Етти юз бор саҳнага чиққан «Навоий»

Мабодо актёр бирор бир нарса ҳақида ҳаммавақт ўйлаб, хаёлида уни доим ёрқин тасаввур қилса, беихтиёр ўша образга айланиб қолар, ундан кундалик турмушда ҳам осонликча қутилолмас экан.

Бетакрор санъаткор Олим Хўжаев Алишер Навоий спектаклида бош ролни ижро этган пайтда шу ҳолга тез-тез тушар, актёрнинг образдан чиқиб кетиши жуда-жуда қийин кечарди. Буни яхши тушунган санъаткорнинг рафиқаси Шоҳидахоним муносиб иш тутар, турмуш ўртоғи театрдан уйга келгач, уни безовта қилмасликка ҳаракат қиларди. Ўша куни Бухородан жиянлари келганда ҳам шундай бўлди: Олим Хўжаевга меҳмонлар келганини айтмади. Бундан уй соҳиби ранжигандай бўлди:

 

Хоним, кеча кечқурун улуғ меҳмонлар келибди-ю огоҳлантирмабсиз ҳам…

Тарки одат амримаҳол, вужудингиздан Навоийнинг туйғулари эркин чиқиб кетишига монелик қилолмадим. Сиз ўшанда шоир ҳолатида эдингиз…

 

Бундай пайтларда Шоҳида опа актёрни ҳолатдан чиқаришни биларди, спектаклдаги “… Биз бечора ер, Сиз самосиз…” деб Гули монологини айтарди. Санъаткор партнёр ролига кирар, воқеалар ипини боғлаб юборарди.

Олим ака саҳнадоши ва сафдоши, олима Шоҳида опани шундай пайтларда ич-ичидан яхши кўриб кетарди. Умр йўлдошига меҳри товланарди. Иккаласини учраштирган тақдирдан мамнун бўларди. Саҳнада учрашиб, севги изҳор қилганини ўйларди. Ўтган асрнинг 30-йилларида республика театр труппасига қабул қилингани, кейин Маннон Уйғур раҳбарлигида роллар ижро этгани, қатағон йилларида унинг бошига ҳам не-не кулфатлар солгани, ҳозир ўзига меҳр билан боқиб турган Шоҳидаси билан тергов органларида танишгани…

Саҳнада 700 марта улуғ шоир образини гавдалантириш билан санъаткор ўзидаги Навоийга бўлган меҳрни томошабинларга ҳам юқтира олган эди.

Спектакль якунида Ҳусайн Бойқаронинг “Қаёққа?” деб берган саволига “Халқимга, ижодимга” дея саҳнадан томошабинлар орасига тушганида театр деворлари қарсаклардан ёрилай дерди. Мухлислар олқиши то актёр саҳнага чиққунига қадар давом этарди…

Ўзбекистон Миллий университети (аввалги Тошкент давлат университети)нинг ўқитувчиси, олим Хайрулла Исматуллаев биз бўлажак журналистларга саҳна тили, Навоий тилини Олим Хўжаевдан ўрганиш зарурлигини қайта-қайта такрорларди. Шу мавзуда курс иши ёзган талаба сифатида ўша пайтда улуғ актёр иштирок этган спектаклларни диққат билан томоша қилгандим. Актёр “Эй Насимий, субҳ, аҳволим дилоромимға айт”, дейиши билан иштирокчилар XV аср, унинг энг ёрқин саҳифаси – Навоийни тасаввур қиларди… Санъаткорнинг юксак ижросини кузатиб, саҳнада тил биринчи даражали восита эканини яққол ҳис қилгандим.

Яна ўқинг:  Теннис бўйича хотин-қизлар ўртасида Осиё/Океания минтақаси саралаш баҳслари иккинчи гуруҳ учрашувлари ўтказилмоқда

Улуғ актёр Олим Хўжаевни санъат йўлидаги меҳнатлари халқимиз томонидан эътироф этилган. Бугун Ўзбек Миллий академик драма театри музейидаги буюк актёр ҳаёти ва ижодига оид экспонатлар билан танишиб, Олим Хўжаев билан хаёлан суҳбатлашгандай бўласиз…

 

Пардабой ТОЖИБОЕВ,

Жиззах вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: