Бунёдкорлик ҳисси талабалар юрагида жўш уради

Тунда тўлин ой ила сирлашиб, кундузлари қуёш нурида ярқираб турган осмонўпар бинолар пештоқига боқиб кўзинг қувнайди. Беихтиёр, ушбу бинолар меъморига тасаннолар айтгинг келади. Кундан-кунга чирой очиб, юрт кўркига кўрк қўшаётган афсона ва эртаклар шаҳри аталмиш кўҳна ва қадимий Самарқандни кўриб кўксингиз фахрга тўлади.

Айни пайтда Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида уч мингдан зиёд ёшлар ана шундай бунёдкорлик анъаналарини давом эттириш истагида таълим олмоқда. Уларга тўрт юз нафарга яқин малакали профессор-ўқитувчилар сидқидилдан билим беришаётир. Мазкур илм даргоҳида замонавий педагогик технологиялар асосида олиб борилаётган дарслар талаба-ёшларнинг архитектура ва қурилиш соҳасида етук мутахассис бўлишларига хизмат қилиши шубҳасиз. Компьютерлаштирилган ўқув хоналари, электрон ёзув тахталари билан жиҳозланган аудиторияларда билим ва кўникмаларини ошираётган талабалар институтнинг электрон кутубхонасида ARMAT – автоматлаштирилган электрон кутубхона тизими ҳамда ZiyoNet тармоғидан фойдаланишади. Илм даргоҳи профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган дарсликлар, ўқув қўлланмалар, монография, услубий кўрсатмалар, йўриқномалар, илмий мақолалар, номзодлик диссертацияларининг электрон нусхаси махсус файл серверига ўрнатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида институт профессор-ўқитувчиларининг замонавий-педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиб, ўқитишнинг илғор услубларини жорий этишлари, касбий фаолиятида чет тилларни қўллашларини таъминлаш мақсадида “Ахборот технологиялари” ва “Чет тилларни ўрганиш” ўқув курслари ташкил этилган. Ушбу сабоқлар алоҳида дарс жадваллари асосида олиб борилмоқда.

Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш борасида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида бир қатор ибратли ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, “Олий таълим фан ва ишлаб чиқариш ўртасида инновацион корпоратив ҳамкорликни йўлга қўйиш” бўйича факультетлар қошидаги 22 та кафедрада жами 43 та инновацион гуруҳ фаолият олиб бормоқда. Қурилиш, архитектура, экология, сув ва газ таъминоти, геодезия, кадастр ва бошқа бир қатор корхоналар билан институт орасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жорий йилда мавжуд 20 дан ортиқ корхоналар билан хўжалик шартномалари асосида илмий тадқиқот ишлари олиб борилиб, 35 миллион сўм маблағ тушумлари амалга оширилди.

Биргина бу эмас, Самарқанд шаҳрининг қурилиш ишларига институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари томонидан кўплаб лойиҳа ва бадиий безак ишлари жалб этилган. Институтда 2012-2014 йилларга мўлжалланган ТЕМПУС дастури асосида 894 минг евро миқдорида “Сув ресурсларини бошқариш муҳандислиги бўйича магистр тайёрлаш” мавзусида Каунасс технология университети (Литва), Варшава университети (Польша) ҳамда Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат Техника университети билан ҳамкорликда илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун 6 та илмий тадқиқот лабораториялари ташкил этилган. Илмий лабораторияда иморатсозликнинг Ўзбекистон шароитидаги арматурабоп металлар, темир бетон қобиқлари ва фазовий қурилмалар, бино ва иншоотлар қурилмалари ҳамда қисмларини синовдан ўтказиш, экология, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, оқава сувларни тозалаш усулларини ихтиро қилиш, замин ва пойдеворлар муаммоларини ҳал этиш борасидаги ишлар амалга оширилади. Шунингдек, чиқиндилардан янги замонавий қурилиш материалларини яратиш, бино ва иншоотларни техник ҳолатини аниқлаш мақсадида янги геодезик усулларни яратиш, метрологик ва стандартлаш ишлари, иморатларни силжитиш, кўтариб тўғрилаш сингари юқори аниқликдаги илмий-муҳандислик ишлари бажарилади. Самарқанд вилояти ҳамда унга қўшни вилоятлар қурилиши эҳтиёжидан келиб чиқиб бино ва иншоотлар қурилмалари, ҳамда қисмларини синовдан ўтказиш минтақавий маркази, илмий-муҳандислик мажмуаси ташкил этилган. Бу илмий марказлар давлат сертификатларига эга. Шунингдек, республикада ягона саналган сейсмик минтақаларда ноёб бинолар ва иншоотлар қурилиши соҳаси бўйича халқаро мақомдаги илмий лаборатория ташкил қилинган. Лаборатория мудири профессор С.Раззоқов раҳбарлигида сейсмик минтақалар учун биринчи бор катта оралиқли биноларни ёпиш муаммоси бўйича халқаро мақомдаги 4 та меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилмоқда.

Яна ўқинг:  Гимнастика барча учун

Ўзбекистонда меъморий ёдгорликларни тадқиқ этишнинг долзарб муаммолари ва ландшафт архитектураси бўйича илмий мактаб яратилган. Илмий мактаб йўналишида ҳозирда Самарқанд олий меъморчилик мактабининг шаклланиш йўллари, ушбу шаҳар ҳудудини ландшафт ечимларини ишлаб чиқиш муаммолари, шаҳар тарихий деворлари ва дарвозаларини тадқиқ этиш масалаларида илмий тадқиқотлар олиб борилиб тавсиялар ишлаб чиқилаётгани айни муддао бўлмоқда.

Илм масканида таҳсил олаётган талабалар устозлари бошчилигида кўплаб муваффақиятларни қўлга киритишмоқда. Жумладан, “Архитектура” таълим йўналиши 502-гуруҳ талабаси Анвар Сафаров, “Қишлоқ қурилишини лойиҳалаштириш” таълим йўналиши 401-гуруҳ талабаси Азиза Юсупова Беруний номидаги Давлат стипендиясига сазовор бўлган.

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган республика фан олимпиадасида институтнинг 14 нафар иқтидорли талабалари иштирок этиб, “Қурилиш материаллари ва конструкциялари” умумкасбий фанидан Алижон Қурбонов I ўринни, “Архитектура” мутахассислик фанидан Бекзод Шоймардонов II ўринни, “Иссиқлик, газ таъминоти ва вентиляция тизимлари” мутахассислик фанидан Баҳриддин Пардаев III ўринни эгаллади.

Ёшларнинг спорт соҳасида эришаётган ютуқлари ҳам залворли. “Универсиада-2013” спорт мусобақаларининг финал босқичида Хуршид Набиев дзюдо бўйича фахрли I ўринни қўлга киритган бўлса, Камол Холматов кураш бўйича фахрли III ўринга сазовор бўлди. Жорий йилда олий таълим муассасалари хотин-қизлари ўртасида ўтказилган спорт мусобақаларида қатнашган Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти жамоаси фахрли учинчи ўринни эгаллади. Олий ўқув юртининг қўл тўпи жамоаси беш маротаба Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритгани ҳам қувонарли ҳолдир. Институт жамоаси Ўзбекистон мустақиллиги кубогининг 5 карра соҳиби бўлган. Шунингдек, Гонгконгда ўтказилган 8-Осиё чемпионлар лигасининг бронза медалларини қўлга киритди. Институтнинг Олимжон Егемсапаров, Ғайрат Ўроқов, Акромжон Отажонов, Азиз Болтаев каби саккиз нафар спортчилари Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий таркибида, Матлаб Ибрагимов, Равшан Муртазоқуловлар эса Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўйинчиларидир. Бундан ташқари илм даргоҳининг профессор-ўқитувчилари вилоят бўйича ўтказилган спорт мусобақаларида қатнашиб, хотин-қизлар жамоалари ўртасида фахрли учинчи ўринни эгаллаган бўлса, велоспорт мусобақасида “Жисмоний тарбия” кафедраси доценти У. Қосимов фахрли биринчи ўринга сазовор бўлди.

Яқинда институт томонидан “Жисмоний тарбия” кафедраси ва талабалар турар жойига спорт анжомлари олиб берилгани ҳам талабалар ва уларнинг устозлари соғлиғини мустаҳкамлаш борасида қўйилган яна бир муҳим қадамдир.

Яна ўқинг:  Дардни яширсанг...

Институтда вилоят касаба уюшмаси, хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ вилоят бўлими, ҳамда шаҳар “Нуроний” жамғармаси, вилоят хуқуқ-тарғибот органлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар талаба-ёшларнинг ғоявий-мафкуравий иммунитетини шакллантириш ва диний экстремизм, терроризмга қарши курашга бағишланган билим-кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Тошкент Архитектура-қурилиш институти билан ҳамкорликда ўтказилган “Ўзбекистонда шаҳарсозлик ва линдшафт архитектурасини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси, бир қатор семинар-тренингларни ташкиллаштирган талаба-ёшлар устозлари бошчилигида ҳамиша изланишда. Бахтиёр Шомуродов, Рауф Зоиров, Мансур Эшматов каби малакали устозлар шогирдларининг илмий-тадқиқот ишларида ҳамиша бош-қош бўлиб, уларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Бу ерда ташкил этилган “Ёш посбонлар”, “Ёш интеллект” клублари ҳамиша талабалар билан гавжум. Шу боис ҳам ташаббускор талаба-ёшлар сафи кундан-кунга кенгайиб бормоқда.

Институт маъмурияти профессор-ўқитувчилар ва талабаларни ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор бериб келмоқда. 2013 йил давомида уларга уч ярим миллион сўмга яқин моддий ёрдам берилиб, байрам ва тадбирларда эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, Самарқанд шаҳар ҳокимиятининг кўмаги билан талабаларни дарсларга ўз вақтида етиб келишлари учун ташкил этилган йўналишли автобус қатнови йўлга қўйилгани яна бир қулайликдир.

Илм масканида “Саломатлик маркази” ва ёзги дам олиш маскани фаолият кўрсатмоқда. Мазкур даргоҳда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор берилган. Айни қиш фасли бўлсада тўрт мингдан ортиқ гул кўчатлари ҳамда минг тупга яқин мевали, манзарали дарахтлар парвариши рисоладагидек.

Айни пайтда Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти нафақат вилоятда, балки республика олий ўқув даргоҳлари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бу ерда таҳсил олаётган талаба-ёшлар ва уларнинг устозлари архитектура ва қурилиш соҳасида тинимсиз изланишлар олиб бормоқда. Институт жамоасининг саъй-ҳаракати ва қўллаб-қувватлаши боис бугун дунё миқёсида кўплаб муваффақиятларни қўлга киритаётган ёшлар орасида самарқандлик талабаларнинг ҳам муносиб ўрни бор. Мирзо Улуғбекдек буюк бобомиз номи берилган илм даргоҳида таҳсил олаётган талабалар ва уларнинг устозлари янги-янги марраларни забт этиш учун самарали меҳнат қилишига тилакдошмиз.

Фахриддин НУРМУҲАММЕДОВ,

Самарқанд вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: