Бошланғич таълимда интерфаол усуллар

Бугунги замон фарзанди улкан ахборотлашган муҳитда улғаймоқда. Уларнинг аксарияти кўп вақтини компьютер ва телевизор қаршисида ўтказиб, ўз тенгдошлари билан жуда кам мулоқотда бўлишади.

Улар смартфонлардан фойдаланиш, электрон ўйинлар ўйнашни билади. Бироқ синфдошлари билан тезда чиқишиб кета олишмайди.

Бошланғич синф ўқувчиларининг ёш билан боғлиқ ўзига хос хусусиятлари ҳам бор: диққатни жамлай олмаслик, қарашлар хилма-хиллиги, ўта ҳаракатчанлик ва турли ўйинларга интилиш, билим олишда турфа хилликни исташ. Шу сабаб дарс давомида болалар эътиборини маълум бир мавзуда ушлаб туриш мураккаблик туғдиради. Бу эса ўқитувчидан фаол ва қизиқарли дарс бериш услубини талаб қилади.

Сўнгги йилларда бошланғич таълим йўналишида, жумладан, чет тилларни ўрганиш тизимида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, тизимга замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш каби масалаларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан турли семинарлар, видеоконференциялар ташкил этиляпти. Бундай тадбирларда бошланғич таълим жараёнига янги авлод дарслик мажмуалари ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, чет тили ва бошқа тилларни ўқитишнинг инновацион технологиялари каби долзарб мавзулар муҳокама қилинаётир. Бу эса ўз навбатида, ўқитувчиларнинг ижодкорлиги ва касбий маҳоратларини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан бошланғич синф ўқитувчилари учун бир қанча номдаги ўқув-услубий қўлланмалар ва уларнинг мультимедиали иловалари янгидан яратилиб, таълим жараёнига тақдим этилди. Мазкур қўлланмалардаги мультимедиа ишланмалари биз ўқитувчиларга ўқитишнинг ўйинли шакллари ва медиа технологиялардан фойдаланиш имконини бермоқда. Қўлланмалардан болаларга мавзуни тушунтириш ва такрорлаш жараёнида кенг фойдаланиляпти. Ушбу жараён ўқувчиларнинг таълим олиш сифат ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Ўқув-услубий қўлланмалар ва мультимедиали иловаларнинг электрон шакли вазирликнинг интернет порталига жойлаштирилганлиги, ундан фойдаланиш имкониятларини янада қулайлаштирди. Нафақат ўқитувчилар, балки ота-оналар ҳам ушбу қўлланма ва иловаларни кўчириб олиб, фарзандларининг топшириқларни бажариш чоғида кўмаклашиши, билимини мустаҳкамлашда фойдаланиши мумкин.

Дарсликнинг мультимедиали иловасида видеолавҳалар берилган бўлиб, ўқувчиларнинг мавзуга бўлган қизиқишини оширади ва тез тушуниб олишига имкон беради. Дарс давомида ўқувчилар чарчаб қолмаслиги ва зерикмаслиги учун мусиқали дам олиш дақиқалари ҳам ташкил этилган. Ўқиш дарслари учун тақдим этилган бундай ўйин ва бошқотирмалар болаларнинг мантиқий фикрлаш қобилияти ва ҳозиржавоблигини ривожлантиради.

Яна ўқинг:  Болалар манфаатларининг ҳуқуқий кафолати

Бошланғич таълим умумий ўрта таълимнинг асосий бўғини. Ўқувчиларнинг келгусидаги муваффақияти, уларнинг ҳар томонлама камол топиши, кўп жиҳатдан бошланғич таълимнинг сифатига боғлиқ. Дарс жараёнида янги услублар, ўқитишнинг интерфаол усуллари жорий қилинаётгани, юртимизда маънан ва жисмонан баркамол авлодни вояга етказишга хизмат қилади.

 

Шаҳноза ЭШОНҚУЛОВА,

Самарқанд шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: