Эл саломатлигини сақлаш осойишта ҳаёт барпо этишдир

Мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли саломатлигини сақлаш, ёш авлодни соғлом инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Бу борада жойлардаги давлат санитария-эпидемиология назорат марказларининг алоҳида ўрни бор. Жумладан, Қашқадарё вилояти, Китоб тумани ДСЭНМида бугун 150 нафар ходим Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги ва “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунлари асосида самарали фаолият олиб бормоқда. Айтиш керакки, бугунги тезкор тараққиёт даврида соҳа ходимларидан аҳоли саломатлигини сақлаш борасида янада масъулиятли бўлиш, улар ўртасида тиббий маданиятни кенг тарғиб этиш, санитария талаб ва қоидаларини қатъий назорат қилишни тақозо этмоқда.

– Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида туманимиздаги 4 минг 510 та объектнинг 185 тасида режали назорат ўтказилди.

ДСЭНМ лабораториясининг барча бўлинмалари томонидан олинган 1863 та намуна чуқур текширилди. Озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва тупроқнинг санитария талабларига жавоб бермаган 27 таҳлилига нисбатан тегишли тартибда чора кўрилди, – дейди марказ раҳбари У. Темиров. – Шунингдек, деҳқон бозори ҳудуди ва бозордан ташқарида, йўл ва йўлакларда сифат сертификатига эга бўлмаган қўлбола озиқ-овқат маҳсулотларининг сотилишини таъқиқлаш бўйича санитария тавсияномалари ишлаб чиқилиб, ушбу ҳолатни назорат қилишга малакали мутахассислар бириктирилди. Олиб борилган текширувларда озиқ-овқат маҳсулотлари орасидан истеъмолга яроқли-яроқсизлиги тўғрисида санитария хулосалари бериб борилмоқда. Бу ўз навбатида, аҳоли ўртасида турли юқумли касалликлар, овқатдан заҳарланиш (ботулизм)нинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, ўтказилган текширувларда санитария меъёр ва талабларига жавоб бермаган ҳолатлар учун 8 та объектнинг иши вақтинча тўхтатилди. Жумладан, тумандаги 25-сонли мактабгача таълим муассасасида ўтказилган санитария назорати тадбирида бинонинг таъмирталаблиги, том қисмининг яроқсизлиги, муассаса ошхонасининг авария ҳолатида эканлиги аниқланиб, таълим маскани иши вақтинча тўхтатилди. 11–ва 12-сонли мактабгача таълим муассаси ошхоналаридан олинган бактериологик таҳлил натижалари мусбат чиққанлиги сабабли ушбу муассасаларда вақтинчалик зарарсизлантириш ишлари олиб борилди. Қайта текширувлардан сўнг ошхонанинг ишлашига рухсат берилди.

ДСЭНМ мутахассислари томонидан аҳоли ўртасида мунтазам давра суҳбатлари ўтказилди, маҳаллий нашрларда санитария тарғиботи бўйича мақолалар чоп этилди.

Бундан ташқари шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимининг тоза боғлов хонаси, кардиология ва муолажа хоналаридан олинган намуналарнинг таҳлили мусбат натижа берганлиги сабабли вақтинча ёпилди. Хоналар зарарсизлантиргандан сўнг уларнинг фаолият кўрсатишларига рухсат этилди.

Яна ўқинг:  Оққон қандай дард?

Яхши биламизки, корхона ва муассасаларда фаолият кўрсатадиган ходимлар, энг аввало, тиббий кўрикдан ўтган бўлишлари лозим. Чунки бу аҳоли саломатлигини сақлаш ва турли касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. ДСЭНМ ходимлари томонидан олиб борилган текширувлар натижасида ишлаб туамндаги чиқариш объектларида тиббий кўрикдан ўтмасдан фаолият кўрсатаётган ана шундай 57 нафар ишчи-ходим аниқланиб, улар ишдан вақтинча четлатилди.

Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни ижроси юзасидан марказга келиб тушган мурожаатлар ўрганилади ва уларга вақтида жавоб хати йўлланади ёки тегишли чора-тадбирлар белгиланади. Жорий йил марказга юборилган 8 та ёзма ва 2 та оғзаки мурожаатларнинг барчаси кўриб чиқилиб, тегишли тартибда қаноатлантирилди.

Тумандаги мавжуд аҳоли ўртасида вирусли гепатит касаллигининг А тури билан жорий йилнинг 6 ойи мобайнида жами 123 та касаллик қайд этилган.

А гепатити касаллигининг олдини олиш мақсадида 1,5 ёшдан 14 ёшгача бўлган 768 нафар бола эмланди.

Аҳоли ўртасида заҳм, менингококк, эпидпаротит, сальмонеллёз касалликларини олдини олиш бўйича олиб борилган тарғибот ишлари ва кўрилган чора-тадбирлар натижасида 3 йил мобайнида туман аҳолиси ўртасида ушбу хасталиклар қайд этилмади.

Айни пайтда туманда бошқарилувчи юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 36-сонли буйруғига асосан 0-16 ёшгача бўлган болалар ўртасида сил, вирусли гепатит B, кўкйўтал, дифтерия (бўғма), қоқшол, қизамиқ, қизилча, эпидпаротит, пневмококк ва ротовируслар келтириб чиқарувчи касалликлар бўйича ҳам Миллий эмлаш календарига биноан чора-тадбирлари оширилмоқда. Ушбу касалликларга қарши вакциналар давлат бюджети ҳисобидан доимий равишда таъминланмоқда.

Муҳими, олиб борилаётган ишлар аҳоли саломатлигини сақлаш, баркамол ва соғлом авлодни вояга етказишга хизмат қилмоқда.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: