“Элдан ўрганиб, элга беряпмиз”

Қизилтепа туманидаги “Башир” маҳалласида истиқомат қилувчи Завқиддин Самадов ҳам деҳқончиликда ўз тажрибасига эга бўлган миришкорлардан.

Унинг иссиқхонасида бодрингдан йилнинг уч фаслида мўл ҳосил олинмоқда. Шунингдек, томорқасида лимон, апельсин кўчатларини парвариш қилади, кўкатлар етиштиради.

Ҳар йили иссиқхонадан 30 миллион сўм атрофида соф фойда оляпмиз, – дейди тажрибали деҳқон. – Бундан ташқари, рўзғор учун керакли бўлган мева-сабзавотларни бозордан деярли сотиб олмаймиз.

Маҳалладаги боғбонлар лимончилик бўйича ҳам яхшигина тажриба тўплашмоқда. Аҳлиддин Самадов шахсий томорқасининг 3 сотихида 40 тупдан ортиқ лимон кўчатидан мўл ҳосил олмоқда.

Битта туп ўртача 20-30 килограмгача мева беради, – дейди А. Самадов. – Бир ойдан сўнг ҳосилни йиғиб, бозорга олиб чиқамиз. Ҳар йили 30 миллион сўм атрофида даромад кўраётганимизни ҳисобга олсак, томорқа бемалол бир рўзғорни ҳар томонлама таъминлайди. Бундан ташқари, қиш давомида дастурхонимиздан ош-кўклар аримайди.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Бахтиёр Ҳамдамов ҳам ишбилармонлардан. У 3,5 сотих ерда 800 туп помидор кўчати парваришламоқда. Ўтган йилнинг октябрь ойида ўтқазилган ниҳоллар ҳосилга кирган, тез орада пишиб етилади. У фақат иссиқхона билан чекланиб қолмасдан, хонадонида чорвачилик ва паррандачиликни ҳам йўлга қўйган. Товуқ, курка кўпайтириб оила эҳтиёжидан ортиқча маҳсулотларни бозорга чиқариб, яхшигина даромад олмоқда. 2 сотих майдондаги шафтоли, олма, ўрик, гилос дарахтлари ҳар йили мўл ҳосил бераётир.

Фермернинг экиндан бўшаган ерига такрорий маккажўхори, сабзи экдик, – дейди Б. Ҳамдамов. – Сабзидан 21 тонна, маккажўхоридан 35 тонна ҳосил олинди. 15 бош қорамол, 20 бош қўй, 30 та парранда парваришлаяпмиз. 5 бош соғин сигирдан ҳар куни 40 литргача сут олиняпти. Меҳнатимиз даромадига фарзандларимизни ўқитдик, автомобиллар олдик, дўкон, уй-жой тикладик.

Маҳаллада ҳар учинчи хонадонда иссиқхона бунёд этилган. Улар томонидан ички бозорга бир мавсумда 80 тоннагача мева-сабзавот етказиб бериляпти. Кўрилаётган умумий фойда эса, ўрта ҳисобда 20 миллиард сўмга етмоқда. Албатта, бу ютуқлар замирида ҳукуматимиз томонидан томорқа маданиятини юксалтиришдаги ислоҳотлар самараси, иштиёқ ва меҳнат турибди. Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан иссиқхоналар учун кўмир ёқилғиси, маҳаллий ўғит, зараркунандаларга қарши махсус кимёвий дори воситалари етказиб берилади. МФЙ раиси О. Зариповнинг айтишича, томорқадан яхши фойда олаётган оилаларнинг 60 фоизида енгил автомобиль бор. Ердан барака топаётган меҳнаткашларга ҳавас қилиб яшаган кам бўлмайди.

Яна ўқинг:  Кимга китоб, кимга эса интернет муҳим

Ҳилола ИСМАТОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: