Боқий анъаналар ва муқаддас қадриятлар тараннуми

Пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида “Қадрият, урф-одат, анъана ва ёшлар” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мазкур фестивалда пойтахтимиздаги умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари иштирок этди.

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши раиси А.Жумабоев ва бошқалар мазкур фестиваль ёшлар қалбида миллий анъаналаримиз, қадрият ва урф-одатларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат каби олижаноб туйғуларни шакллантириш, уларни «оммавий маданият» исканжасидан асраш, халқимизнинг бой маданий-маънавий меросини асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Фестиваль доирасида ёш спортчиларнинг миллий кураш баҳслари, “Шу азиз Ватан – барчамизники!” мавзусидаги фото ва халқ амалий санъати кўргазмаси намойиш этилди. Боғдаги варраклар сайли, миллий ўйинлар, “Наврўз дастурхони”, “Сумалак сайли” лойиҳалари, ёш ҳунармандлар, тадбиркорлар маҳсулотлари кўргазмалари, ёш ошпазлар баҳслари барчада катта қизиқиш уйғотди. Олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари ёшлари халқимизнинг мустақиллик йилларида қайта тикланган миллий қадрият ва урф-одатларини, бугунги дориломон кунлар ва бунёдкорлик салоҳиятини кўргазмали ва бадиий дастурлар орқали намойиш этишди.

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг пойтахтимиздаги кенгашлари томонидан мамлакатимиздаги 14 вилоятнинг ўзига хос урф-одат, анъана ва боқий қадриятлари моҳирона тасвирланди.

– Қаранг, атроф-муҳит яшилликка бурканган. Йўл бўйи, боғлардаги турфа рангларда жилоланиб турган гуллар, қийғос очилган дарахтлар кишига кўтаринки кайфият улашади, – дейди Тошкент солиқ коллежи ўқувчиси Асал Абдураимова. – “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Учтепа туман кенгаши ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасининг ўзига хос анъаналарини намойиш этмоқдамиз. Қорақалпоқча “қора уй” деб номланган ўтовни ясадик, у қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади. Уни безатишда қўл меҳнати асосидаги сержило нақшлардан фойдаландик. Ҳудуднинг миллий таомлари, миллий ўйинлари, айтишув ва лапарларини ижро этдик.

Тадбирда фольклор жамоалари, “Баркамол авлод” болалар ижодиёти маркази ўқувчилари, ёш ижрочилар иштирокидаги куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлади.

 

Азима ҚИЁСОВА,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  Ўқувчилар кўнглига йўл топиш – ютуқлар заминидир

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: