ЭЛ КЎНГЛИНИ ШОД ЭТИБ САОДАТ ТОПАЁТГАНЛАР

Пойтахтимиздаги Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида тиббиёт ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ шифокорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тақдирланганлар орасида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 4-шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси шифокори Дилдорахон Аҳмаджонованинг ҳам борлиги шифокорнинг яқинларига бир олам қувонч улашди.

“Оналик ва болаликни муҳофазалаш борасида энг фаол тиббиёт ходими” деган эътирофга сазовор бўлган тажрибали шифокор – Дилдора опа ёшлигида ушбу касбни танлаганида унга отаси Ёдгор ака, онаси Мухайёхон опа хайрихоҳ бўлишди. Қизига кўмакчи, маслаҳатгўй бўлиб, унинг ҳар бир қарорини қўллаб-қувватлашди. Ҳаёт, ҳамиша бир текис бўлмайди. Унинг ўзига хос қийинчиликлари, синовлари бор. Энг муҳими бунда руҳиятни баланд тутиб, мақсад сари одимлашдир.

Тиббиёт олийгоҳини тамомлаган Дилдора Аҳмаджонова илк фаолиятини оилавий поликлиникада бошлади. 2000 йилдан Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 4-шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида ишини давом эттирди. Дастлабки фаолиятини қабул бўлимидан бошлаган шифокор ўз устида ишлаб тажриба орттирди, малакасини оширди. 2007 йилдан клиниканинг 2-диарея бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келмоқда. Бўлим 30 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни кунда 26 нафарга яқин бемор болалар даволанишяпти. – Тажрибам ортишида бевосита устозларимнинг ўрни катта, – дейди Д. Аҳмаджонова.

Мактуба Иноятова, Адиба Ўлжаева, Осуда Абдуллаева, Маҳмуда Тоҳирова каби малакали шифокорлардан Дилдорахоннинг ўргангани оз эмас. Эҳтимол унинг касбига фидойилиги, меҳнатсеварлиги, ўзига ва атрофдаги ходимларига яхши маънода талабчанлиги ҳам айнан устозларидан олган андозасидир.

– Аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, янада сифатли тиббий хизмат билан қамраб олишни таъминлаш мақсадида шифохонамиз 2008 йилда тўлиқ реконструкция қилинди. Замонавий, жаҳон талаблари даражасидаги тиббий жиҳозлар билан таъминланди, – дейди Дилдора опа. – Тиббиётда бола парваришининг ўзига хос томонлари бор. Бола онаси билан бирга бўлса унинг тўлиқ тузалиб кетиши янада осонлашади. Она ва боланинг биргаликда бепул даволаниши тажриба алмашиш илинжида юрган швециялик касбдошим Жимни очиғи таажжублантирди ҳам. Зеро, ривожланган давлатлар қаторида бўлган Швеция давлатида ҳам оналарнинг шифохонада фарзанди билан бирга бўлиши қўшимча тўловларга сабаб бўлар экан. Бу эса юртимизда инсон манфаати ва қадр-қиммати нечоғлик улуғ эканлигидан дарак беради.

Тажрибали шифокор кун тартибини қатъий белгилаб олади. Унинг наздида ҳар бир белгиланган ишга улгуриш учун режага қатъий амал қилиш лозим. Иш кунини энг аввало бўлимида даволанаётган болалардан хабар олишдан бошлайди. Уларни бир-бир кўздан кечириб, ўтган тунда бола ўзини қандай ҳис этгани ҳақида оналардан, навбатчи ҳамширалардан сўрайди. Маслаҳатлар беради, керак бўлса кичкинтойлар билан болаларча гаплашиб, ҳазил-ҳузул қилиб олади ҳам. Ҳали қабулга келган беморларни кўздан кечиради, ҳали шифохонада йўлга қўйилган радиоузел орқали белгиланган касаллик, унинг даво чоралари ҳақида радио эшиттириш тайёрлайди. Болаларда учрайдиган юқумли касалликлар бўйича радио, телевидениеда чиқишлар қилади. Аммо шифокор аёл ҳар қандай вазиятда янада тажриба орттириш мақсадида тиббий мавзуда чоп этилаётган янги адабиётларни мутолаа қилишга, соҳада амалга оширилган янгиликлар, кашфиётлардан бохабар бўлиш учун интернетга мурожаат қилишга ҳамиша вақт топа билади. – Шифокор ўқиб ўрганиши, тажрибасини ошириб бориши лозим. Зеро, бу тезкор асрда шифокор бир кун тиббиётдаги янгиликлардан бехабар қолар экан, унинг тажрибаси йилларга ортга сурилиб кетади, – дейди Дилдора Аҳмаджонова.

Яна ўқинг:  Соғлом фарзанд – юрт камоли

Куни кеча шифохонага ташриф буюрганимизда бундан бир неча кун аввал бўлимга ўткир шегиллёз хасталиги билан келтирилган қизалоқ Райёна Турсунбоева буткул соғайиб оиласи бағрига қайтаётганига гувоҳ бўлдик. Шифо истаб келган болаларнинг оёққа туришига ёрдам бераган шифокор аёл – Дилдора Аҳмаджонованинг юзу кўзидан мамнуният яққол акс этиб турарди. Демак, у бир гўдакнинг дардига малҳам, жонига оро бўла олди. Шифокор учун бунданда ортиқ мукофот, бахтлироқ ва ёқимлироқ лаҳзалар бўладими?!

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: