Фарзанд – оила қувончи, аёл – хонадон файзи

Юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган. Қувонарлиси, бу борада “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам чорак асрдан буён самарали фаолият юритиб келмоқда. Ислоҳотлар самараси, соҳадаги янгиликлар, амалга оширилаётган ишлар хусусида фонднинг “Оналик ва болалик” бўлими бошлиғи Жумабек НУРОВни суҳбатга тортдик:

– Ҳар қандай миллатнинг асосий бойлиги – оналар ва болалар саломатлигидир. Шу маънода олиб қараганда жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама соғлом ва интелектуал салоҳиятли авлодни тарбиялаш борасида бугун “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди қандай ишларни амалга оширмоқда?

 

Фонднинг асосий мақсад ва вазифалари жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандлар тарбиялашни таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, оилаларда соғлом авлод туғилиши ва тарбияланиши учун юксак масъулият психологиясини шакллантиришга кўмаклашишдан иборатдир. Фонд ўз фаолиятини тиббий, ижтимоий, гуманитар, спорт ва маънавий-маърифий дастурлари орқали амалга ошириб келмоқда. Бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

Фонд фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бу оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўлиб, ушбу йўналишда давлат ва нодавлат ташкилотлари билан фаолиятини мувофиқлаштириб келмоқда. Бугунги кунда республикамиз миқёсида фаолият олиб бораётган 13 та Скрининг марказлари узлуксиз ишлаши учун бюджет маблағлари ҳисобидан реактив ва реагентлар ҳамда шифобахш болалар озуқалари сотиб олиниб, етказиб берилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда нуқсонларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун республика ва минтақавий скрининг марказлари томонидан 2017 йилнинг 12 ойи давомида 328 мингдан ортиқ янги туғилган чақалоқ туғма гипотиреоз ва 328 мингдан ортиғи фенилкетонурия касаллигини аниқлаш учун скрининг текширувларидан ўтказилди. Текширув натижасига кўра айрим чақалоқларда туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия касаллиги аниқланган. Уларга дори-дармон ва шифобахш болалар озуқалари мунтазам республика ва вилоят скрининг марказлари орқали бепул етказиб берилмоқда. Шунингдек, ўтган йилнинг 12 ойи давомида жами 259 минг 806 нафар хавфли гуруҳга кирувчи ҳомиладор аёллар скрининг ультратовуш (УТТ) текширувидан ўтказилди.

 

Аҳоли ўртасида тиббий-ижтимоий патронаж ёрдамини ташкил этиш фонднинг энг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Бу борада амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтсангиз.

Яна ўқинг:  Нимани ҳис қиласиз, аскар дўстим?

 

1996 йилдан буён замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган “Мерседес Бенс” автоамбулансларида фонднинг тиббий ижтимоий патронаж бригадалари томонидан вилоят ва туман ҳокимликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамоат фонди вакиллари ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари билан ҳамкорликда республикамизнинг чекка ҳудудларидаги аҳолига, айниқса, оналар ва болаларга малакали тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

  Жорий йилнинг биринчи чорагида фонднинг тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари томонидан республикамиздаги 917 та маҳалла ва 302 та қишлоқда яшовчи 72 минг нафардан ортиқ ФУҚАРО, 5 мингдан ЗИЁД оилаларнинг ижтимоий шароити ва унинг соғлиги ўрганилди. Тиббий кўрикдан ўтганларнинг 37 минг нафари аёллар, 28 минг нафари фертиль ёшдаги аёллар, 17 минг нафардан зиёди болалардан иборат.

Тиббий кўрик давомида аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламларига фонд томонидан дори-дармон, кийим-кечак, санитария-гигиена воситалари ва бошқа турдаги инсонпарварлик ёрдами етказиб берилди. Шунингдек, 2018 йилда аҳоли орасида касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича мингдан ортиқ учрашув, маъруза ва давра суҳбатлари ўтказилди. 1996–2017 йилларда тиббий ижтимоий патронаж бригадалари томонидан жами 4 млн. дан ортиқ фуқаро тиббий кўрик билан қамраб олинди.

 

Фонднинг Германия ва Корея Республикасининг халқаро хайрия ташкилотлари билан ҳамкорлик доирасида олиб бораётган лойиҳалари хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

 

Ҳар йили хорижий мутахассислар юртимизга ташриф буюриб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида бир неча кун мобайнида бемор ва ногирон болаларни тиббий кўрикдан ўтказади. Кўрик давомида ривожланишида туғма ёки орттирилган нуқсони бўлган, жарроҳлик амалиётига муҳтож ва Ўзбекистонда жарроҳлик амалиётини амалга ошириш имкони бўлмаган, шунингдек, узоқ муддатли бир неча босқичли операцияга муҳтож бўлган болалар хорижий мутахассислар томонидан танлаб олинади ва соғломлаштириш учун чет эл клиникаларига юборилади. Афсуски, уларнинг кўпчилиги ота-оналар назоратсизлиги ва эҳтиётсизлиги натижасида жароҳатланган ҳамда таянч-ҳаракат тизимида ва жисмоний ҳаракат функцияларида муаммолар пайдо бўлган болалардир. Бу болаларнинг аксариятида бир неча жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, улар 2-3 босқичда соғломлаштирилади.

Қолаверса, 2004 йилдан буён “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германиянинг “Фриеденздорф интернейшнл” халқаро ташкилоти ҳамкорлигидаги грантлар ташкил этилган. Унга кўра, республикамиз клиникаларида ўтказиш мумкин бўлган жарроҳлик амалиётлари учун шифохоналар билан шартномалар тузилиб, бемор болаларни операция қилиб, соғломлаштириш учун маблағ ўтказилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу грантлар лаб-танглай туғма нуқсони, бўйин ва оёқнинг туғма ортопедик нуқсонлари, куйишнинг асоратлари бўлган чандиқли контрактура касалликлар учун ажратилади.

Ўтган йили республикамиз клиникаларида лаб-танглай туғма нуқсонлари бўлган 160 нафар, бўйин, шунингдек, оёқнинг туғма ортопедик нуқсонлари бўлган 226 нафар ҳамда куйиш асоратлари билан 21 нафар болада операциялар амалга ошрилди.

Шунингдек, Германиянинг “Фриеденздорф интернейшнл” халқаро ташкилоти томонидан грант маблағлари доирасида 2017 йилда 187 нафар туғма юрак нуқсони бўлган бемор бола Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида операция қилиниб, соғломлаштирилди. Бунинг учун фонд томонидан бемор болаларга оксигенатор ва унинг бутловчи қисмлари бепул етказиб берилмоқда.

Ушбу лойиҳалар доирасида 2004–2017 йиллар давомида республикамиз клиникаларида жами 5 минг 800 нафардан ортиқ бемор бола операция қилиниб, соғломлаштирилди. Ўтган давр мобайнида 350 нафардан зиёд бемор бола Германия клиникаларида операция қилинди. 2011 йилдан буён туғма юрак нуқсони бўлган бемор болаларни Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида муваффақиятли операция қилинмоқда.

 

Яна ўқинг:  12 нафар бемор бола Германияда даволанади

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан юрак туғма нуқсон билан бемор болаларни соғломлаштириш қай йўсинда амалга оширилади?

 

2011 йилдан буён туғма юрак нуқсони бўлган бемор болалар Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида муваффақиятли операциялар амалга ошириб келинмоқда.

Ҳозирги кунга қадар 1 минг 980 нафар юрак нуқсони бўйича хасталанган бола фонд томонидан рўйхатга олинган. Мазкур рўйхат “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг ҳудулардаги филиалларида фаолият юритаётган шифокорлар билан биргаликда шакллантирилган. Рўйхатга киритилган бемор болаларнинг саломатлиги шифокорлар томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, агар хаста боланинг аҳволи оғир даражада бўлса, улар навбатсиз операция қилиниши кўзда тутилган.

Германиянинг “Фриеденздорф Интернейшнл” халқаро ташкилоти томонидан грант маблағлари доирасида 2017 йилда 187 нафар туғма юрак нуқсони бўлган бемор бола Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти клиникасида операция қилиниб, соғломлаштирилди. Бунинг учун фонд томонидан бемор болаларга оксигенатор ва унинг бутловчи қисмлари бепул етказиб берилмоқда.

Жарроҳлик амалиётлари юртимизда фаолият юритаётган тажрибали шифокорлар ва хорижлик ҳамкорлар кўмагида Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти клиникасида ва В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургик марказида амалга оширилмоқда.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: