ДУО ОЛГАН ОМОНДИР

– Ҳар бир касбнинг ўзига хос машаққати бор. Уни пухта эгаллаш эса аввало ҳар бир кишининг ҳаракатига боғлиқ.

Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ўшанда 5-синфда ўқирдим. Дарс тугаши биланоқ уйга шошилдим. Дарвозадан ҳовлига киришим билан қаршимда кўзида ёш билан термулиб турган Меҳри опамни кўрдим. У гапиролмасди. Имо-ишора билан мени олдига чақириб, оғзини кўрсатди. Не кўз билан кўрайки оғзидаги игна тилини тешиб ўтиб юқори ва пастки тишларига тиралиб турарди. Опам тилини ичкарига тортиб ололмасди. Бир зумда эҳтиётлик билан игнани оҳиста суғуриб олдим. Кейин ундан воқеа сабабини сўрадим. Шунда Меҳри опам тилини устида шиш пайдо бўлганини ана шу шишни игна билан тешиб сувини чиқариб юбормоқчи бўлганини, аммо бунинг уддасидан чиқолмай юқоридаги ҳолат содир бўлганини йиғламсираб айтиб берди. Кечқурун ишдан қайтган ота-онам бўлган воқеани эшитиб аввалига опамни бироз койишди, кейин эса мени бағирларига босишиб “катта бўлса Зумрад қизим дўхтир бўлади”,– деб эркалашди. Бу сўзларни тинглаб шифокор бўлишга аҳд қилдим. Болалигимдаги истагим мени Тошкент Тиббиёт олийгоҳига етаклади. 1982 йилда мазкур олийгоҳни тугатиб Жиззах вилояти Зарбдор туман шифохонасида меҳнат фаолиятимни бошладим. Мана ўттиз йилдан буён аҳолига баҳоли қудрат малакали тиббий хизмат кўрсатишга ҳаракат қилмоқдаман, – дейди “Соғлом авлод учун” хал­қаро хайрия жамғармаси Бахмал туман таянч маскани директори Зумрад Дўстмуродова.

Дарҳақиқат, малакали шифокор қатор йиллар давомида туман Тиббиёт бирлашмасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бош шифокор ўринбосари вазифасида меҳнат қилди. Турмуш ўртоғи Мурод Аҳмедовнинг қўллаб-қувватлаши боис Зумрад опа ҳам ишини ҳам оиласини бирдек ардоқлаб келмоқда. Айни вақтда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Бахмал туман таянч маскани директори вазифасида ишлаётган Зумрад Дўстмуродова ўз жамоаси билан туман аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилиш борасида ибратли ишларни амалга ошириб келмоқда. Бахмал туманида 131 минг нафар аҳоли истиқомат қилиб уларга 26 та қишлоқ врачлик пункти тиббий хизмат кўрсатади. Жамғарманинг таянч маскани шифокорлари ҚВПларда, маҳаллаларда бўлиб аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиб, беғараз ёрдам сифатида дори-дармонлар тарқатмоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида мунтазам равишда ўтказилаётган “Яқин қариндошлар ўртасида никоҳнинг олдини олиш”, “Соғлом турмуш тарзи” каби мавзулардаги суҳбатлар, савол-жавоб кечалари уларнинг тиббий билимларини оширмоқда. Ҳа, халқимиз орасида “Интилганга толейи ёр”,- деган нақл бежизга айтилмаган. Зумрад опа Дўстмуродова ҳам бахту камолини ҳалол меҳнат орқали топиб, элнинг дуосини олиб келаётган фидойилардан.

Яна ўқинг:  “ГУЛШАНИ ОДАМ САМАРИ СЎЗДУРУР”

Ислом ХУДОЙҚУЛОВ,

Жиззах вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: