ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТИ


“Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга”.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 35-модда.


Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизнинг мустақил тараққиёти учун ҳуқуқий замин яратди, шу билан бирга демократик ривожланишнинг пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституцияда нафақат бугунги кундаги ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинди, шу билан бирга Ўзбекистоннинг кучли ҳуқуқий демократик давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари юзланишининг таомили ҳам яратилди. Унда халқимизнинг иродаси, адолатли жамият барпо этишдаги интилишлари, эзгу-истаклари мужассамлашган.

Масалан, Конституциямизнинг 35-моддасида “Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга” эканлиги белгиланган. Фуқароларнинг ушбу конституциявий ҳуқуқлари 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги (янги таҳрирда) Қонунида бутун мазмун моҳияти билан очиб берилган.

Мамлакатимизда ишлатилаётган ҳар бир қонун мақсад жиҳатидан Конституция нормаларига асосланиб, ҳар қандай маъмурий фармойишлар эса қонунга мос келиши лозим. Зеро, Конституцияда асосий ҳуқуқий нормалар мажмуи иқтисодий, сиёсий, ижтимоий тамойиллар ифодаланган ҳужжат сифатида демократик тузум ўрнатилиши учун замин яратилди.

Қонунда белгиланганидек, Фуқароларнинг мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланишлари бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги керак. Давлат органларида фуқароларни қабул қилиш ташкил этилади. Фуқароларни қабул қилиш раҳбар ёки бошқа мансабдор шахс томонидан амалга оширилади. Бунинг учун давлат органларида алоҳида бўлинмалар тузилиши мумкин, фуқароларни қабул қилиш учун масъул мансабдор шахслар белгилаб қўйилади. Фуқарони қабул қилиш, агар унинг бир неча бор қилган мурожаати асоссиз, қонунга хилоф хусусиятда бўлса ёки унинг мурожаати бўйича қарор қабул қилиб бўлинган бўлсагина, у рад этилиши мумкин.

Фуқаролар мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланаётганда уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб камситиш таъқиқланади. Фуқароларнинг мурожаатлари албатта қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши керак, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Фуқаро унинг мурожаатини қабул қилиш ва кўриб чиқиш асоссиз равишда рад этилганлиги устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки бевосита судга шикоят беришга ҳақлидир.

Яна ўқинг:  Инсонпарварликнинг юксак намунаси

Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда фуқароларнинг шахсий ҳаётига доир маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек, давлат сири ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ҳисобланган маълумотлар агар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотлар давлат органлари ходимлари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Фуқароларни ҳамда уларнинг оила аъзоларини ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига мурожаат этганликлари учун таъқиб қилиш ман этилади.

Фуқароларнинг ариза, таклиф ва шикоятлар бериши учун муддат белгиланмайди. Айрим ҳолларда муайян давлат органининг ариза, таклиф ва шикоятни кўриб чиқиш имкониятига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ўз вақтида рўёбга чиқариш, уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя этилишини таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек, қонунларда назарда тутилган бошқа асосларга кўра, бундай давлат органларига ариза, таклиф ва шикоятларни бериш муддати белгиланиши мумкин. Фуқароларнинг давлат органига келиб тушган мурожаатлари ана шу органнинг ўзи ёки зиммасига мурожаатларни кўриб чиқиш вазифаси юклатилган мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилади.

Ариза ёки шикоятлар масалани моҳиятан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб этмайдиган ариза ёки шикоятлар эса ўн беш кундан кечиктирмай кўриб чиқилади. Фуқаронинг мурожаатини кўриб чиққан давлат органи унга мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ва қабул қилинган қарорнинг моҳияти ҳақида ёзма шаклда хабар қилиши шарт.

Фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишни ва кўриб чиқишни асоссиз равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, қонунга зид қарор қабул қилиш, фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини ҳамда шикоят муносабати билан қабул қилинган қарор бажарилишини таъминламаганлик, фуқарога унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини беришни асоссиз равишда рад этиш ёки фуқароларнинг шахсий ҳаётига доир маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, фуқарони мурожаат қилганлиги учун таъқиб қилиш, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Фуқаронинг туҳмат ва ҳақоратдан иборат ариза, таклиф ёки шикоят берганлиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Яна ўқинг:  Яхши хулқ – саодат калити

Кўриб турганингиздек мамлакатимиз фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган ҳуқуқлари, эркинликлари, бурч ва мажбуриятлари амалдаги Қонунларда ўзининг тўлиқ ифодасини топган. Биз бундай мисолларни Бош Қомусимизнинг ҳар бир моддаси асосида келтиришимиз мумкин. Чунки, Конституциямизни жами олтита бўлими, XXVI боби, 128 моддасининг бутун мазмуни, унда белгиланган қоидалар амалда фаолият юритиб келаётган мамлакатимиз олий вакиллик органи – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган қонунларда у ёки бу тартибда ўзининг ҳуқуқий ечимини топганлиги халқимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоясини ўзида ифода этади.

Яна шуни таъкидлаш керакки, мамлакатимиз фуқароларининг Бош Қомусимиз томонидан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликлари, бурч ва мажбуриятлари парламентимиз томонидан қабул қилинажак қонунларда янада такомиллаштирилиб, мустаҳкамланаверади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2010 йил якунлари тўғрисидаги ҳисоботида таъкидланишича, 2010 йилда палатага фуқаролардан 2885 та ёзма ва оғзаки мурожаат бўлган. Фуқароларнинг мурожаати 2011 йилда 4475 тага етган. Бу олдинги йилга нисбатан деярли икки баравар кўпдир. Ушбу кўрсаткичлар парламентга халқнинг ишончи ортиб бораётганини, халқимизнинг ҳуқуқий маданияти юксалаётганини ўзида ифода этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлик фаолиятим давомида (2004-2009 йиллар) фуқаролардан келиб тушаётган ариза, таклиф ва шикоятларга алоҳида эътибор бергандим.Дастлабки йилларда ариза ва шикоятлар кўп бўларди-ю, қонунларга таклифлар билдирилган хатлар кам келарди. Бироқ, у кам бўлишига қарамай бу йўналишдаги мурожаатлар йилдан йилга ортганини кузатганмиз. Ҳатто, ўзим сайланган Хонқа округига учрашувларга борганимда дастлаб фақат ариза ва шикоятлар кўп бўларди. Кейинчалик қонунларга таклифлар кўпайди. Ушбу қиёслар ҳуқуқий демократик давлат қуришда халқимизнинг фаоллиги ортаётганлигини, фуқароларнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий билими, ҳуқуқий маданияти янада юксалаётганлигини кўрсатади.

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: