Эътиборга муносиб зафарлар

Бугун нафақат шаҳар, ҳатто юртимизнинг энг чекка туман ва қишлоқларида туғилган ўғил-қизлар ҳам ўз иқтидори ва салоҳияти билан дунё кезмоқда, нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Бу мамлакатимизда келажагимиз бунёдкорлари бўлмиш ёш авлод камолотига алоҳида эътибор қаратилаётганининг самарасидир.

Шуни фахр билан тилга олиш керакки, истиқлол йилларида фарзандларимизни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим ва самарали омили бўлган болалар спортини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

 

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маълумотларига кўра, 2003–2016 йилларда юртимизда 2 минг 474 иншоот, жумладан, 2 минг 173 спорт объекти, 301 болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 118 сузиш ҳавзаси қурилиб, ёшлар ихтиёрига топширилди.

 

120 турдаги спорт жиҳозларидан 119 таси юртимиздаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Ҳолбуки, 2003 йилда спорт жиҳозларининг атиги 73 таси мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, холос.

Жорий йил ўзбек спортчилари учун ҳар жиҳатдан омадли йил бўлди. Жумладан, ёш оғир атлетикачиларимиз Грузия ва Малайзияда ўтган жаҳон чемпионатида, бокс бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари эса Санкт-Петербург шаҳрида ўтган дунё биринчилигида ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олди. Ўзбекистоннинг ёш шахматчилари мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалга сазовор бўлди. Бадиий гимнастикачиларимиз Люксембургда ўтказилган халқаро турнирда тўртта медални қўлга киритди.

Бу каби ғалабалар фарзандларимизнинг жисмоний тарбия ва спортга қизиқишини янада ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, улар онгига ватанпарварлик, юртга садоқат каби эзгу фазилатларни сингдиришда муҳим аҳамиятга эга.

2016 йилнинг энг қувончли воқелиги сўзсиз ўзбек спортчиларининг Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қилган ёзги Олимпия ўйинларидаги муваффақиятли иштироки бўлди. Бу гал ушбу нуфузли спорт байрамида дунёнинг икки юздан зиёд давлатидан спортчилар қатнашди. Эътиборлиси, улар орасидан 87 мамлакат атлетларигина шоҳсупага кўтарилди. Олтин медални қўлга киритганлар эса янада кам – 59 та. Қувонарлиси, ушбу мусобақада ўзбек спортчилари 13 медал жамғариб, умумжамоа ҳисобида 21-ўринни банд этди. Бу кўрсаткич билан делегациямиз Осиё давлатлари орасида тўртинчи, МДҲда иккинчи, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.

Яна ўқинг:  Яхшиям борсиз, яхшилар!

Мазкур Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига боксчиларимиздан Рустам Тўлаганов, Муроджон Аҳмадалиев, дзюдочилар – Ришод Собиров, Диёрбек Ўрозбоев, эркин кураш бўйича Элмурод Тасмуродов, Ихтиёр Наврўзов, Магомед Ибрагимов бронза, боксчиларимиздан Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев эса иккита кумуш медални қўшиб қўйди. Шунингдек, боксчиларимиз Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров, Фазлиддин Ғойибназаров, оғир атлетикачимиз Руслан Нурудинов ғалабаси шарафига ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон Республикаси байроғи кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси янгради.

– Ўтган йилларда болалар спортини ривожлантириш борасида қилинган эзгу ишлар натижасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчи ўғил-қизлар сафи кенгайиб бормоқда. 2016 йилда ёш спортчиларимиз Германия, Португалия, Россия, Вьетнам, Италия, Жанубий Корея, Испания, Таиланд, Болгария, Греция, Голландия, Ҳиндистон, Малайзия, Венгрия каби давлатларда ўтказилган мусобақаларда 182 та олтин, 130 та кумуш ва 121 та бронза медални қўлга киритди, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижрочи директорининг ўринбосари Акмал Бобонов.

Ишонамизки, кириб келаётган 2017 йилда ўзбек спортчилари бундан-да юксак марраларни забт этадилар.

 

Хуршида ҲАКИМОВА,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси:

– Спорт – жону дилим. Мана бир неча йилдирки, синхрон сузиш билан жиддий шуғулланаман. Шуни қувонч билан айтишим керакки, якунланиб бораётган 2016 йил мен ва спортчи дугоналарим ҳаётида ўчмас из қолдирди. Йил бошидан жамоамиз билан ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига жиддий тайёргарлик кўрдик. Якунда ўзбек синхрон сузиш тарихида илк бор мазкур нуфузли мусобақанинг финал баҳсларида иштирок этдик. Сентябрь ойида юртимиз “Сув париси” халқаро турнирига мезбонлик қилди. Жамоамиз ушбу мусобақада ўз дастури билан ғолибликка эришди.

Шунингдек, жорий йил Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида дуэт дастурим билан иштирок этиб, бронза медалига сазовор бўлдим. Бу орқали халқаро тоифадаги спорт устаси талабини бажардим.

Ниятим, кириб келаётган Янги йил барча юртдошларимиз ҳаётида қувончли лаҳзаларга бой йил бўлсин! Ҳамма ўйлаган орзуларига етишсин! Юзингиздан қувонч, лабингиздан кулги сира аримасин!

 

Ҳасанбой ДЎСМАТОВ,

XXXI ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони, 2016 йилнинг энг яхши боксчиси:

– 2016 йил кўплаб ғалабалар, кутилмаган қувончларга бой йил бўлди. Сабаби, шу йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида олтин медални кўлга киритдим. Бундан ташқари яқинда Халқаро Бокс Ассоциацияси (AIBA) йилнинг энг яхши боксчисини аниқлаш учун ижтимоий тармоқ орқали ўтказган сўровномада 77 фоиз овоз тўплаб, “Йилнинг энг яхши боксчиси” совринига лойиқ топилдим. Бу мен учун янада қувончли, янада ҳаяжонли, қолаверса, бироз кутилмаган воқеа бўлди. Чунки, рақибларим кубалик икки карра Олимпия чемпиони Роберес Рамирес ва қозоғистонлик жаҳон ва Олимпия ўйинлари чемпиони Данияр Елеуссинов эди.

Яна ўқинг:  Яшнаётган юрт – яшараётган юрт

Шу фурсатдан фойдаланиб, мени қўллаб-қувватлаб турган барча юртдошларимга ўз миннатдорлигимни билдираман. Кириб келаётган 2017 йил барчага соғлик-саломатлик, улкан зафарлар олиб келсин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

 

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: