бўлади. Ҳамда шу вақт ичида пробиркада тест ва текшириш учун ўз миқдордаги қон ҳам олинади. Олинган қон орқали донорнинг қон гуруҳи ва қонда бўлиши мумкин бўлган юқумли касалликлар – ОИТС, B, C Гепатит заҳм аниқланади.

IV босқич – дам олиш ва овқатланиш.

Қон топширганингиздан кейин сиз бир неча дақиқа давомида ҳамшира кузатуви остида бўласиз. Жўнаб кетишдан олдин марказ томонидан сизга нонушта берилади.

Яна ўқинг:  ОБОД ЮРТНИНГ БАХТЛИ ҚИЗЛАРИ

Донор жўнаб кетгандан сўнг, олинган қон махсус жойда сақланади. Текшириш ва тест амалга оширилади. Агар текшириш жараёнида қандайдир салбий натижалар чиқса, донор қисқа муддат ичида қон олиши муолажасини амалга оширган шифокор томонидан марказига чақирилади.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: