Эътиборсизликми, иқтидорсизликми ёхуд шифокор ҳуснихатини ким ўйлаб топган?

Республика интернет нашрларида оғриқли хабар тарқалди. Унда таъкидланишича пойтахтимизнинг Олмазор туманида уч опа-сингил бир кундаёқ вафот этган. Дастлабки маълумотларда уларнинг ёши келтирилмагани, лекин ёшгина қизалоқлар экани таъкидланган. Хўш, бир кун олдин соппа-соғ бўлган, ота-она бағрида, қийқириб ўйнаб юрган, уларнинг меҳридан баҳраманд улғаяётган бу қизалоқлар нима сабабдан ажалнинг комига илинди?

“Вермокс” ва “Верапамил” эгизакми?

Уч қизалоқни тумандаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирига олиб борган ота-она қийма кабоб истеъмол қилишни ихтиёр қилади. Табиийки, иштаҳани очадиган бу таомдан қизалоқлар ҳам бебаҳра қолмаган. Бироқ, уйга қайтишгач, учаласининг ҳам меъда-ичак тизимида кучли оғриқ бошланади. Шошилинч тез тиббий ёрдам шифокори вазият оғирлигини, уларни зудлик билан шифохонага етказиш зарурлигини айтади. Минг афсуски, қизалоқлардан бири йўлда вафот этади. Қолган икки нафари эса шифохонада жон беради. Мазкур иш юзасидан Олмазор туман прокуратураси жиноий иш қўзғади. Бундай аянчли вазиятда оила аъзолари ўлим сабабини умумий овқатланиш шохобчасида истеъмол қилинган қийма кабобнинг сифати бузилган бўлиши мумкинлигини, фарзандлари заҳарланиб ўлганини тахмин қилишади. Суд тиббий экспертиза хулосаси эса умуман бошқа ҳолатдан гувоҳлик берарди. Қизалоқлар бир кун олдин шифокор кўригида бўлгани, мутахассис уларга “Вермокс” дори воситасини қўллашни маслаҳат бергани, аммо дорихона ходими шифокорнинг ҳуснихатини тўлиқ ўқий олмай ўрнига “Верапамил” дори воситасини сотиб юборгани эса кейин ойдинлашади. “Натижада ёш организм бу дори воситасига чидай олмаган”, дейилади хабарда.

Маълумки, мамлакатимизда дорихоналар фаолиятини тартибга солиш, дори маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи мутахассисларнинг малакасини ошириш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди. Бироқ, бирозгина эътиборсизлик туфайли ҳаридорга бериб юборилган дори воситаси оқибатида уч қизалоқ ҳаётдан кўз юмди. Унинг бадалини энди на сийму-зар, на “оҳ-воҳ”лар қоплаб беролмайди. Энди уларни ҳаётга қайтаришнинг имкони йўқ. Дорихона сотувчиси шифокорнинг ёзувини тушунмаган экан, қайси касаллик учун ушбу дори воситаси харид қилинаётганини сўраши мумкин эдику? Наҳот, “Вермокс” ва “Верапамил” дори воситаларининг таъсир доираси бир хил бўлса, улар бир хил вазифани бажарса? Ахир, улар “эгизак” эмаску! Буни аввало, дорихона ходими чуқур ҳис қилиши керак эмасми?

Шифокорларни ҳам ўқитувчи ўқитганмикан?

Яна ўқинг:  Илдизини топган дарахтлар

Яқинда бир курсдошим қўнғироқ қилди. У гап орасида бир ташвиш билан пойтахтга келгани, жияни оғриб қолгани, шифокор кўригидан ўтказганини айтди. Кечки пайт учрашдик.

– Дорихонага киришимиз керак, – деди у қўлидаги қоғозни кўрсатаркан. – Шифокор ёзиб берди. Қишлоғимизда ҳамма касалликни “Парацетамол”, “Цитрамон”, “Мукалтин” деган дорилар билан даволашади, – ҳазилнамо нашъа қиларкан. – Пойтахтда тиббиёт ривожланганда, рўйхатни қара, бир ярим қоғоз бўлди-я.

Суҳбат асносида дорихонага ҳам етиб келдик. Сотувчи рецептни кўздан кечираркан, ўйланиб қолди: – мана бу, мана буларга тушунмадим, бошқа дорихонадан сўрарсиз.

Шу зайлда тўртта дорихонанинг эшигини қоқдик. Ниҳоят бир ўрта ёшли сотувчи аёлгина шифокор ҳуснихатини ўқий олди.

– Хайрият-ей, – деди дўстим, кўзлари ёниб. – Ўзи шу шифокорларни ҳам ўқитувчи ўқитганмикан? Ёзувига тушуниб бўлмайди.

Сотувчи аёл мийиғида кулди. Дориларни бир қатор қилиб тизаркан, жавоб беришга ҳозирланди:

– Аслида врачлар ташхисни шундай ёзиши керак. Боиси, бемор ташхис ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаслиги лозим. Лекин улар рецептниям роса бежаб беришади. Кўп кишилар шифокорга қайта мурожаат қилишга ҳам мажбур бўлишади.

Тўғри-да, оғриб турган иссиқ жоннинг кўзига ҳаёт янаям ширин кўринади. Даво учун шифокор нимани тавсия қилса фойдаланаверади. Бироқ, ўртада дорихона ходими борлигини, у чиндан ҳам дори воситаларини тўғри берганми, йўқлигини ўйлаб ҳам кўрмайди.

Оқ халат кийган, касби учун муқаддас қасамни ичган тиббиёт ходимидан ким ҳам шубҳаланар эди. Шундай тиғиз вақтда унинг ёзуви фақат ўзи учун тушунарли экани кимнинг тушига кирарди.

Табиийки, юқоридаги ҳолатда шифокорни оқлаб бўлмайди. Уч қизалоқнинг умри зомин бўлишига унинг ҳам “ҳисса”си бор.

Инсон ҳаёти қилнинг устида туриши бор гап. Арзимагандек кўринган шифокорнинг тушунарсиз ҳуснихати орқасидан ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган норасида уч нафар қизалоқ вафот этди. Бу мудҳиш воқеа, ота-оналарни, дорихона ходими-ю, шифокорларни яна бир бор фарзанд саломатлигига, инсон тақдирига бефарқ қарамасликка чорлади.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: