ЭБОЛА ВАБОСИ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?

Ҳаммамизга маълумки, бу касаллик билан оғриганларнинг асосий қисми ҳаёт билан видолашди. Эбола аввало Ғарбий Африкада қайд этилди. Кейин у АҚШ ва Европага ҳам чанг солди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига асосан, бу касалликдан вафот этганлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Аслида эбола Африканинг Ғарбидаги мамлакатлар – Гвинея, Либерия, Нигерия ва Сьерра-Леонеда авж олди. Либерияда беморлар сони бошқа Африка давлатларидагига қараганда кўпроқ.

БМТнинг эбола билан кураш бўйича тезкор миссияси раҳбари Энтони Бенбери БМТ Хавфсизлик Кенгашини бўлаётган воқеаларга глобал даражада аралашишга чақирмоқда.

“Вирус ҳали тарқалмаган мамлакатларни ҳимоя қилишнинг ягона, тўғри йўли – Либерия, Гвинея ва Сьерра-Леонега ёрдам бериб, эболани ўша ерда тўхтатиб қолишдир”, – деди у. Бу касалликни безгак, терлама безгаги ва менингит каби ўткир юқумли касалликлардан ажратиш мушкул бўлади. Эбола ўткир вирусли касалликдир. Бу дард билан оғриганларнинг 50 дан 90 фоизигача вафот этмоқда. У 1976 йилда илк бор икки ерда, аввал Судан, Конго Демократик Републикасида, сал ўтиб Эбола дарёси атрофидаги ерларда пайдо бўлди. Шу сабаб, бу ўткир вирус эбола деб ном олди. Тахминларга кўра, “Pteropodidae” оиласига мансуб мевахўр кўршапалаклардан эбола вируси тарқала бошлаган. Сал ўтмай тропик ўрмонлардаги шимпанзе, горилла, ўрмон антилопаларига эбола вируси юққан.

Марказий ва Ғарбий Африканинг тропик ўрмонлари яқинидаги қишлоқларда ушбу дард аҳолининг тинкасини қуритди. Бу вирус ҳайвонлардан одамларга ўтди. Унинг инкубация (кўпайиш) даври 21 кун бўлиб, бемордан соғлом кишига ўтиб, кўпаймоқда. Баъзан касаллик эрта аниқланса, беморнинг яшаб кетиш имконияти пайдо бўляпти. Шу йил 8 августда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Бош директори эбола ўчоғи бўлмиш жойда халқаро аҳамиятга эга бўлган фавқулодда ҳолат эълон қилди.

ДАРДНИНГ БЕЛГИЛАРИ

Касаллик иситма, умумий беҳоллик, қуруқ йўтал, томоқ қуриши, кучли бош оғриғи, тилда караш, баъзан тилда ярачалар пайдо бўлиши билан бошланади. Беморнинг ҳарорати +39 +40O даражага кўтарилади. Касалликнинг 2-3– кунлари қоринда оғриқ пайдо бўлиб, кучли қайт қилиш, ич кетиш каби ҳолатлар юзага келади. Бир неча кундан сўнг беморнинг ичидан қизил қон келади. Дарднинг 5-6– кунлари бемор кўкрагида, кейинроқ елка соҳасида тошмалар пайдо бўлади. Бир ҳафтадан сўнг геморрагик синдром натижасида, яъни бурундан, милклардан, қулоқлардан, инъекция ўринларидан қон кетиб, қон қусишлар кузатилади. Бемор кўп миқдорда қон ва сув йўқотишдан жон беради.

Яна ўқинг:  Ҳаракат мажбурияти ва маданияти

Вирус одамдан одамга маиший мулоқот, юқори нафас йўлларининг шиллиқ пардасидан, терининг шилинган жойларидан, қондан, бемор организмидан чиққан барча ажралмалардан, аёлларнинг кўкрак сутидан, ҳатто у фойдаланган чойшаб, сочиқ, кийим-кечаклардан (маиший мулоқот орқали) ҳам вирус юқади. Шу касалликдан вафот этган кишини охирги йўлга кузатиш жараёнида ҳам вирус унинг яқинларига (диний урф-одатлар туфайли) ўтиб қолиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

КАСАЛЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Эболанинг яна бир хусусияти шундаки, гумон қилинган бемордан лаборатор таҳлил учун олинган ажралмалар ниҳоятда эҳтиёткорлик билан текширилиши лозим. Ҳозир эболага қарши бир неча вакцина тадқиқ этилмоқда. Лекин уларнинг бирортаси ҳам лицензиялашга тайёр эмас.

Сиртдан қараганда грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар)га ҳам ўхшаб кетадиган бу касалликка чалинмаслик учун шифохоналардан чиқишда, уйга борганда, албатта, қўлни совунлаб ювиш керак. Шифохонадан олиб келинган идишларни эҳтиётдан уй шароитида қайнатиш йўли билан зарарсизлантириш ёки хлор сақловчи эритмаларнинг бирортасига 20 дақиқага солиб, сўнг оқар сувда бир неча дақиқа чайиш зарур.

Азиз юртдошлар, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилайлик. Ҳайвонлар билан мулоқотда эҳтиёт бўлиш лозим.

Азиз болажонларимизни уй ҳайвонлари билан мулоқотини назоратга олайлик. Кўчадан келиб, овқатланишдан, ўйинчоқларини ўйнашдан, ҳатто дарс қилишдан олдин қўлларини совунлаб ювишини таъминлаш зарур. Чет элдан келтирилган меваларни истеъмол қилишдан аввал уларни қайнаган, кейин совуқ сув билан ишлов берилишига аҳамият беришимиз ёки уларни оиламизда истеъмол қилинишини вақтинча чегаралаб туришимиз маъқул бўлади.

Мунира ЗУПАРОВА,

Чилонзор тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: