Ҳаракат мажбурияти ва маданияти

Ҳар тонг уйқудан уйғониб, юз-қўлимизни ювиб, яқинларимизга салом берамиз. Нонушта қилиб бўлгач, ойнага қараб, иш, ўқишга отланамиз. Ҳаммасини рисоладагидек, кетма-кетликда бажарамиз. Аммо остонадан ҳатлаб ўтишимиз билан бу тартиб негадир уй ичида қолиб кетади. Аслида, ана шундай ёзилмаган қонунлар ҳаёт мезонини белгилаб беради. Сониялар тақдиримизни ҳал этади. Кунора қулоққа чалинаётган нохуш йўл ҳаракати ҳодисалари нафақат ёзилмаган, балки ёзилган қонунларга ҳам риоя этмаётганимиз оқибатида юзага келмоқда.

Ҳар биримиз пиёда, йўловчи ёки ҳайдовчи сифатида йўл ҳаракати иштирокчиларимиз. Ҳар ким йўлда хавфсиз ҳаракатланишни хоҳлайди ва шунинг учун йўл ҳаракати қоидалари жорий этилган. Қоидабузарга жазо тайинланиб, шу йўл билан тартиб сақланиши белгиланган.

Афсуски, олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамай, айрим юртдошларимиз йўлларда ҳаракатланиш маданиятига жиддий эътибор қаратмаяпти.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан 30 июлдан 5 августгача республикамиз автомобиль йўлларида жами 160 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганини маълум қилди. Хабарда айтилишича, ушбу ҳодисаларда 44 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 142 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатларини олган.

Қоидаларни писанд қилмаслик натижасида, кимдир бева, кимдир етим қолди, яна кимдир суянчиғидан айрилди!

 

Электрон планшетлар дастури яратилмоқда

Маълумотларга кўра бугунги кунда йўл ҳаракати ҳодисаларининг 54,5 фоизи пиёдалар билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда. Бунга асосан уларнинг светофор ишораларига, йўл белгиларига, йўл чизиқларининг талабларига риоя этмаслиги, йўлнинг пиёдалар учун тақиқланган қатнов қисмида бўлиши, ҳаракат вақтида телефондан фойдаланиши сабаб бўлмоқда.

Йўлдаги фалокатлар асосан 19: 00 ва 21: 00 оралиғида содир бўлади. Бу вақтда қоронғу тушиши ҳайдовчининг кўриш қобилиятига салбий таъсир қилади. Шу сабаб у тўсатдан пайдо бўлган пиёдани, четроқдаги йўл белгиларини илғамай қолади. Буни ҳисобга олган ҳолда айни шу вақтларда пиёдалардан янада ҳушёрлик талаб этилади. Йўл ҳаракати ҳодисалари тафсилоти ўрганилганда пиёданинг мобил телефонидан фойдаланиб кетаётгани, белгиланган махсус ўтиш жойларидан ўтмагани ва бошқа шу каби эҳтиётсизликларга йўл қўйгани аниқланади. Бу каби ҳолатларда йўл-транспорт ҳодисаси юз берса, масъулият барибир ҳайдовчининг зиммасига юкланади.

Шу боис, юртимизда электрон планшетлар дастури яратилмоқда. Унга кўра йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими қоидани бузган пиёданинг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганда планшет ёрдамида унинг юзини суратга туширади ва тезда шахсини аниқлайди. Қоидани бузганлик даражасига қараб, уй манзилига жарима қоғози юборилади. Мазкур планшетлар жорий йилнинг охиригача амалиётга жорий этилади.

Яна ўқинг:  Уяли телефон учун янги ғилоф

 

Мактаб атрофида ЙПХ

 

– Яқинда жуда аянчли воқеа содир бўлди, – дейди Республика Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмат раҳбари Акмал Юнусов. – Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида такси ҳайдовчиси икки ёшли болани ўз автомобилида уриб юборади. Бола воқеа жойида вафот этди. Мен бу кўнгилсиз ҳодисага ҳайдовчидан ташқари, боланинг ота-онасини ҳам айбдор қилган бўлардим. Чунки улар фарзандини қаровсиз қолдирмаганда эди, бу воқеа бутунлай содир бўлмасди.

Ҳозирда йўлларимизда кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида назоратни янада кучайтиряпмиз. Йўллардаги камера ва радарлар сонини оширяпмиз. Сабаби юқоридаги каби фожиаларга асосан тезликни меъёрдан ошириш сабаб бўлмоқда. Қолаверса, республикамиздаги барча йўл белгиларини нур қайтарувчи белгиларга алмаштирамиз. Унинг хусусияти шундаки, бу белгилар кечаси нур таратади ва автомашина ҳайдовчилари қоронғуда ҳам уларни бемалол кўра олишади. Шунингдек, пиёдалар ўтиш йўлларига махсус бўёқ сурилади. Унинг таркибидаги моддалар машина чироқларида узоқдан ёруғлик таратади ва ҳайдовчига пиёдалар йўлагига яқинлашаётганидан дарак беради. Мазкур тарбирларни амалга ошириш аллақачон бошлаб юборилган. 2022 йилгача юртимизнинг барча ҳудудларидаги йўл белгилари ва чизиқлари янги кўринишда бўлади.

Шунингдек, ҳозирда мактаб атрофларига йўл ҳаракати назоратчиларини жойлаштириш ишларини олиб боряпмиз. Дарс бошланиши ва дарсдан сўнг назоратчилар мактаб атрофида ўз вазифасига киришади. Улар ҳудудга машиналарнинг киришини, ҳаракатланишини назорат қилади. Ҳатто, ота-оналарнинг автоулови ҳам белгиланган чизиқдан ўтмайди. Бу билан болалар мактаб атрофида хавфсиз ҳаракатланади.

 

Маданиятни маданиятсиздан ўрган

Тасаввур қилинг, сиз машинангизда қизилчироқда тўхтаб турибсиз. Чап ёнингиздаги олдинроқда турган машина сиз ҳаракатланаётган йўлга ўтиш учун ишора беряпти. Бундай вазиятда унга йўл беришингиз сизнинг маданиятли инсон эканингизни билдиради. Қолаверса, чироғи ёниб-ўчаётган машина сиздан олдинда бўлгани сабаб, ўтишга ҳақлироқ саналади Агар бу ҳолатда сиз унга йўл беришни истамай, ҳарактни тезлаштирсангиз, сониялар ичида уч нарсангиздан айрилишингиз мумкин: соғлик, бойлик, ҳаёт…

Соғлик – қўлингизни пичоқда жароҳатлаб олсангиз, ўрни битгунича ҳафталар керак бўлади. Йўл-транспорт ҳодисасида орттирилган жароҳат эса ойлаб, йиллаб даволанади. Бундан ташқари унинг бир умрга татигулик асорати қолиши ҳам мумкин.

Бойлик – сиз ўзингизни ва “урган” машингангизнинг таъмир харажатларини кўтаришга мажбурсиз. Ўзингиз ва яна бир ҳайдовчининг даволаниши учун керак бўладиган дори-дармонларни фалон сўмга олиб берасиз.

Яна ўқинг:  TENGDOSHIMIZ CHEMPION

Ҳаёт – сиз муҳим ҳисобламаган йўл маданиятининг аччиқ хотимаси.

Шундай экан ҳар биримиз ўз мажбуриятимизни тўла ҳис этган ҳолда йўлларда маданиятли йўловчи ва ҳайдовчи сифатида ҳаракатланайлик!

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: