ЭЗГУ МАҚСАДЛАР ЙЎЛИДА СОБИТҚАДАМ

Хайрулла ака, аввало, устозлик касби маҳорати ва масъулияти ҳақида сўз юритсак.

– Устоз-ўқитувчи … У ўз тафаккури дунёсини бетиним меҳнати, юксак муҳаббати, осмон қадар сабри ила уйғунлаштириб, келажак вориси – ёш авлод тарбиясига бахшида этаётган юрт фидойиси… Келажак авлод тақдири унинг қўлида, десак адашмаймиз. Шу аснода “Таълим тўғрисида” ги Қонун, “ Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”да ҳам Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан биз ўқитувчиларнинг олдига қатор вазифалар белгилаб қўйилди. Ана шу улкан вазифаларни бажариш йўлида таълим масканимизда ҳам 425 нафар ўқувчига 37 нафар олий маълумотли ўқитувчи дарс бериб келмоқда.

Айтинг-чи, мактаб директоридан нималар талаб этилади?

– Раҳбар қатъиятли ва жонкуяр, огоҳ ҳамда мулоҳазакорлик билан жамоа фикрига ҳам таяниб иш юритса, ҳамиша унинг ортида турган одамлар ишончини қозонади. Агар у даставвал жамоада соғлом муҳитни шакллантира олса, гоҳо дуч келадиган ички ва ташқи қарама-қаршиликларга қарши курашувчанлик ва тадбиркорлик билан шай тура олса, ҳар бир ишда ўз ақли, билими ва жамоанинг кучига суянса, бу жараёнга “лаббай” деб жавоб бера олади. Ишда ва ҳаётда ҳам талабчанлик ҳамда меҳрибонлик баробарида қаттиққўлликни устозларим Мусаввар Саъдуллаева, Тамара Казакова, Туроб Ҳайдаровлардан ўрганганман. Бу азиз инсонлардан ўрганганларимни эса айни вақтда Марҳабо Нуримова, Бекзод Ашуров, Дилфуза Маҳмаюсупова, Гулмира Бозорова каби шогирдларимга ўргатяпман. Юртбошимиз таъкидлаб ўтганидек, топширилган вазифага масъулият ҳисси билан ёндашиш, сўз ва иш бирлиги, малака ҳамда тажрибаларга суяниш фаолиятимнинг асосий мезонидир.

Ҳар бир ўқувчининг қалби гўёки кашф этилмаган сирли дунё. Уни кашф этиш ҳамда иқтидорини юзага чиқариш эса ўқитувчининг кузатувчанлигига боғлиқ бўлади. Шундай эмасми?

– Албатта. Мактабимизда ўқувчиларнинг қизиқишлари, қайси фан йўналиши бўйича иқтидорини намойиш эта олишига алоҳида эътибор берилади. Шу боис туман, вилоят миқёсида ҳар йили ўтказилиб келинадиган “ Билимлар беллашуви”, “Фан олимпиадалари” ва турли маънавий-маърифий тадбирларда ўқувчиларимизнинг фаол иштироки таъминланади. Масалан, 2013 ўқув йилида ўқувчимиз Рухшона Тоҳирова “ Ватан куйчиси”, Камола Самадова эса “ Энг кўркам маҳаллам” каби, шунингдек, яна ўқувчиларимиздан бир гуруҳи “ Ҳуқуқ билимдонлари” кўрик-танловларида фахрли 3-ўринни қўлга киритдилар. Бундан ташқари “Билимлар беллашуви”да ўқувчиларимизнинг юқори кўрсаткичларга эришганлиги туман миқёсида эътироф этиб ўтилди. Бу муваффақиятларда ўқув ишлари бўлими мудири Нигора Боботова, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Раъно Абдураҳманова, руҳшуносимиз Акбар Файзиев, фидойи ўқитувчилардан Санобар Тоирова, Майсара Ҳазратқулова, Улуғбек Мирзаев, Гулноза Ҳасанова, Матлуба Қўлдошеваларнинг ҳиссалари катта.

Яна ўқинг:  ҚАНОТ ЁЯЁТГАН ТАШАББУС

Етарли таълим-тарбия бермоқ учун кўнгилдагидек шарт-шароитлар ҳам зарур. Бевосита саволим куз-қиш мавсумига тайёргарликлар ҳақида…

– Халқимизда “Қиш ғамини ёзда е”, деган ибратли нақл бор. Мактабимизда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди. Айни дамда мактаб биносини иситишга мослаштирилган қозонхона таъмирдан чиқарилиб, иситишга шай қилиб қўйилди. Барча синф хоналари қайтадан назорат қилиниб, масъул кишилар бириктирилган.

Мактабда ободонлаштириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Билим даргоҳимизда 1 гектарлик боғ яратганмиз. Шунингдек, бу мўъжаз боғимизга 240 тупдан иборат ток ва 1000 тупдан зиёд терак қаламчалари экилган. Булардан келадиган даромад эса мактаб биносини таъмирлаш ишларига сарф этилади. 2014 йилда “Соғлом бола” боғини барпо этдик.

Дарвоқе, Хайрулла Турдиев раҳбарлик қилаётган таълим даргоҳига кириб борар эканмиз, ўзимизни чаманзорга кириб қолгандек ҳис этдик. Маҳалласида у кишини “ устоз-боғбон” деб аташар экан. Унинг хонасида 100 дан зиёд гулларнинг ҳар хил турларини кўриб, ҳайратга тушдик.

Хайрулла ака таълим фидойиси, севимли рафиқаси Сайёра опа билан уч нафар фарзандни вояга етказиб, икки нафар набиранинг суюкли бобосига айланган. Бир сўз билан айтганда устозлик касбини шарафлаб, шогирдлар қалбидан жой олаётган ҳар бир ўқитувчи меҳридарё устоз сифатида ҳамиша элда эъзоз топишига шак-шубҳа йўқ.

Гулжаҳон МАРДОН қизи,

Самарқанд вилояти

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: