Фарзанд учун спорт тўгараги қандай танланади?

Кўпчилик инсонлар жисмоний тарбия ва спорт тушунчаларини бир хил маъно англатади, деб ўйлайди. Аммо, бу фикр унчалик ҳам тўғри эмас. Аслида улар мақсадни белгилашда ўзаро фарқланади. Жисмоний тарбия билан инсон соғлом бўлиш учун, спорт билан эса муваффақият ва натижаларга эришиш учун шуғулланилади.

Фарзандингиз олимпия чемпиони бўлиши шарт эмас. Энг асосийси, кундалик машқлар орқали унинг саломатлиги маромида бўлса, шунинг ўзи етарли. Бу орқали сиз уни “кўча”нинг салбий таъсиридан ҳимоя қиласиз ва саломатлигига ижобий таъсир кўрсатасиз. Шу ўринда ота-оналарни бир савол қийнайди: болани қайси спорт машғулотига берган маъқул?

Жанг санъати (дзюдо, каратэ, таэквандо ва бошқалар) – бу спорт турлари ҳаракат аниқлигини, эпчилликни ривожлантиришга ёрдам беради. Ўғил бола учун ўзини ўзи ташқи хавфлардан ҳимоя қилиш жуда муҳим саналади. Асосийси жанг санъати қўл ва оёқни ишлатишдан иборат бўлиб қолмаслиги керак. Мураб­бий болага ушбу спорт турларининг моҳиятини очиб бера олиши лозим бўлади. Акс ҳолда таъсирчан болада тажовузкорликни шакллантириб қўйиш мумкин.

Гимнастика (спорт ёки бадиий) – мазкур спорт турлари фарзандингизда эпчиллик, гўзаллик, ҳаракатлар аниқлиги, ижодий дунёқаришни ривожлантиришга ёрдам беради. Бу тур кўпроқ қизларга мос келади. Бироқ, пай чўзилиши, яна шунга ўхшаш бир қанча жароҳатлар нозик хилқат эгаларини бироз чўчитади. Шу боис, қиз болаларга кўпроқ рақс ёки фитнесни таклиф қилиш керак. Бу орқали улар жиддий жароҳат олишдан анчагина йироқ бўлади.

Кучли юкламали машғулотлар – оғир атлетика, бодибилдинг ва шунга ўхшаш спорт турлари билан камида 14-16 ёшдан кейин шуғулланиш тавсия этилади. Чунки ўсаётган организмга оғир юклама бериш салбий оқибатларга олиб келади.

 

 

Сузиш – Бу спорт турининг фойдаси ҳақида баҳслашиш шарт эмас. Фақат қиз болаларни моҳир сузувчиларнинг елкаси кенг бўлиши бироз чўчитиши мумкин. Лекин ҳафтада 2 марта сузиш билан шуғулланиш қоматга унчалик таъсир қилмайди.

 

Жамоавий спорт турлари – бундай спорт турларининг устунлик жиҳати, у фарзандингизда тенгдошлари билан мулоқотга киришиш, жамоавий руҳни ривожлантиришга ёрдам беради. Бир сўз билан айтганда болани ижтимоий мослашувига кўмаклашади.

Енгил атлетика (югуриш, найза ва ядро улоқтириш, спортча юриш, узунликка ва баландликка сакраш ва бошқалар) – албатта, 5-7 ёшида спорт тўгарагига қабул қилинган боладан ядро улоқтириш ёки марафон усулида югуриш талаб қилинмайди. Дастлаб бўлажак спортчи бу ёшида тўғри нафас олиш ва оёқни қандай тўғри қўйишга ўргатилади.

Яна ўқинг:  Коллеж ўқувчилари доимий иш ўрнига эга

Катта теннис – кейинги вақтларда тобора оммалашиб бораётган бу спорт тури орқали инсон абжирликни ўрганади. Агар теннис билан шуғулланишга имкониятингиз бўлмаса, хафа бўлманг. Бу сифатларни енгил атлетика, футбол ёки бошқа спорт турлари орқали ҳам ривож­лантирса бўлади.

Одатда ҳар бир боғча, умумтаълим ва болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида бепул ёки тўлов ҳисобига спорт машғулотлари йўлга қўйилган. Агар қайсидир сабабга кўра бундай бўлимлар мавжуд бўлмаса, эрталаб­лари оилангиз билан югуриш, совуқ сувда ювиниш, тўғри овқатланиш режимига риоя қилинг. Асосийси, машғулотларни мунтазам олиб боринг.

Агар бола биринчи машғулотданоқ ҳафсаласи пир бўлиб, бошқа машғулотга бормайман деб туриб олса, ота-оналар нима қилиши керак?

Яхшилаб ўйлаб кўринг, фарзандингиз бораётган спорт тўгарагини танлаганмисиз? Балки бола бошқа машғулотни хоҳлаётгандир?! Шундай экан ота-оналар фарзандининг қизиқишига қараб машғулотни танлаши керак бўлади. Бу билан сиз уларнинг истагини амалга оширибгина қолмай, келажакда фарзандингизни соғлом ва баркамол шахс бўлиб улғайишига кўмаклашган бўласиз.

Дилфуза АЗИМОВА

Тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: