Эзгу иш ҳаётга иштиёқ беради

Ўзбек қизлари, аёллари ҳақида гап кетганда, уларга қўли гул чевар, пазанда дея таъриф берилади. Бизнинг қаҳрамонимиз эса болалигиданоқ дардманд инсонларга шифо улашишни мақсад қилган. бугун эса ана шу эзгу нияти амалга ошиб, тиббиёт соҳасида самарали меҳнат қилаётган фидойи шифокорлардан. Беғубор, серғайрат, ҳар бир ҳаракатидан ҳаётга, инсонларга бўлган меҳри, яшашга иштиёқи сезилиб туради.

5 ёшимда отамдан етим қолгач, онам ва бувим қўлида вояга етдим, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Жўрахон Азимова. – Мен улардан кўп нарсаларни ўргандим. Отамдан эрта айрилгач, тиббиёт соҳасини чуқур ўрганиб, келажакда етук шифокор бўлишни мақсад қилдим. Ўқишга меҳр қўйдим. Мактабни тамомлагач, орзуларим мени Андижон давлат тиббиёт институти сари етаклади. Олийгоҳни тугатгач, иш фаолиятимни 1962 йилда қишлоқ шифохонасида бош шифокор лавозимида бошладим.

Жўрахон Азимова 1963–1970 йиллар Поп туманида акушер-гинеколог бўлиб фаолият олиб борди. 1970–1972 йиллар эса Москвада Акушерлик ва гинекология илмий тадқиқот институтида клиник ординатор бўлиб ишлади. Кейинчалик шу институтда аспирантурада таҳсил олди. Академик Александр Стрежаков илмий раҳбарлиги остида “Аёлларнинг жинсий аъзоларида учрайдиган эндометроз касалликларини даволаш ва уларнинг олдини олиш” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Сўнгра Тошкент тиббиёт олийгоҳига ишга юборилди.

Жўрахон Азимова институтнинг “Акушерлик ва гинекология” кафедрасида фаолият олиб бориш билан бирга, устози, профессор Юлдуз Жабборова тавсияси билан докторлик ишига қўл уради ва 1996 йилда “Камқон аёлларда чилла даврининг кечиши ва унинг асоратларининг олдини олиш” мавзуида докторлик ишини ёқлаб, профессорлик илмий даражасини олди.

Кейинчалик устоз-шифокор Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан соҳани ривожлантириш мақсадида ташкил этилган Республика акушерлик ва гинекология илмий-текшириш институтининг Наманган вилоят филиалида 2000–2003 йиллар мобайнида раҳбар лавозимида фаолият олиб борди. Ж. Азимова вилоятдаги уч йиллик меҳнати давомида оналик ва болаликни муҳофаза этиш борасида кўплаб ишларни амалга оширди ва бир қатор шогирдлар тайёрлади.

Гинекология соҳаси истиқболда янги диагностика ва даволаш усулларини ўзлаштиришни тақозо этади, – дейди Ж. Азимова. – Замонавий техникалар билан сирлашиш эса ҳар бир ёш мутахассисдан юксак малакани талаб этади. Бунда эски авлод вакиллари ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, ёш кадрларга тиргак бўлишлари лозим.

Қаҳрамонимиз ҳозирда нафақа ёшида бўлсада, Тошкент тиббиёт академиясининг акушерлик-гинекология клиникасида консультант вазифасида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Яна ўқинг:  Эртак эшитмай улғайган бола... йўқ

Улуғ донишмандлар инсон ўз умрини эзгу ишларга бағишламоғи, уни камолот сари интилмоғи зарурлигини таъкидлаган. Ҳаётини тиббиёт соҳасига бағишлаган Жўрахон Азимовага бу борада ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: