Реклама

Ҳам савоб, ҳам барака

Бешик халқимиз маданияти ва турмуш тарзида беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, унинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалсада, ҳали-ҳамон ўзбек хонадонида азиз ва қадрли буюм саналади. Гарчи ҳозирда замонавий болалар ётоқ мебеллари киши эътиборини тортсада, бироқ, хонадонда чақалоқ дунёга келиши билан у учун яхши ниятлар билан бешик харид қилинади.

Саҳифамиз қаҳрамони Абдуллоҳ Маҳаммадов ҳам болалигиданоқ бешикнинг хусусиятини ўзига хос деб билди ва унга ўзгача меҳр қўйди. Таътил кунлари бобоси ҳамда тоғаларининг устахонасига бориб, бешик ясаш сирларини қунт билан ўргана бошлади. Кейинчалик унинг ўзида ҳам бешикчи-ҳунарманд бўлиш нияти туғилди. Айни пайтда 20 ёшни қаршилаган Абдуллоҳ бобосининг касбини пухта ўзлаштириб келаётган бешикчилар сулоласининг давомчисидир. Шунингдек, у ҳозирда Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетининг 3 босқич талабаси.

– Бешиксоз уста бўлиш осон иш эмас, – дейди Абдуллоҳ Маҳаммадов. – Бобом ҳамда тоғаларимнинг бешик ясаш жараёнини кузата туриб бунинг меҳнати қанчалик оғир эканлигини ҳис этганман. Шунинг билан бирга меҳнат якунида дунёга келган боқий қадриятимиз намунаси ҳамда унинг ортидан келган роҳат ва савобни қанчалик тотли эканлигини ҳам юрак-юракдан ҳис этганман. Шу сабаб ҳам бу ҳунарга бўлган меҳрим ўзгача.

Чиндан ҳам бешик ясаш залворли юмуш. Таътил кунлари бобоси мўъжазгина устахонасида ёғоч бўлакларига ишлов бераётганини кўриб, унинг яқин кўмакчисига айланди. Сайқалланган ёғоч бўлакларини бешикка ўрнатишда ёрдам берди. Ўшандан буён уста Абдуллоҳнинг бу ҳунарга бўлган меҳри жўшиб, уни янада иштиёқ билан ўрганишни бошлади. Ёғоч билан тиллашди, бор меҳрини, куч-ғайратини унга бағишлади. Қандай бешик болажонлар учун фойдали бўлиши ҳақида ота-боболаридан қолган ўгитларга амал қилган ҳолда тинмай изланди.

– Бешикнинг қайси дарахтдан бўлганлиги жуда аҳамиятли. Чунки шунга қараб бешикнинг сифати белгиланади. Ёнғоқ дарахтидан тайёрланган бешиклар азалдан қадрланган. Ҳозирда ушбу хомашё қимматбаҳо саналгани учун кўп ҳам ундан фойдаланавермаймиз. Тол ва теракнинг ўзидан тайёрланган бешиклар сифатсиз чиқади. Тутдан тайёрлангани эса оғир бўлади. Шу сабаб бешик енгил ва осон, қулай тебраниши ҳамда узоқ чидайдиган, мустаҳкам, пишиқ бўлишига аҳамият берамиз, – дейди ҳунарманд.

Дарҳақиқат, ёшлар орасида миллий ҳунарларимизга бўлган қизиқиш, иштиёқ бор экан, қадриятларимиз сайқал топиб бораверади. Улар эл-юртга, жамиятга фойдаси тегиши билан бирга ўз оиласининг, келажагининг ҳам таянчи бўлади.

Яна ўқинг:  Асосий мақсад – холислик ва шаффофликни таъминлаш

 

Майна ҲАСАНОВА

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: