Эр йигитга эл дуоси қанот

Болаликда ҳар бир ўғил-қизнинг орзуси осмон қадар бўлади. Аммо шифокорлик касбини дилдан туйган фарзанд ўзгалар дардига малҳам бўлиш, куюнчаклик ва жонфидоликни ҳаётий шиорига айлантиради. Чунки, шифокорнинг оппоқ халати унинг виждони каби пок бўлмоғи зарур. Энг муҳими у инсонпарвар ва мурувватли қалб соҳиби бўлиши керак. Шундагина унинг касб маҳорати, тажрибасидан эл наф кўради. Эл-юртнинг корига яраган инсонларни эса халқ дуо қилади. Халқимизда “Ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл”, деган мақол бежизга айтилмаган.

Қуйида биз ана шундай эл дуосини олиб, касбидан камол топаётган ҳамюртларимиздан бири “Соғлом авлод учун” хал­қаро хайрия жамғармасининг Сурхондарё вилояти филиали директори, вилоят ОИТС маркази бош шифокори Тошмурод Қобилов ҳақида ҳикоя қиламиз.

Шўрчи туманида туғилиб ўсган Тошмурод ака ҳам мактабда аъло баҳоларга ўқиди. Юрагининг тубида йиллар давомида орзулаган касби – шифокор бўлиш истаги уни янада тунларни тонгларга улаб китоб ўқишга ундади. Ўғлининг саъй-ҳаракатларини кўрган отаси Чори бобо ва ­онаси Менгсулув момо унга оқ фотиҳа беришди. Темирчиликнинг машаққатли меҳнатида иродаси тобланган ота ва етти фарзандни оқ ювиб, оқ тараган хокисор ҳамда меҳнаткаш она ҳам билимдон инсонларга ҳавас қилишган.

Т. Қобилов Тошкент давлат Тиббиёт институти(ҳозирги Тошкент Тиббиёт Академияси)да ҳам зукко ва фаоллиги билан талабалар орасида ажралиб турар эди. 1984 йилда у институтни тамомлади. Лав­ҳамиз қаҳрамони 1984-87 йилларда Вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ва Термиз шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати марказида врач-эпидемиолог ҳамда бўлим бошлиғи, 1987-95 йилларда вилоят Соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасида ишлади. Шунингдек, 1995-2011 йилларда Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Сурхондарё вилоят филиали директори, 2011 йилдан Сурхондарё вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи ҳамда жамоатчилик асосида яна жамғарманинг вилоят филиали директори вазифасида ҳам фаолият юритмоқда.

Тошмурод Қобилов ўз меҳнат фаолияти даврида соғлом авлодни камол топтириш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш ишларида фаол иштирок этмоқда. Аҳолининг тиббий-ижтимоий патронаж кўригидан ўтказиш ва соғ­лом­лаш­ти­риш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлар, кекса ва ёлғиз қарияларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш каби хайрия ишларини уюштириш, маданий-маърифий ҳамда турли спорт тадбирларини ташкиллаштириш ва ўтказишда ташкилотчилик ва ҳомийлик қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, юқумли, тери-таносил ҳамда ОИВ, шунингдек, ОИТС­нинг олдини олиш профилактикасига доир тарғибот ишларини олиб боришда ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Яна ўқинг:  Тиббий маданият – узоқ умр гарови

Тошмурод ака Қобилов нафақат ўз соҳасининг фидойиси, балки у аҳил оиланинг устуни ҳамдир. Жонкуяр бу инсоннинг умр йўлдоши Ўғилжон Авезова ҳам шифокор. Узоқ йиллик тажрибага эга, малакали мутахассис Ўғилжон опа вилоят Стоматология поликлиникасида врач-стоматолог бўлиб ишлайди. Асли хоразмлик қизнинг тақдири Тошкентда Тошмурод ака билан туташди. Бу ибратли ва иноқ оилада уч нафар ўғлон вояга етди. Улар ҳам зиёли ота-онаси каби элнинг қаторидаги нори бўлиб, халқ хизматига камарбаста бўлишмоқда. Катта ўғил Шавкатжон “Термиз-Саноат қурилиш” масъулияти чекланган жамиятида бош муҳандис, Темуржон эса вилоят ҳокимиятида бош мутахассис бўлиб ишлайди. Унинг асли касби юрист. Кенжа ўғил Ботиржон спортга ўзгача меҳр қўйган. У спортнинг дзю-до, самбо ва миллий кураш турлари бўйича бир неча марта республика биринчиликлари, халқаро турнирлар, Осиё ва жаҳон чемпионатларида фахрли 1-2 ўринлар ғолиби бўлган. Ҳозирда у Тошкент Ахборот технологиялари университети талабаси.

Т. Қобиловнинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. 2008 йилда у “Меҳнат шуҳрати”, 2011 йилда эса II даражали “Соғлом авлод учун” орденига муносиб топилди.

Ҳа, “Меҳнат қилган элда азиз”, дейди доно халқимиз. Мустақил Ўзбекистонда инсон ўз меҳнати билан обрў-эътибор топишини Тошмурод ака Қобилов тимсолида кўришимиз мумкин.

Гулчеҳра ШИРИНОВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: