Гўзалликка интилган кўнгил

Юртимиз бугунги кунда ёшларнинг турли соҳадаги салоҳиятини намоён этаётган мамлакат сифатида дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Хоҳ у тадбиркор бўлсин, хоҳ спортчи ё санъаткор, борингки барча жабҳада фаолият олиб бораётган шижоатли йигит-қизларнинг билими, тажрибаси, меҳнати орқали эришаётган муваффақиятларини кўриб фахр-ифтихор ҳиссини туясиз.

Халқаро мусобақаларда ғолибликка эришиб, юртимиз байроғини янада юксакларга кўтараётган эртамиз эгалари бугундан келажак тамал тошини қўйишмоқда.

Ёшларнинг чуқур билим олиши ва мақсадига эришиши учун давлатимиз томонидан яратилаётган шарт-шароитлар уларни улкан ғалабалар сари етаклаётгани сир эмас. Ана шундай ёшлардан бири Урганч шаҳрида пардозчи ва стилист бўлиб фаолият юритувчи Шоҳида Ҳайитметовадир. У учун 2017–2018 йиллар омадли йил бўлди. Ўтган йилнинг 5 декабрида у Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти кубоги учун ўтказилган республика кўрик-танловида иштирок этиб, “Сартарошлик санъати, тирноқ безаклари ва юз пардози” йўналиши бўйича 2-ўринни эгаллади. Шундан сўнг Ўзбекистон Сартарошлар уюшмаси таклифи билан жорий йилнинг 22-25 февраль кунлари Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган “Невские берега” деб номланган халқаро гўзаллик фестивалида қатнашиб, совринли ўринни қўлга киритди. Россия, Корея, Мольдова, Литва каби 30 дан зиёд ривожланган мамлакатлардан келган сартарошлар ўртасида сартарошлик санъати ва юз пардози йўналишлари бўйича “Дўстлик кубоги” учун ўтказилган халқаро чемпионатда ўз ишини санъат даражасида мукаммал эгаллаганини нуфузли ҳайъат аъзоларига исботлади ва “Ўрим турмаклари” йўналишида 1–ҳамда “Оқшом турмаги” йўналишида 2-ўринни қўлга киритди.

 

– Гўзаллик ва нафосат соҳасида муҳим воқеа ҳисобланган ушбу фестиваль ҳаётимда ва фаолиятимда муҳим аҳамиятга эга бўлди, – дейди Шоҳида. – Бунга албатта, ўз касбимни севганим, тинимсиз меҳнатим орқали, қолаверса, оиламнинг қўллаб-қувватлагани боис эришдим. Шунингдек, Ўзбекистон Сартарошлар уюшмаси раиси Фарҳод Шомуротов томонидан билдирилган юксак ишонч менга куч бағишлади. Беллашув ниҳоятда кескин ва ҳаяжонли ўтди. Соч турмаги ва пардоз учун ажратилган 30 дақиқа вақт оралиғида ўз ишимни аъло даражада якунлашга ҳаракат қилдим. Айниқса, ғолиблик шоҳсупасига чиққанимда ва юртимиз мадҳияси янграгандаги ҳаяжонли дақиқалар менга бир умр ёдда қоладиган шодлик бахш этди.

 

Қувонарлиси, шу йилнинг 21-23 июнь кунлари Шоҳида Ҳайитметова Ўзбекистон Ёшлар ижод саройида ташкил этилган “14-халқаро Гўзаллик индустрияси кўргазмаси” доирасида ўтказилган “Буюк ипак йўли” кўрик-танловининг якуний босқичида ўз соҳаси бўйича “Маҳорат дарси”ни ўтказди ва кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди.

Яна ўқинг:  Олис туманларга “тез тиббий ёрдам” машиналари топширилди

Аёл зоти дунёда бор экан, гўзаллик ва нафосат усталарнинг ишига эҳтиёж туғилаверади. Шунинг учун ҳам ушбу соҳани ривожлантириш, аёлларимизнинг янада гўзал ва латофатли бўлиб юришини астойдил истайдиган Шоҳида Ҳайитметова келажакда сартарошлик соҳасини эгаллашни мақсад қилган ёшлар учун ўз мактабини очишни ният қилган. Зеро, касбдан камол топиш, унинг завқи ва заҳматидан баҳраманд бўлиш кишини улуғлик сари етаклайди.

 

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: