Ғамхўрликнинг меъёри бор (ми?)

Доимо оиласининг диққат марказида, ота-онасининг ғамхўрлиги остида улғаяётган боланинг хатти-ҳаракатларини ҳеч кузатганмисиз? Агар унинг ўйинчоғи тортиб олинса ёки хоҳиш-истагини атрофидагилари тушунмаса борми, бу ҳолатда болакай мустақил қарор қабул қилолмай, ота-онасининг пинжига суқилади, яқинларидан кўмак истайди. Улар нотаниш инсонлар, ҳатто, ўз тенгдошлари билан ҳам тил топишиб кетиши қийин кечади.

Ота-она ўз фарзандини ҳимоялаши, керагидан ортиқ эркалаши табиий ҳол, аммо бу боланинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим. Ғамхўрликнинг меъёрдан ошиши, яъни гиперғамхўрлик болада мустақил фикрлашни йўқотиб, қўрқоқликни келтириб чиқаради. Ўқиш, ҳатто, юриш-туришда ҳам нуқсонли ҳолатлар юзага кела бошлайди.

 

Хўш, ота-оналарнинг ғамхўрлиги ҳаддан ортиб кетганини қандай билиш мумкин?

 

1.Кичкинтой болалар майдончасида бехосдан йиқилиб тушмаслиги ёки тенгдошлари уни хафа қилиб қўйишидан хавотир олиб, уни ўша жойга олиб бормаслик.

2.Бола мустақил ўзи овқатланётганда унга зарур бўлмаса-да кўмакка ошиқиш.

3.Ота-оналар фарзандидан нималарни ўйлаётгани ҳақида мунтазам сўраб бориши, унинг барча ўй-хаёлларидан бохабар бўлишга ўзини масъул деб ҳисоблаш.

4.Фарзандини ўртоқлари хафа қилган бўлса, улардан узр сўрашини талаб қилиш.

5.Айтайлик, бола нотаниш инсон билан гаплашишга қўрқяпти. Бу вазиятда фарзанднинг ўрнига барча саволларга жавоб бериш.

 

Нима қилмоқ керак?

Агар ота-она ўзида бундай одатлардан бирортаси борлигини пайқаса, қуйидаги тавсиялар билан танишишлари мумкин.

Мустақил ҳаракатни рағбатлантириш.

Боланинг ўзи мустақил қила олиши мумкин бўлган барча юмушларга аралашмаслик керак. Гарчи, ишини охиригача якунламаган бўлсада, уни рағбатлантириб, мақтаб қўйиш зиён қилмайди.

Ички хотиржамлик.

Фарзанд ота-онадаги бесаранжомликни тез пайқайди. Буни кўрсатмасликка ҳаракат қилиш зарур. Унутмаслик керакки, ота-она қанча хотиржам бўлса, бола ҳам шунча сокин бўлади.

 

Шахсий намуна

Агар ота-она стресс (руҳий зўриқиш) ҳолатида ўзини назорат қила олмаса, болада ҳам худди шундай ҳолат кузатилади. Ота-она ўзидаги бесаранжомлик ва қўрқувни қандай қилиб бартараф этишини дилбандига шахсий намуна сифатида кўрсатиб бериши зарур.

 

Катталар билан мулоқот.

Гиперғамхўр ота-оналар фарзандининг мактабдаги ички муаммоларини ўзлари аралашган ҳолда ҳал этишга одатланган бўлади. Дилбандини мустақил, ўз фикрига эга бўлишини истаганлар унинг ўз муаммоларини ўзи ҳал қилишига имкон бериши керак.

Яна ўқинг:  Оромгоҳга бормаган бола таътилни қандай ўтказади?

Дўстлар билан мулоқот.

Болангиз дўстлари билан ўзаро тортишувга борса, дарров уларнинг ўртасига тушиш ярамайди. Агар фарзандингиз хато қилган бўлса, у бу учун сабоқ олади. Бора-бора бу ҳаёт фаолиятида, дўстлар билан ўзаро мулоқот қилишда яхшигина дарс вазифасини ўтайди.

Шундай экан керагидан ортиқ ғамхўрлик ортидан юзага келувчи кўнгилсизликлардан эҳтиёт бўлайлик.

 

Раъно ТУРСУНОВА,

2-Республика тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: