Фарзанд – қутлуғ неъмат

унинг тарбияси учун барчамиз масъулмиз

Бола эшик қўнғироғини аста босди, аммо ҳеч ким очмади. Кайфияти тушиб, остонага ўтириб олди. Холаси бугун ҳам ишда ушланиб қолган чоғи. Акс ҳолда… Уйнинг калитини ташлаб кетса бўларди-ку, кўнглидан ўтказди у. Сумкасини ерга қўйиб, совқотган қўлларини бир-бирига ишқалаб иситишга ҳаракат қилди. Орадан икки соат ўтди ҳамки, холасидан дарак йўқ. Кўчанинг у ёғидан, бу ёғига юриб, тоқати тоқ бўлди. Ахири, кутавериб совқотган болакай, шоҳ кўчанинг бошида янги очилган “Интернет кафе”, “Компьютер ўйинлари” деб ёзилган эшик томон юзланди. Баҳонада исиниб оламан, дея ўйлади. Чўнтагида кеча холаси берган – ота-онаси юборган пуллардан бир талайи бор эди…

Ҳа, ҳамма нарса оддий эътиборсизликдан бошланади. Бир қараганда, нима қилибди, бола бироз кутганида холаси ҳам етиб келарди-ку, дейиш мумкин. Аммо бой берилаётган ана шу фурсатлар давомида унинг руҳиятида нималар юз беришини, хаёлидан қандай ўй-фикрлар ўтишини тасаввур этиб кўринг. Қолаверса, ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи ва мажбуриятлари ҳақида сўз кетса, янада ҳушёр тортишимизга тўғри келади.

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунларидаёқ, яъни 1991 йилнинг 20 ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунга имзо чеккан эдилар. Бу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимизда ёш авлодга эътибор ва ғамхўрлик, уларнинг ҳар томонлама униб-ўсиши, камол топиши учун барча шарт-шароитларни яратиш масалалари устувор вазифа эканидан далолат беради.

Ҳа, бизнинг ўзига хос миллий анъаналаримиз, қадриятларимиз бор. “Бир болага етти маҳалла ота-она”, “Онасини кўриб, қизини ол” каби ҳикматларимиз таг замирида олам-олам маъно мужассам. Фарзандга эътибор ана шундай беназир қадриятларимиздан биридир.

Афсуски, фарзандни дунёга келтириб, боғча ёшига етгач, қариндошлари қўлига ташлаб кетаётган ота-оналарнинг борлиги ачинарлидир. Натижада қаровсиз қолиб, кўча таъсирида тарбия топаётган айрим болалар бугун интернетда турли беҳаё фильмлар томошабинига, дўстлари орасида “митти” ёвуз ва босқинчига айланиб қолмоқда. Жангари фильмлар ва турли ўйинлар эса бола руҳиятини ўз домига тортмоқда. Ота-оналар, катталарнинг лоқайдлиги, бепарволиги оқибатида гўзаллик ўз ўрнини жоҳилликка, эзгулик ёвузликка, раҳмдиллик эса шавқатсизликка бўшатиб бермаяптими?! Уларга бу “имкониятларни” ўзимиз, ўз қўлимиз билан яратиб қўймаяпмизми?!

Яна ўқинг:  Театр: ҳам завқ ҳам сабоқ оласан

Келинг, шу ўринда Хоразм вилоятида вояга етмаган болалар ўртасида жиноят ва хуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бир таҳлил қилиб кўрайлик.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими томонидан рўйхатга олинган жиноятларнинг аксарияти уйида қаровсиз, ота-она назоратидан четда қолган болалар томонидан содир қилинаётганлиги аниқланган.

Вилоятимиз аҳолисининг 32,7 фоизини вояга етмаган болалар ташкил этади. Тақдиримиз эртаси аҳолининг қарийб учдан бир қисмидан иборат бўлган ана шу ёшлар қўлида эканини тасаввур этсак, биздан улар келажагига дахлдор эканимизни ҳар дақиқа, ҳар сония эсда тутиш талаб этилади.

Тўғри, масъул ташкилотлар, ўқув муассасалари, маҳалла фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан бу борада қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиляпти. Режалар тузилиб, профилактик ишлар мунтазам олиб борилмоқда. Бироқ соғлом оила муҳитида ота-онанинг ролини ҳеч ким бажара олмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар Дастури” ва вилоят ҳокимлигининг “Хоразм вилоятида ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури” талабларидан келиб чиққан ҳолда вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ички ишлар идоралари томонидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Вилоят ички ишлар идораларининг саъй-ҳаракатлари билан ушбу дастур ижроси бўйича маҳаллаларда, таълим муассасаларида ва ёшлар фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларда масъуллар билан ҳамкорликда гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва тамаки чекишга қарши қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари ва спорт соғломлаштириш тадбирлари ўтказилмоқда.

Ҳар йили Урганч туманидаги “Шодлик” болалар оромгоҳида вилоят ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганларнинг мавсумий дам олишлари ташкил этилиб, улар билан турли тарбиявий, маданий-маърифий ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, вояга етмаган шахсларнинг ғайриижтимоий хатти-ҳаракат ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишларини ҳамда уларнинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтларда бўлишларининг олдини олишга қаратилган тадбирлар юзасидан 188 маротаба қўшма рейдлар ўтказилди. Ушбу рейдлар давомида тунги вақтларда ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларсиз кўнгил очиш масканларида юрган 36 нафар, ҳуқуқбузарлик содир қилган 470 нафар ва ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилган 74 нафар вояга етмаганлар аниқланиб, уларга қонуний чоралар кўрилган.

Яна ўқинг:  Соғаймоқчимисиз? Феълингизни ўзгартиринг!

Вояга етмаганларни тунги вақтда ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларсиз кўнгилочар масканларга киритган 23 нафар масъул шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 188-моддаси асосида қонуний чоралар тайинланган.

Шунингдек, фарзандларини ғайриижтимоий хатти-ҳаракат қилишга ундаган Боғот туманида яшовчи 2 нафар ота-она Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 188-моддаси асосида жавобгарликка тортилган бўлса, фарзандларини маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилишга, яъни ёнилғи мойлаш маҳсулотларини сотишга ундаган Урганч шаҳрида яшовчи 2 нафар ота-она Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 188-моддаси асосида маъмурий жавобгарликка тортилган.

Янгибозор ва Қўшкўпир туманларида порнографик мазмундаги материалларни тарқатиш билан шуғулланган икки нафар шахс Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 189-моддаси асосида жавобгарликка тортилган бўлса, Урганч шаҳрида порнографик нарсаларни тайёрлаш ёки тарқатиш билан шуғулланган бир нафар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 130-моддаси тартибида жиноий жавобгарликка тортилган.

Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган вояга етмаганлар ва фарзандларига таълим-тарбия бериш мажбуриятини лозим даражада бажармаган ота-оналарга нисбатан маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларга 872 та ҳужжат юборилган. Комиссиялар қарорларига асосан 415 нафар вояга етмаганлар ва 208 нафар ота-она янгидан ички ишлар идораларида профилактик ҳисобга олинган. Шунингдек, 19 нафар вояга етмаганлар махсус ўқув тарбия муассасаларига юборилган, 9 нафар ота-она оталик ва оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Бу каби рақамларни яна кўплаб келтириш мумкин. Фарзандининг тарбияси билан тўлиқ шуғулланмаган, болани ўз ҳолига ташлаб ёҳуд бировнинг тарбиясига бериб қўйган ота-оналар эртага ўз мажбуриятларини бажармаганликлари учун афсусланиб қолмайдиларми? Ҳар бир ота-онанинг фарзанд олдидаги ва аксинча ҳар бир фарзанднинг ота-онаси олдидаги муқаддас бурчи ва мажбуриятлари бор. Конституциямизда ана шу ҳуқуқий муносабатларга қадриятларимиз нуқтаи назаридан юксак баҳо берилган. Жумладан, Конституциямизнинг XIV боби, 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” дейилса, шу бобнинг 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” дея белгилаб берилган.

Фарзанд инсонга ҳадя қилинган энг улуғ неъматдир. Шундай экан фарзандлар олдидаги бурчимизни виждонан адо этиб, уларни эл-юрт корига ярайдиган ўғил-қизлар бўлиб вояга етишига замин яратайлик.

Яна ўқинг:  Сифатли таълим тараққиёт гарови

Дилбар БЕКЧАНОВА,

журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: