Дилором момонинг юзинчи баҳори

Кексаларимизни эъзозлаш, уларга иззат-икром кўрсатиш халқимизнинг азалий удумларидан. Уларнинг панду насиҳатлари, эзгу дуолари ишларимиз баракасини бериб, йўлларимизни нурафшон қилади. Айниқса, юз билан юзлашган кексалар суҳбатида бўлиш, дуосини олиш бизга ҳаёт фалсафасини англатиб туради.

Қарши шаҳрининг “Қарлиқбоғот” маҳалласида умргузаронлик қилиб келаётган Дилором момо Қиёмова кўклам майсалари ёқимли ифор тарата бошлаган яқин кунларда ўзининг юзинчи баҳори билан юзма-юз бўлди. Маҳалла файзи бўлган онахоннинг хонадони ҳамиша меҳмонлар билан гавжум. Катта ҳаётий тажрибага эга бўлган хонадон соҳибасининг суҳбати самимий ва ёқимли. Аслида ҳам турмуш аччиқ-чучугини кўп кўрган инсонларнинг феъли шундай кенг ва мулойим бўлишига кўникиб қолганмиз.

1915 йилда Қарши туманида таваллуд топган Дилором Қиёмова Ғузор туманига келин бўлиб тушади. Турмуш ўртоғи Йўлдош Шоймардонов колхозда раис бўлиб ишларди. Дилором Қиёмова ҳам уйда ўтириб қолмади. Турмуш ўртоғи билан ёнма-ён меҳнат қилди.

Кейин турмуш ташвишлари… Бирин-кетин фарзандлар дунёга келди. Фарзандларини тарбиялаш билан бирга хўжалик ишчилари учун ҳар куни эрта тонгда тўрт-беш тандир нон ёпарди. Шунингдек, каштачилик, тикувчилик билан шуғулланарди. Тошқўтон қишлоғининг хотин-қизлари момонинг доимий мижозлари эди.

Орадан қанча йиллар, қанча сувлар оқиб ўтди. Йиллар силсиласи Дилором момонинг пешонасига ажинлар солди.

Момо ҳаёт мактаби тарбиясини кўп олган. Шу ёшда ҳам хотираси тиниқлиги, гапга чечанлигига, айниқса, кўзойнак тақмасдан игнадан ипни бемалол ўтказа олишига қойил қолиш керак.

Бугун Дилором момо фарзандлари, келинлари, набира, эвара, чеваралари даврасида, инсон қадри юксак қадрланган мана шундай дориломон кунларга етказганига шукрона айтиб яшамоқда.

– Ҳаётнинг паст-баландидан ўтавериб, қўлимиз қаварди, белимиздан мадор кетди, – дейди Дилором момо. – Ўша йиллари қорнимизга эмас, қадримизга йиғлаганмиз. Дардимиз ичимизда эди. Шукрки, тақдиримизда шундай тинч, фаровон ва эмин-эркин кунларни кўриш бор экан. Юртбошимиз халқимизга чин инсондек яшаш бахтини туҳфа этди. Мустақиллик туфайли юртимизда бўлаётган ўзгариш ва янгиланишларни кўриб, қайтадан яшариб, ишлагим келади.

Онахоннинг ўғли Наим Шоймардоновнинг айтишича, ердан қаҳратоннинг заҳри кўтарилиши билан онаси уйда ўтиролмай қолади. Умри меҳнатда ўтгани сабабли ҳали-ҳамон зуваласи пишиқ. Невараларнинг ёнига кириб, томорқа юмушларига андармон бўлгиси келади.

Яна ўқинг:  Тўлов маданияти ҳам ватанпарварликдир

Кексаси бор оила нақадар файзли. Ҳамиша меҳмонга мунтазир бундай хонадоннинг иссиқ кўк чойи, тансиқ таоми бор. Остонаси ҳамма вақт покиза, саранжом-саришта.

Байрамларда совға-салом кўтариб, онахоннинг дуосини олишга келувчилар кўп. Меҳнатдан чарчамаган Дилором момо ҳам уларни дуо қилишдан чарчамайди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: