“Чўққи” бувам, “Ҳи-ҳи” холам ва мен

Салом, оғайни, кел, танишайлик. Менинг исмим Тиркашвой. Сезиб турибман, отим қулоғингга ғалатироқ эшитиляпти. Ўзи асли исмимни «Яхшивой» қўйишмоқчи экан-у ирим қилишибди. Яхшивой деган акасига ўхшаб бир ёшга етар-етмас ўлиб қолмасин тағин дейишибди-да, кейин отасига эргашиб тиргашиб юрсин, деб Тиркашвой қўйишибди.

Доя буви қўлларига оппоқ рўмол олволиб, «одамларга доим яхшилик қиладиган йигит бўлсин», деб танглайимни кўтарган экан. Буни менга ойижоним роппа-роса етти ёшга тўлиб 1 синфга борганимда айтиб берган эди. Аввалига бу гапга тушунмагандим, кейинроқ унинг мағзини чақиб олдим. Ўртоқларим билан иноқ бўламан, яхшиликларимни улардан аямайман! Менинг яшаш шиорим шу!

Ҳозир анчагина катта йигитча бўлиб қолганман. Маҳалламиздаги баъзиларининг Тиркашвой деса оғизларининг таноби қочади. Баъзилари «оғиримни енгил қилади», деб йўлимни пойлашади. Баъзилари… айниқса, Чўққи бува деган жиккаккина битта буважоним бор. Бўйлариям бувимнинг қаричларида бир қаричгина. Бувим шундай дейди-да, шу кишига негадир жуда ёқиб қолганман. Бобожоним қаёққа борса, насибаси деб менга шоколад, конфетни чўнтагига солиб олади, яна энг қимматидан. «Чўққи» бувамнинг отлари аслида Нортой экан, шу… тойчоққа ўхшаб гижинглаб юрсин деб шунақа қўйишган бўлса керак. Катта киши бўлганида сал «салидна» бўлай деб соқол қўйибди-ю, у ҳам яккам-дуккам чиқибди. Бор-э, бўлганича бўлди деб, қўйиб юбораверибди-юбораверибди. Соқол бобожонимнинг юзини чўзилтиришга чўзилтирибди-ю, кўпам узаймабди. Биз ҳам зерикдик, «Чўққи» бувамнинг йўлларини пойлаймиз. Кампири қазо қилганига анча-мунча бўлди. Невара-чеваралари узоқда туришади. Олиб кетамиз деб шунақа ялинишди, шунақа ялинишди, у киши кетмади. Кампиримнинг арвоҳи чирқирайди, деди. «Чўққи» бувам сал ғалатироқ бўлгани учун ўртоқларим ҳам сал ҳазиллашишган экан, фиғони чиқиб қувлаб кетибди. Мени уларнинг ёнида кўриб, бобожонимнинг яна баттар жаҳли чиқди денг.

– Ҳа, бадбахт, сени яхши бола десам…

Буважоним шунақанги тез нафас ола бошладики, ҳозир ичларидаги ҳамма ҳаво оғизларидан чиқиб кетади-ю, йиқилиб тушади дердим ачинганимдан. У кишининг жаҳли чиқса, қулоқ чўзадиган одати бор-да. Шунинг учун ҳам майли, бир аламидан чиқсин деб, секин қулоғимни тутқаздим. Шундай кекса чол учун битта қулоқ кетса-кетибди-да. Йўқ, унга тегмади. Фақат ҳассасини дам ўқталиб, дам осмонга кўтариб, дам ерга ниқтаб алланималар деб ташлади. Охирида сал ховуридан тушиб: унақа болалар билан ўртоқ бўлманг, яхшиликка олиб келмайди», деди буважоним. Бобожонимни аяганимдан фақат «хўп бўлади», деб турибман. Қарасам у киши анча чарчаб қоляпти. «Энди… «Чўққи» бува, уйингизга олиб бориб қўяй», – дедим мулойимлик билан. Буважоним кўнақолди.

Яна ўқинг:  Ҳамкорлик лойиҳалари амалда:

Уйидан «Чўққи» бувам жудаям узоқлашиб кетган бўлсак керак, деб ўйлагандим, йўқ, ўн-ўн беш метрга ҳам юрмаган эканмиз. Эшигига яқинлашганда бувам секин тўхтади. Нимагадир елкамга қўлларини қўйиб, «йўлингиздан адашманг, бўтам» деб қўйди кўнгиллари юмшаб.

Эртасига мактабдан қайтаётсам «Чўққи» бувам яна йўлимни пойлаб турибди. У кишининг ишлари шошқичроқми ё чопонининг этаги узунми, ҳарқалай, унинг ўнг барини белларидаги қийиқчага қистириб олган эди. Ҳар куни қийиқчаси ғижим, кир бўлиб ётарди, бугун ярақлаб очилиб кетибди. Ўтирволиб бир соат дазмоллаганга ўхшайди.

– Мулла Тиркашвой!

– Лаббай, отахон!

– Умрларига барака, отаси жонидан.

Попкани ерга қўйиб, қўл қовуштириб турибмиз, одобли десин деб.

– Бир яхшилик қиласиз-да, бўтам.

– Сизга яхшилик қилмасак, кимга қиламиз, отахон, – дедим ғурур билан.

– Бўлмаса… «Чўққи» бувам атрофга жовдир-жовдир қилиб қараб қўйди, – сир сақлашни биласизми, бўтам?

– Билганда қандоқ? Тунов куни Қодирвой акамни битта кетворган қиз билан кўрдим. Ҳеч кимга айтма деганди, айтмадим.

– Буни сиз гапирмадингиз, мен эшитмадим, хўпми? Манов мактуб, – «Чўққи» бувам ён чўнтагидан учбурчак қилиб букланган, сарғайиб кетган қоғозни олиб қўлимга тутқазди.

– Шуни тутли ҳовлидаги Моҳи холангиз бор-ку, у кишига берсангиз.

– «Чўққи» бува, у ерда Моҳи хола деган хотин турмайди. «Ҳи-ҳи» хола туради, холос.

«Чўққи» бувам соқолони селкиллатиб кулиб юборди.

– Сиз обораверинг, бўтам, хат эгаси ўша ерда бўлади.

– Моҳи хола деб, «Ҳи-ҳи» холага бериб қўйсам-чи?

– Обораверинг… ҳиҳи-ҳи… иккалалари бир одам.

– Ростданми? Нега бўлмаса «Ҳи-ҳи»

– Холангиз бир кун кимнингдир тўйида жудаям кўп кулган экан, битта ғаразгўй хотин шунақа деб лақаб қўйиб юборган. Лекин бувижонингиз баодоб, кўҳликкина кампир.

– Бува, бува… бу хатда нима бор?

– Ҳали ёшсиз, бўтам, катта бўлганингизда…

– Ҳа-…а… жавобини дарров олиб келайми? – дедим қувнаб.

– Шароитга қарайсизда, бўтам, шароит­га. Лекин зинҳор-базинҳор биров сезмасин. Айниқса, «Мошхўрда» холангизга эҳтиёт бўлинг. У билди тамом, телевизорга чиқиб эълон қилади. Ана ўшанда кўринг томошани.

Менам унча-мунчага бўш келмайдиганларданман. Узоқдан «Ҳи-ҳи» холанинг дарвозасини мўлжаллаб боравердим. Бирпас негадир кутиб ҳам турдим. Ҳеч ким кирмадиямчиқмадиям. Шундагина ҳовлига бемалол кириб боравердим. Тўғридаги айвонда «Ҳи-ҳи» хола кўзойнак тақволиб, яп-янги атлас кўрпани қавияпти. Оббо кампиршоей, тўй бўлишини қаердан билақолди экан-а?! Атайлаб шиппагимни «шап-шап» ташлаб боравердим. Битта-яримта уйда бўлса, ҳеч бўлмаса, деразадан ким экан, деб мўралар, деб-да, албатта.

Яна ўқинг:  Спортчиларимизнинг Инчеондаги муваффақияти

– Тапиллатмай келавер болажоним, ернинг ҳам жони бор, – деди холажоним.

Айвонга чиқиб салом берганимдан кейингина у киши бошини кўтарди.

– Ие, сенмидинг, набирам мактабдан келдими депман, – дея нинани ғалтак ипга қадади, – кел, раҳматли Мақсудабонунинг набирасимисан?

– Топдингиз, холажон.

– Ойинг яхшими? Тузук бўлиб кетганми?

– Ишга кетган эди. Мен сизга-чи, – овозим ўз-ўзидан пасайди, – ҳеч ким йўқми, холажон?

– Йўқ, гапиравер, – деди «Ҳи-ҳи» хола ҳам негадир пичирлаб.

У ёқ-бу ёққа қараб олдим-да, қўйнимдаги хатни олиб шоша-пиша холажонимга тутқаздим.

Холажоним ҳайрон бўлиб бир менга, бир учбурчак мактубга қаради.

– Сирли, – дедим шивирлаб, – очиб ўқинг.

«Ҳи-ҳи» холанинг қўллари негадир титраб кетди. Ваҳимали бир гап ёзилгандек қўрқа-писа кўз югуртирган бўлди. Мен ҳам хатга қиялаб қарадим. Лекин битта ҳарфни ҳам ўқий олмадим, у арабчада ёзилган эди. Мана ҳозир «Ҳи-ҳи» холам ўқиб, суюнганидан менинг чўнтагимга бир ҳовуч шоколад солиб қўяди десам… Холажоним бирдан кўзойнагини олиб, хонтахта устига зарб билан қўйди. Шартта ўрнидан туриб (ё, тавба менинг ойижоним ёш бўлса ҳам бунчалик тез туролмайди), бақира кетди.

– Тссс. Холажон, биров эшитади, ўзингизга қийин бўлади, – десам қани тинчиса.

– Ҳу, нафсингни шамол учирсин, хат олиб келмай кет. Ўша «Чўққи» буванг билан қўшмозор бўл! Кўзимга кўринсин, ўша қолган тўртта соқолиниям юлиб қўлига берман!

«Ҳи-ҳи» хола муштларини тугиб, томирларини ўйнатиб гапираверганидан оғзидан туфуклари сачраб, кўзлари олайиб кетди. Ҳозир ўзини таппа ташлайди-ю тўловларига қоламан, деб қўрқиб кетдим. «Хўп, холажон, хўп, холажон», деб секин орқамга тисарила бошладим. Бу қилиғим маъқул бўлмадими, яна алланима деб бақира бошлади холажоним. Шу пайт бўйни чўзилиб, оғзидан гўёки бир нарса «пир-р» этиб учиб, «тақ» этиб ерга тушди. «Ҳи-ҳи» хола «вой» деганича оғзини ушлаб қолди. Кейин «виз» этиб, худди бедана тутаётгандек ҳовучини ёзиб ўзини ерга отди. Энди тамом: ўпкаси чўзилиб, тилининг бир парчаси ерга узилиб тушди, дедим. Ростини айтсам, беозор «Чўққи» бувамни ўзим ҳам аяб кетаётгандим – шу кампирга куни қолдими деб. Энди «Чўққи» бува уйлансангиз ҳам шу кампирга уйланасиз, уйланмасангиз ҳам. Ахир у кишининг сизни деб тили узилиб тушди. Бошқа қайси чол ҳам гунг хотинни оларди?! Лекин бир томондан энди сизга мазза бўлади: жаҳлингиз чиқса бақираверасиз, бақираверасиз. «Ҳи-ҳи» хола бўлса, жавоб қайтаролмай алам қилиб ўтираверади.

Яна ўқинг:  Эзгулик макон танламайди

Хуллас, бир фалокат рўй бермасидан қочиб қолмоқчи бўлдим. Энди икки қадам ташлаган эдим, орқамдан соқов бўлиб қолган «Ҳи-ҳи» холанинг буйруқли овози эшитилди: «Тўхта!». Эсим оғиб қолаёзди. У кишининг ўқланган милтиғи бору, ҳозир орқамга ниқтаб, қўлимни осмонга кўтариб, бутун маҳаллани бошига кўтариб юборади деб ўйладим. Ана энди шарманда бўламиз. Кўрибсизки, «Чўққи» буванинг ҳам, беозор совчининг ҳам сири очилди. Ҳаммасиям майли-я болаларга кулги бўладиган бўлдимда.

«Ҳи-ҳи» холага қарашга қўрқиб, икки қўлимни секин тепага кўтардим асирман деб. «Тушир қўлингни! Бор чойгумдаги сувни олиб кел!»

Ҳеч нарсага тушунмай қўрқа-писа ошхона олди-да турган чойгумни олиб келдим. Офтобда тураверганидан суви анча-мунча илиб қолган экан.

– Қўлимга қуй!

Шундагина чўккалаб олган «Ҳи-ҳи» холанинг қўлига кўзим тушди. Қўлларида танглай тишлари иржайиб турарди. Хайрият-ей, тиллари жойида экан. Учиб тушган тили эмас, протез (ясама) тиши экан. Сувни жилдиратиб қуяётгандим «тузукроқ қуй», деб жеркиб берди холажоним.

– Синганида ўша «Чўққи» буванга тўлатиб олардим, – деди ювган тишларини оғзига солаётиб.

– Хола, синмасаям буважоним сизга бунақа суягиданмас, тилласидан қўйдириб беради, – дедим холажонимнинг ҳавасини келтириб.

Бу гапдан кейин у олдига солиб қувлайди дегандим, йўқ, бу гал «Ҳи-ҳи»хола индамади. Қўшниларникига очилган туйнук эшигига қараб хотиржам бўлди шекилли, бу ёққа юр, деди.

– Хат ёзиб берасизми? – дедим тантиқланиб.

– Ўчир товушингни, «Мошхўрда» холанг эшитиб қолса, бутун маҳаллага гап қилиб юборади.

– Бояги бақиришингизни магнитофонга ёзиб олган бўлсачи?

– Қўшним эрталаб чиллагуразонга кетган, кечқурун келади.

Холам ичкари уйга чаққонгина кириб, қўлларида қулинг ўргилсин тўрт дона конфет олиб чиқди.

– Мактабингда ерсан.

– Бувамга нима деб қўяй, – дедим яна жаҳли чиқиб кетса, солвормасин деб ўзимни орқароққа олиб.

– Биров билмасин, бувангни ўзлари учрашсин менга.

– Ур-ре!

– Секин, маҳмадона!

– Ҳоҳларкансиз-у, нимага шунча дағдаға қилдингиз? – дедим кулиб.

– Бор энди, ҳозир нақ айниб қоламан.

– Ҳе, сиздай кампирга топилади-ю… Мана Нор опам эрга теёлмай хуноб.

– Тур-е, талтайма!

Яна холажоним айниб қолмасин деб, «урра» қочдим.

Воқеани эшитиб «Чўққи» бувам оғзини йиғолмай ҳингир-ҳингир кулиб юборди. Кейин чўнтагини кавлай-кавлай, ғижимланиб кетган минг сўмликни топиб, қўлимга тутқазди.

– Музқамоқ ерсиз, бўтам.

– Яна шунақа ишларингиз бўлса, айтиб туринг, дедим-да, попкамни олиб, уйга жўнадим.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: