ДИЛГА ДИЛДОШ ОҲАНГЛАР

Куй киши кўнглига ҳузур бағишлаб, уни ором сари етаклайди. Юракни жунбушга келтириб янграган ҳар бир оҳанг инсон хотирасида узоқ вақт муҳрланиб қолади. Уни қайта-қайта тинглагинг келади. Бугун нафақат устоз санъаткорлар томонидан ижро этилаётган куй ва қўшиқларни маза қилиб тинглаяпмиз балки ёш ижрочиларнинг ҳам ижро маҳоратига қойил қолаяпмиз десак асло муболаға бўлмайди.

Ёш истеъдодларнинг жаҳон саҳналарида бир қатор муваффақиятларга эришаётганидан эса қалбинг ғурурга тўлади. Айни вақтда уларнинг сафи кун сайин ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қошидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейи ўқувчилари Италиянинг Фермо шаҳрида ўтказилган Халқаро танловда Ватанимиз номини яна бир бор дунёга танитди. Куни кеча мусиқа ватани аталмиш ушбу мамлакатда зарбли чолғулар йўналиши бўйича X халқаро танлов бўлиб ўтди. Ушбу танловда қатнашиш учун келган академик лицей ўқувчилари Мустафо Жўраев, Паҳлавон Шодмонов, Шавкат Облобердиев, Зайниддин Жўрабоевларга таълим маскани раҳбари Зулфиқор Холмирзаев ҳамда концертместер Убайдулло Тошматовлар бошчилик қилишди. Дастлаб кичик ва ўрта барабан сўнгра катта барабан ҳамда вибрафон, маримба, жамоа бўлиб ижро этиш номинацияларида ўзаро беллашган ўқувчиларнинг маҳорати ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Кўрик-танловнинг сўнгги босқичида жаҳоннинг 37 та мамлакатидан келган ёш мусиқачилар ўз маҳоратларини намойиш этишди. Мазкур босқичда ҳамюртларимизнинг жамоа бўлиб ижро этган асарлари ижобий баҳоланди. Ватанимиз вакилларининг ижрочилик санъатига “Жамоа номинацияси”ни баҳолаш комиссияси раиси америкалик Жон Бек, шунингдек комиссиянинг бошқа аъзолари гонгконглик Пиус Чеинг, швециялик Андерс Астранд, италиялик Силвио Феличиани кабилар алоҳида тўхталиб юқори баҳо беришди. Иқтидорли ўқувчиларимизга кўрик-танлов президенти Антонио Сантанжело олтин медаль ҳамда эсдалик совғаларини топширар экан, уларнинг келгуси ўқиш ва ижро услубларига ривож тилади. Санъатсевар болажонлар мусиқа байрами доирасида италиялик устозлар томонидан ташкил этилган ўқув машғулотларида қатнашиб билимларини янада оширишди. Айниқса танлов якунида машҳур ижрочиларнинг чиқишлари кечага ўзгача файз бағишлади. Бир сўз билан айтганда куй ва қўшиққа ошно қалблар яна бир бор она Ўзбекистонимиз шаънига муносиб равишда жаҳон саҳнасида, биз ҳеч кимдан кам эмаслигимизни намойиш этишди.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Яна ўқинг:  Қўштепада тиббий хизмат нега оқсамоқда?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: