Бой берилган вақт

Ижтимоий тармоқлардаги тил ўргатувчи каналларнинг мақсад-муддаоси нима?

 

 Яқинда хориж тилларини ўрганиш мақсадида ижтимоий тармоқлардан биридаги “тил ўрганамиз” номли каналга аъзо бўлдим. Аввалига ҳаммаси рисоладагидек эди: ҳар куни янги сўзлар, иборалар, қисқа матнлар орқали онлайн дарслар олиб борилди. Қолаверса, кунлик машғулотлардан аудио ва видео дарслари ҳам ўрин олган.

Аммо, бироз вақт ўтгач, канал саҳифаларида турли маҳсулотлар ва хизмат турларининг рекламалари, ҳаволалар орқали бошқа каналларнинг манзиллари пайдо бўла бошлади. Бунга бир эътибор қилинг: “Salom Telegram yoki IMO narsalan o‘rgataman KASPIM shifoko HohlovCHILAR uchun grupa KRIN SUXBATLASHAMZ”, “DIQAT! TELEGRAM Tarmog‘ida Ilk Bor Bunaqasi Xali Bo‘lmagan UZBEK SHOU BIZNES Yulduzlarining VIDEO Va Rasmlari VIDEO 100% BOR TANLANG!”, “Qizlarimiz uchun maxsus Sevgi kanalimiz”… Эҳ-ҳе, бу манзилларни давом эттирсак, адоғига етолмаймиз. Ҳаволалардаги қўпол имловий хатоларни-ку айтмай қўяқолай. Афсуски, бундай каналлар мен каби тил ўрганмоқчи бўлган қанча-қанча йигит-қизларнинг олтиндан қиммат вақтларини беҳуда сарфланишига сабабчи бўлмоқда.

Бугун ахборот алмашиш шу даражада тезки, дунёнинг нариги нуқтасида содир бўлаётган ҳодисадан интернет орқали сониялар ичида хабардор бўлиш, ҳатто, воқеалар ривожини тўғридан-тўғри кузатиш имкони мавжуд. Бу борада интернет энг яқин кўмакчига айланди. Халқаро тармоқнинг афзалликларига кўз юммаган ҳолда шуни айтиш керакки, айни пайт онгги ҳали тўла шаклланмаган айрим ғўр ёшларимиз интернетга “уя қурган” ёвуз ниятли инсонларнинг бузғунчи ғояларига алданиб, она Ватани, яқинлари юзига оёқ қўймоқда. Дунёнинг нотинч мамлакатларида содир бўлаётган қўпорувчилик ҳаракатлари иштирокчисига айланиб, бегуноҳ инсонлар қонини тўкмоқда. Қолаверса, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган турли асоссиз ахборотлар ёшларни тўғри йўлдан чалғитиб, уларни турли ҳуқуқбузарликлар содир этишига сабаб бўлмоқда. Шундай экан ахборот алмашинуви яшин тезлигида кечаётган, турли ғоя ва маданиятлар ўртасидаги кураш авж олган бугунги даврда фарзандларимиз онгини асраш, уларнинг тарбиясига бефарқ бўлмаслик ҳар қачонгидан-да муҳим аҳамият касб этади.

Ноттингем Трент университети олимлари “киши руҳий характеристикаси, шахс типи ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш” мавзуида олиб борган тадқиқотлар натижасида интернет фойдаланувчиларининг айримларида руҳий хуруж синдроми мавжудлигини аниқлади. Бир неча йил аввал Суонси университети олимлари ҳам интернетдан фойдаланишни тўхтатган кишилар руҳий хуруждан азият чекишини маълум қилганди. Яъни, бу тармоққа жуда кўп вақтини сарфловчи кишилар мобил қурилмадан фойдаланишни тўхтатганда, ташвишли ҳолатга тушиб қолиши ва руҳий ҳолатдаги ўзгаришлар реал жисмоний ўзгаришлар билан бирга кечиши аниқ бўлди.

Яна бир гап. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари истамаган ҳолда ўзини тармоқнинг бошқа фойдаланувчилари билан таққослайди. шу йўналишда олиб борилган тадқиқотлар натижасида ушбу омил кишиларда тушкунлик, ижтимоий яккаланиш ҳиссини юзага келтириши аниқланди.

 

Яна ўқинг:  Наманганда велопатруль хизмати йўлга қўйилди

Юқорида келтирилган маълумотлар орқали ижтимоий тармоқлардан ҳеч қандай наф йўқ, дейиш фикридан йироқмиз. Айтмоқчимизки, ахборот телекоммуникация воситаларидан тўғри ва оқилона фойдалансангиз, энг аввало, ўзингизга яхшиликни илинган бўласиз.

 

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: