Ғамхўрлик

0
17
марта кўрилган.

Кўпдан бери ҳамманинг кўзи осмонда эди. Эмишки, қиш-қишлигини қилмаяпти. Бугун Бобур ҳазратларининг таваллуд айёмлари куни. Куни билан ёмғир тинмади. Назаримда Бобур ҳазратларининг оҳу зорларини осмон кўз ёшлари билан сўзлаётгандек эди.

Адиблар хиёбонига мушоирага бордим. У ерда ижодкорлар учун қилинган ғамхўрликларни кўриб, бошим осмонга етди. Адабиёт аҳлига бундан ортиқ яна қандай ғамхўрлик қилиш керак. Энди Юртбошимизнинг дуои жонларини қилиб ижод қилсанг арзийди.

Мушоира бошланди. Уюшма раиси ҳамма шарт-шароитлар яратилган шундай муҳташам биноларда ижодкорларнинг фаоллиги сезилмаётганидан куйинди. Кейин шеър ўқишга киришдик. Бобур бобо ҳақида жўяли фикр айтишга қийналдим. Баланд одамлар ҳақида сўзлаётганда олди-қочди сўзлардан эҳтиёт бўлиш керак. Негадир мушоира аллақачон авжига чиққанига қарамай, мен ҳеч нарсани англамаётгандек ўтирибман. Минбарга чиқишга навбатим ҳам келмаяпти. Балки тегирмон тескари айланаётгандир. Ҳамма сўзини, шеърини айтиб бўлди. Сўзламаган тўрт киши қолдик. Қозоқбой Йўлдошев, Луқмон Бўрихон, Баҳодир Қобил ва мен. Уюшма раиси ўтирганларга салмоқлаб қаради. Кейин, – Эндиги сўз навбати Чоршаъмга… – деди. Ўтирганлар ҳайрон қолишди. Негаки, залдагиларнинг бари гапини айтиб бўлганди. Чоршаъм исмли шоиримиз бугунги мушоирага келмаган эди. Раис биз томонга тикилгани учун, мен у киши биз тўртовлонни балки чоршаъм дегандир дея ўрнимдан қўзғалдим. Кейин кутилмаганда арузий исмим тилга олинди.

 

...Тилинган бир тилик қовун каби

нозланса чиққан Ой,

Сезиб юрт тафтини

соғинчни сайҳон айлаган Бобур.

 

Асов йўлбарс каби йўлбошчиликдан

толмаган ул Зот,

Чиқиб ўзбекни олам аҳлига

хон айлаган Бобур.

 

Асрлар қаъридан Ахтамқулига

бир нидо келгай,

Буюк миллатни номин элга

достон айлаган Бобур.

 

Мушоирага якун ясаб қайтдим. Кўнглим ёришгандек бўлди. Телефоним ваҳимали чинқирди. Гўшакни олдим. Ишхонадан ўзимизнинг Музаффар. Савол билан мурожаат қилди.

– Ишхонага қачон келасиз?!

– Нима эди?

– Сўраяпманда…

Кўнглим сезди. Бу тиниб – тинчимас болага ҳойнаҳой менинг ойлик йўл чиптам керак бўлиб қолган. Негаки “проездной” олганимдан буён унинг ҳам йўқлови кўпайди. Лекин бу галги ўйловим пуч чиқди. Мени Ашурали ака йўқлаган экан.

Тушликни бирга қилдик. Гурунг қизиди. Ашурали Жўраев, Абдумажид Азимов, Музаффар Аҳмедов ва яна мен, демак, Чоршаъм…

Яна ўқинг:  Гиёҳвандлик – умр заволи

Кечга бориб ёмғир авжига чиқди. Ойлик йўл чиптам бўлсада автобусма автобус югуриб юришга эриндим. Беминнат ҳайдовчи дўстим Баҳром Акбаровга телефон қилдим. Ахир йўлимиз бир, унинг устига “проезднойим” ҳам бор. Баҳром ака савобталаб одам, у ҳеч қачон сўзимни рад этмайди. Китобхалтамни кўтариб ишхонадан чиқдим. Ҳовлида қадрдон биродарим Юсуф Абдуллаев совуқда қалтираб турибди. Бекатгача етиб бориш чорасини излаётган бўлса керак. Бошида соябони ҳам йўқ экан. Менинг эса икки киши бемалол сиғадиган соябоним бор. Уни паноҳимга олдим. Хадрагача Баҳром аканинг машинасига олиб боришимни айтдим. Юсуф ака кўзларини пирпиратиб: – Оға, йўл чиптангиз бор – ку! – деди.

– Борликка боркуя, ёмғирда ивиб юришга арзимайди, дедим.

Юсуф ака жонланди.

– Ишлатмасангиз, нима қиласиз, бекорга уни ҳайф қилиб, менга беринг, йўлим узоқ, эртагача ишлатиб турай.

Юсуф аканинг сўзидан таъсирландим. Унга раҳмим келди. Аммо, ҳали касалхонага бемор кўргани боришим кераклиги ҳақида ўйлаб, унинг сўзини рад этдим. Баҳром ака бизни машинасига миндириб йўлга тушди. Юсуф акани Хадрада туширдик. Ёмғир тинимсиз ёғаяпти. Лекин унинг йўли узоқ.

Ҳеч бўлмаса, соябонимни берсам бўларкан. Ҳа майли, энди кеч бўлди… Уйга бордим. Бугун бахтга қарши ўғлим ҳам ишдан кечикиб қайтди. Беморни кўришга бормоқчи эдим. Тўхтовсиз ёғаётган ёмғирдан эриндим. Бошқа пайт бораман, деган фикрга келдим. Телевизордан аввал ҳинд сериалини, кейин ахборотни кўриб, ётоққа кирдим. Бугун эртароқ дам олишга қарор қилдим. Негадир уйқум қочди. Ёмғирнинг остида ивиб қолган Юсуф аканинг илтижоли нигоҳи кўз олдимдан кетмасди. Қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Бекор қилдим. Ойлик йўл чиптамни берсам бўларкан…?

Соат кечаси икки бўлаяпти ҳамки кўзимда уйқу келмайди. Тинимсиз ағанаб ётибман. Бечора Юсуф аканинг ёмғирда ҳоли нима кечди экан…

Кутилмаганда ичимдан бир овоз келди. Нега бунча ўзингни қийнаяпсан? Ким у Юсуф ака? Тилим калимага келмай довдираб қолдим. Сўроққа зўрға жавоб бердим. – Узоқ йиллар бирга ишлаган қадрдон биродарим. Ичимдаги овоз кучайди. – Бирон жойда ишлайдими?

– Ҳа, нашриётда ишлайди.

– Қанча иш ҳақи олади?

– Икки ярим миллион…

Яна ўқинг:  MEHRIBON BOBOJONIM

– Сен ўзинг қанча оласан?

– Етти юз минг…

– Унда нега бунча куйинасан? У керак бўлса ишхонасидан уйигача пиёда бориб келса ҳам, Ватан олдидаги қарзини узолмайди. Энди ухла, беҳуда ўйловларингни бас қил…

Шундан кейин қандай қотиб ухлаганимни билмайман. Телефонимнинг чинқириғи мени уйғотди. Шошилиб гўшакни олдим Баҳром Акбаровнинг мулойим овози янгради.

– Дўконнинг ёнига чиқиб туринг, машина билан ўн дақиқада етиб бораман. Ўрнимдан сакраб турдим. Соат саккиздан ошибди. Апил – тапил кийиниб эшикка отилдим. Ҳовлида мен кўпдан бери орзиқиб кутган оппоқ қор ястаниб ётарди…

 

АХТАМҚУЛИ

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.