Чиқиндидан экспортбоп маҳсулот ёхуд “иш билганга минг танга” нақлининг ҳаётийлиги хусусида

Саломатлик – энг катта бойлик. Агар инсон соғлом бўлса, у нафақат ўз оиласига, балки жамиятга ҳам фойда келтиради. Маънан ва жисмонан соғлом инсонгина юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўша олади.

Мустақил мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар қаторида соғлиқни сақлаш тизимида туб янгиланишлар амалга оширилди. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар соҳадаги ишларнинг сифат ва самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Жумладан, тиббиёт масканлари фаолиятини замон талаблари даражасида йўлга қўйиш, соҳага илғор технологиялар олиб кириш, тиббий асбоб-анжомлар ишлаб чиқарувчи корхоналарга имтиёзлар бериш бўйича олиб борилаётган ибратли ишлар аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминламоқда.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида фаолият кўрсатаётган “Медикот” қўшма корхонаси ҳам олиб борилаётган изчил ислоҳотлар туфайли қисқа вақт ичида эътиборга молик ютуқларга эришди. 2009 йилда фаолиятини йўлга қўйган корхона тиббий момиқ (вата) ва пахта целлюлозаси ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйган эди. Тизимга малакали мутахассисларнинг жалб этилиши, ишчиларга шарт-шароитларнинг яратилиши, қолаверса, хомашё тозалаш ва тайёрлаш, оқартув ва қуритиш цехларининг хориждан келтирилган замонавий дастгоҳлар билан таъминланиши туфайли корхонада сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилиб, хориж давлатларига экспорт қилиш йўлга қўйилди.

Айни пайтда 120 нафар ишчи-хизматчи фаолият юритаётган қўшма корхона жамоасининг 70 фоизини ёшлар ташкил этади. Қувонарлиси, муассаса фаолиятининг йўлга қўйилиши аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлди.

Корхонада интизом, ишга масъулият билан ёндашиш, техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифат ва самарадорлигига аҳамият қаратиш муҳим ўрин тутади.

– Корхонамиз учун асосан “Ўзпахтасаноат” ва “Пахтаэкспорт” акционерлик жамиятлари ва бошқа корхоналар билан шартнома асосида паст навли, ишлатишга яроқсиз бўлган пахта хомашёсини сотиб оламиз. Олинган маҳсулот замонавий технологиялар ёрдамида цехларда механик ҳамда кимёвий тозалаш, қуритиш жараёнларидан ўтгач, зичланиб, иккита сақлаш омборларига жойланади, – дейди қўшма корхона иш юритувчиси, малакали мутахассис Рустам Эргашев. – Ишлаб чиқарилган маҳсулотларимиз Россия, Қозоғистон, Хитой, Буюк Британия, Болгария каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

Ҳамжиҳатлик, фидойиликни ўзига шиор қилиб олган ишчи-ходимларимизнинг сермаҳсул ва самарали меҳнатлари мақтовга лойиқ. Жумладан, техника хавфсизлиги бўйича масъул ходим Мухтор Мирзамуҳаммедов, малакали ишчи-ходимлардан Анвар Неъматов, Ўктам Аҳмедов, Рифат Абдулин, Елена Яковлева, Елена Райдер, Вероника Халилова, Шаҳноза Маликова, Ўктам Рўзиевлар касбдошларига ҳар томонлама ибрат бўлмоқдалар.

Бугунги кунда корхонада ҳар ойда 400 тонна сифатсиз пахта маҳсулоти қайта ишланиб, ундан 200 тонна тиббий момиқ ва пахта целлюлозаси ишлаб чиқарилмоқда.

Муассасада йиллик ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 5 минг тоннани ташкил этади. Шундан 2 минг тоннаси пахтали целлюлоза, 1,5 минг тоннаси оқартирилган гигроскопик пахта ҳамда 1,5 минг тоннаси кийим-кечак учун пахта ишлаб чиқаришдан иборат.

Эътиборга молик томони шундаки, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 10 фоизи мамлакатимиздаги корхоналарга сотилса, 90 фоизи хориж давлатларига экспорт қилинмоқда.

Ўтган йилнинг охирги кварталида корхона 350 минг долларлик маҳсулотни хориж давлатларига экспорт қилишга эришган бўлса, жорий йилнинг биринчи кварталида бу кўрсаткич 500 минг долларга етди.

Яна ўқинг:  Sohibqiron davrida hunarmandchilik

Юксак марраларни кўзлаб меҳнат қилаётган қўшма корхона раҳбарияти ишлаб чиқариш кўламини янада ошириш, қўшимча ер майдони олиб, у ерга янги объект қуриш ва қўшимча ишчи ўринларини яратиш мақсадида банкдан 3 миллиард сўм миқдорида кредит олишни режалаштирган. Муҳими, корхона жорий йилнинг охиригача хориж давлатларига 2 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш ниятида.

Муассасада иш икки сменада ташкил этилиб, ходимлар 4 маҳал иссиқ овқат, махсус кийим-бош, чангдан ҳимоя қилувчи ниқоблар билан таъминланган.

Марям АҲМЕДОВА

® Реклама ҳуқуқи асосида

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: