“Дока рўмол қуриши” ёхуд маҳалладаги “Яраштирув комиссияси” ўз вазифасини бажаряптими?

Ширин орзу ила таниш бир оилага келин келди. Икки ёрти бир бутун бўлган ёшларга айтилган эзгу тилакларни тинглаб, барча йиғилганлар қалбда ширин энтикишни туйди…

Афсуски, бир йил ўтар ўтмас маҳаллада нохуш хабар оралади: она бўлиш арафасидаги келиннинг яқинлари куни кеча ҳали тахи бузилмаган сепини олиб кетибди…

Эрта-индин дунё юзини кўриш арафасида турган мурғак гўдакни қарши олаётган оилавий кемтикликни энди ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.

– Қадимдан бобою момоларимиз оила бузилса, етти осмон ларзага келади, дейишган. Зеро, оилавий ажримлар оқибатида жамиятга етадиган зарарни ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди, – дейди Республика “Оила” илмий-амалий маркази етакчи илмий ходими, психология фанлари номзоди, доцент Феруза Акрамова. – Аввало, ажрашишлар оқибатида оила меваси бўлмиш бола руҳиятида тиклаб бўлмайдиган чуқур салбий ўзгаришлар рўй беради. Бу эса улар орасида кўплаб нохушликларга олиб келади. Вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётган қонунбузарликлар таҳлили шуни кўрсатадики, кўпгина жиноятчилик асосан ана шундай кемтик оилаларнинг маҳсули саналади.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда, 2010 йилда 17,8 минг, 2014 йилда 28,8 минг, 2015–2016 йилларда 29,6 мингта никоҳ бекор қилинган. Сўнгги беш йил ичида ажралишлар сони 1,7 баробарга ошган.

Ажралишларнинг 4-5 фоизи никоҳда бир йил ва учдан бир йил ҳам яшамаган оилаларга тўғри келар экан. 2016 йил давомида тамомланган ишлар юзасидан суд мажлиси баённомалари ўрганилиб, таҳлил қилинганда, ажримлар сабабини тарафларнинг характерлари тўғри келмаганлиги, оиладаги ўзаро жанжаллар, моддий қийинчиликлар, гиёҳванд ҳамда алкогол моддалар истеъмол қилиш, чет давлатига ишлаш учун чиқиб кетган эр-хотинларнинг ўзаро хиёнати ташкил этган. Бундан ташқари никоҳдан ажралаётган оилаларнинг кўпчилигини 1-4 йилгача (32,7 фоиз) ва 5 йилдан 9 йилгача (31 фоиз) давомийликда бўлган оилалар ташкил этмоқда.

“Чиққан қиз чиғириқдан нари”

“Чиққан қиз чиғириқдан нари”, деган нақл ёши улуғларимизнинг оила тутумида яққол ўз аксини топган. Бу сўзлар замирида қиз болани бегона қилиб, уни ўз ота-онасидан узоқлаштириш эмас, аксинча борган уйини ота уйидан ортиқ кўриб, шу хонадоннинг чинакам бекаси бўлсин, туп қўйиб палак ёзсин, деган мақсад мужассам. Эҳтимол, шунинг учун азалдан оналар уйга бироз араз кайфиятида келган қизларининг арзу додига қулоқ солмай, “иссиқ ўрнингни совутмагин, болам!”, дея дарҳол изига қайтариб юборишарди. Табиийки, арзимаган сабаблар билан муносабатларга совуқчилик тушириб, оилани барбод бўлишига йўл қўймасди. Ҳозирги кунда вазият бир мунча ўзгачадек, эндиликда ота-она турмушга чиққан қизларининг арзу ҳолига керагидан ортиқ эътибор бериб юборишмаяптимикин.

Яна ўқинг:  VATANIM O‘ZIBEKISTON

– Табиийки, низолар юзага келган пайтда онага дилбандидан ўтган айблар сезилмайди. Шундай кезларда қабул қилинаётган нотўғри қарорлар кўпгина ҳолларда ақлга эмас, туйғуларга асосланиб қолмоқда, – дейди Зангиота тумани “Заргар” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Зуҳра Умарова. – Орадан маълум вақт ўтгандан кейин вазиятни ортга қайтариб бўлмаслиги билан юзага келган пушаймонлик ҳиссига фаолиятимиз давомида кўп гувоҳи бўлганмиз.

Анзират бувиларнинг ўрни сезиляпти

Болалик кезларимда маҳалламизнинг кайвони онахону момолари, бобою ёши улуғлари ўзгалар дардига кўз юммай, ана шундай хонадонларга тўғри кириб борар, муаммони ҳал қилишга уринар, ёшларга танбеҳ бериб, йўлга соларди. Оила катталарини бироз эътиборсизлик қилгани учун койирди. Табиийки, улуғларнинг аралашуви беиз кетмас, ҳамиша ўзининг ижобий самарасини берарди. Оиладаги сир-асрорларни остона ҳатлаб кўчага чиқиши не чоғлик уят иш ҳисобланса, катталарнинг сўзини ерда қолдириш ҳам шу қадар номақбул саналарди. Афсуски, бугунги кунда кўпгина ажрим ҳолатларида маҳалла виждони бўлган ана шундай Анзират бувиларнинг ўрни сезиляпти. Ёки кейинги пайтларда катталар ҳам ёшлар орасидаги ажримларга панжара ортидан қарашмоқдамикин?

Сўнгги пайтларда никоҳдан ажратишни сўраб ариза берганларнинг аксарияти 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган шахсларни, жинси бўйича таҳлил қилинганда эса 26 фоизини эркаклар, 22,4 фоизини аёллар ташкил этишини, уларнинг оилавий муносабатлари узоғи билан 1-5 йилгача давом этганини инобатга оладиган бўлсак, мустақил ҳаётда ёшларнинг тажрибасизлиги аён бўлиб қолмоқда. Шундай пайтларда катталарнинг йўл-йўриғи муҳим. Мутахассисларнинг кузатувига қараганда ажримларга ёшларнинг бир-бирига нисбатан бефарқлиги, эрта никоҳ, ёшларнинг оилага тайёр эмаслиги, оилани тўғри ташкил этишдаги муаммоларнинг юзага келиши, ёшлар ўртасида оила тушунчаси нечоғлик муқаддас эканлигини қалбан англаб етмаганлик каби сабаблар билан биргаликда яна бир омил ота-она ва бошқа қариндошларнинг ёш оилаларга ноўрин аралашуви бўлмоқда.

Бундай ҳолларда маҳалла фуқаролар йиғини негизида ташкил этилган “Яраштирув комиссияси”лари қандай ишлар олиб бормоқда, деган савол туғилиши табиий.

– Бу йилги ажримлар сони ўтган йилгига нисбатан маҳалламиз миқёсида сезиларли камайди, – дейди пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Шуҳрат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нуржон Нажимов. – Бунда “Яраштирув комиссияси”нинг ўрнини алоҳида таъкидлаш лозим. Маҳалламизда жорий йилнинг шу даврига қадар иккита ажрим ҳолати кузатилган. Бир нафарининг тинч йўл билан ярашиб кетишида “Яраштирув комиссияси”нинг ўрни бор. Таъкидлаш лозимки, коммисиямиз 15 кишидан ташкил топган бўлиб, уларни маҳалладаги тутган ўрни, дунёқараши, ўзгаларга ўрнак бўладиган оиласини эътиборга олиб сайлаганмиз. Бу эса маҳаллада қандай вазият бўлмасин осон ва тинч йўл билан ҳал бўлишига ёрдам бермоқда.

Яна ўқинг:  Тарбия – келажак пойдевори

“Беш қўл баробар эмас”, деганларидек барча маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги ана шундай комиссияларнинг фаолиятини ижобий баҳолаб бўлмайди. Яна мутахассисларнинг кузатувларини инобатга оладиган бўлсак, суд томонидан оилаларга ярашиш учун муҳлат берилиб, “Яраштирув комиссиялари”га юборилганда аксарият комиссия аъзолари мазкур масалани ҳал этишга малакаси етарли бўлмаганлиги, шунингдек, мутахассислиги тўғри келмайдиган ходимлар фаолият олиб бораётганлиги аниқланган. Бу суд томонидан юборилган ажримнинг ижросини амалга оширишда ижобий самара бермаяпти. Натижада оилани сақлаб қолиш имкони бой берилмоқда.

Оилавий келишмовчилик ва ажримларда турли важ ва сабабларни кўрсатиш мумкин. Аммо бунга нафақат йўллари айро тушган икки ёш, балки барчамиз бирдек масъулмиз деган виждон билан яшасак мақсадга эришган бўламиз.

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: