Энг яқин дўст

Пойтахтимиздаги “Китоб олами” савдо марказига янги чоп этилган адабиётлар билан яқиндан танишиш мақсадида тез-тез бориб тураман. Шундай кунларнинг бирида ушбу зиё масканига бир гуруҳ ўқитувчи ва ўқувчилар, ота-оналар кириб келишди.

Уларни марказ ходими Сайёра Қосимова очиқ чеҳра билан қарши олди ва меҳмонларни мажмуа тарихи, бугунги кундаги фаолияти билан яқиндан таништирди.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ёш авлод маънавиятини юксалтириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди. Бугун юртимиздаги таълим муассасаларида, оилаларда ёш авлод ўртасида китоб мутолаасини оммалаштириш, улар қалбида китобга бўлган меҳр-муҳаббатни ошириш бўйича қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

– “Китоб олами” савдо маркази энг севимли масканларимиздан бири. Уйдаги кутубхонамизни янги адабиётлар билан бойитиш ёки туғилган кунларга совға олиш мақсадида невараларим билан ушбу даргоҳга тез-тез келиб турамиз, – дейди пойтахтлик Азиза опа Ҳамидова. – Бугун ҳам набираларим таълим олаётган 279-умумтаълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари билан биргаликда бу мажмуага ташриф буюрдик.

Бадиий асар мутолааси орқали бола ҳаётни, инсонлар билан ўзаро муомалани ўрганади.

 Асар қаҳрамонлари тақдири билан танишиш баробарида ёшлар ўзига керакли хулосаларни чиқаради, ҳаётий тажриба орттиради. Ижобий қаҳрамонларга ўхшашга, салбий қаҳрамонларнинг хато ва камчиликларини такрорламасликка ҳаракат қилади.

– Невараларимнинг бири ҳайвонлар ҳақидаги китобларга қизиқса, иккинчиси эртакларни яхши кўради. Уларга маъқул бўлган китобларни олиб беришга ҳаракат қиламан, – дейди Азиза опа фикрини давом эттириб. – Назаримда нафақат болалар, балки фарзандини келажакда ақлли, билимли инсон бўлиб вояга етишини истаган ҳар бир ота-она бўш вақтида китоб ўқиши, ўз билимини ҳар томонлама бойитиб бориши зарур. Ана шунда улар қизиқувчан фарзандининг “Нима учун? Нега бундай?” каби саволларига тўғри жавоб бера оладилар.

Фарзандларимизда китобга меҳр уйғотиш, уларни китобхонликка ўргатиш ота-оналарнинг энг муҳим вазифаларидандир. Чунки, китоб орқали боланинг онгу шуурига инсоний фазилатлар, эзгуликлар сингади. У оқ ва қорани ажрата бошлайди. Керак бўлса асар қаҳрамони билан тиллашади, унга ўхшашга ҳаракат қилади. Яхши китобни варақлашдан, мутолаа қилишдан киши завқланади. Оқ қоғозга муҳрланган инсон қалбининг ҳароратини, кўз нурининг рангларини ҳис этади, юрак зарбини сезиб туради. Ҳа, китоб бизнинг энг яқин ва беминнат дўстимиз. Унга ошно бўлганнинг маънавияти ҳам, дунёқараши ҳам юксак бўлади.

Яна ўқинг:  Миржалол Қосимов: “2013 ЙИЛ ЎЗБЕКИСТОН ФУТБОЛИ УЧУН ОМАДЛИ КЕЛСИН!”

 

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: