ҲАР ТОНГ БАХТ КУЛИБ БОҚАДИ

эзгуликка Қулоч ёзсанг бас!

Мактаб йиллариданоқ шифокор бўлишни орзу қилган қизалоқ бугун орзулари сари дадил одимлаб, қўли енгил шифокор бўлди. Дастлабки иш фаолиятини Шошилинч тиббий ёрдам марказининг Пастдарғом туман бўлимида бошлаб эл назарига тушган Маҳлиё Дўсмуратова касалликка қарши астойдил курашиб, уни бартараф этиш йўллари устида тинимсиз изланди.

Айни вақтда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманига қарашли 4-оилавий поликлиникада умумий амалиёт шифокори вазифасида фаолият юритаётган Маҳлиё опанинг ҳузурига шифо излаб келувчилар кўрсатилаётган тиббий хизматдан мамнун бўлмоқда.

– Кичик фарзандим Ҳожикабар бетоб бўлиб қолганида кўзимга дунё қоронғу бўлиб кетди. Зудлик билан Маҳлиё Дўсмуратова ҳузурига олиб келдим. Шифокорнинг илиқ муомаласи, ўз вақтида қўйган тўғри ташхиси, берган маслаҳатлари ҳамда малакали ҳамшира Мамлакат Сиддиқованинг кўмаги билан ўғлим соғайиб кетди. Улардан миннатдорман, – дейди Ўғилой Турсунова.

Шифокор бемор нажоткори, буни дилдан ҳис қилган тиббиёт ходимигина эл эътирофига сазовор бўла олади.

– Ҳар бир кишининг соғлиғи аввало ўз қўлида. Тўғри овқатланиш, тозалик, соф ҳаво, табиат қўйнидаги сайр, ўз вақтидаги уйқу ҳамда хушкайфият албатта соғлиқни таъминлайди.

Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш борасида “Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг зарарли оқибатлари”, “Юрак ишемик касалликларининг олдини олиш”, “Гипертония (хафақон) касаллигининг олдини олиш”, “Болалар ўртасида юқумли касалликларнинг олдини олиш” каби мавзуларда мунтазам равишда суҳбатлар ўтказаяпмиз. Фертиль ёшидаги аёллар билан алоҳида иш олиб борамиз. Сабаби она соғлом бўлса унинг фарзанди ҳам соғлом туғилади. Бу бизнинг энг катта ютуғимиз, – дейди Маҳлиё опа.

Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган яхши. Маҳлиё опа айтганидек, кундалик овқатланиш тартибига витаминга бой мева-сабзавотлар, жигар, балиқ, тухум, гўшт, сут-қатиқ маҳсулотларини киритиш саломатлик учун ижобий самара беради.

– Оилавий шифохонамизда 27 нафар малакали умумий амалиёт шифокори меҳнат қилади. Маҳлиё Дўсмуратованинг бой тажрибаси ёшларга қўл келмоқда. Унинг ўз устида тинимсиз ишлаши, изланувчанлиги, беморларга кўрсатаётган беминнат хизмати ёш мутахассислар учун ўзига хос тажриба мактабини ўтамоқда, – дейди бўлим бошлиғи Маъмура Тўхтапўлатова.

Дарҳақиқат, умр карвони ёзу қишлардан ўтиб елиб борар экан ортингдан қолдираётган ёруғ из сенинг кимлигингни элга кўрсатиб туради. Елкасида бир аёл кўтаролгудек залворли юклар билан ҳам оила аталмиш ошиённи, ҳам севимли касбини ардоқлаб келаётган аёл бугун фарзандлари камолидан кўнгли тўқ. Турмуш ўртоғи Шермат ака билан тўрт нафар фарзандини оқ ювиб, оқ тараб вояга етказди. Машҳурахон Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини муваффақиятли тамомлади. Гўзалой Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети магистранти, Рустамжон Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходими, Фаридахон эса волидасининг изидан бориб Тошкент Педиатрия тиббиёт институтида таҳсил олмоқда.

Яна ўқинг:  Bo‘stonliqdagi oromgohlar xivalik bolalar bilan gavjum

Элга, эл фарзандларига соғлиқ тилаб ҳаёт йўлларида одимлаётган Маҳлиё опа ҳар тонг шаббодаларга сир айтади. Ким билсин қўли енгил шифокор яна қанча беморларнинг дардига малҳам бўлиб уларни ҳаётга бўлган ишончини юксалтирар…

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: