Болангиз билан кутубхонага борганмисиз?

Фарзандингизни охирги марта қачон кутубхонага олиб бордингиз? Афсуски, бу саволга жавоб ҳамиша ҳам ижобий эмас. Кичкинтойларга китобни мажбурлаб ўқитиш мумкин эмас. Такрор-такрор “Китоб ўқиш керак” деган билан бола китобхон бўлиб қолмайди.

Фарзандларимиз қалбида мутолаага меҳр уйғотиш учун уларни кутубхоналарга етаклаб бориб, китоб олиб беришимиз ва шу тариқа китоблар билан доимий тарзда мулоқотда бўлиш кўникмасини шакллантириш лозим.

Тақдир тақозоси билан дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири – АҚШда бўлиб, ушбу мамлакатдаги кутубхоналар билан яқиндан танишдим. Жамоат кутубхоналарида китобхонлар учун яратилган шарт-шароитларни кўриб, кейинги пайтларда мамлакатимиз Президенти алоҳида эътибор бераётган маҳалла кутубхоналарини ана шундай йўналишда ривожлантириш зарурлигини ҳис қилдим.

Ёдимда, Вашингтонга эндигина борганимизда, фарзандимни янги шароит, янги мактаб, янги дўстларга кўникиш жараёнини осон ўтказиши учун кутубхоначидан шу мавзуга доир бирор китоб тавсия қилишини сўраганимда зиё маскани ходими менга юзлаб китобларни кўрсатди.

Ушбу мамлакатдаги кутубхоналарнинг китоб заҳираси жуда бой ва мавзулар бўйича кенг кўламли. Биттагина кичкинтойлар бўлимини оладиган бўлсак, болаларнинг ёшига, қизиқишига мос тарзда жавонлар ташкил этилган. Масалан, бир жавонда уч ёшгача бўлган болаларга аталган китоблар жойлаштирилган бўлса, иккинчисида энди ўқишни ўрганаётганларга, яна бирида эса ўзи мустақил мутолаа билан шуғуллана оладиган болалар учун китоблар қўйилган. Яна бир жиҳати, ушбу кутубхоналардан уйга 50 тагача китоб, 20 тагача аудио ёки видео материалларни олиб кетишингиз мумкин. Таълим соҳасида фаолият юритувчилар учун эса имтиёз берилган бўлиб, соҳа вакиллари 100 тагача китоб олиб кетиш имконига эга. Шунингдек, кутубхоналарнинг онлайн хизмати яхши йўлга қўйилган. Масалан, китоблар 21 кунга берилади. Агар кўпроқ ушлаб туришни истасангиз, уйда ўтирган ҳолда кутубхона сайтига кириб, муддатини яна 21 кунга 10 мартагача узайтиришингиз мумкин. Зиё маскани ходимлари томонидан китобни топшириш санаси яқинлашганида автоматик тарзда электрон почтага эслатма хабари юборилади.

Шу ўринда айтиш жоизки, кутубхоналарда интернет хизматларидан бепул фойдаланишингиз мумкин. Шунингдек, зиё масканларида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши аъло даражада йўлга қўйилган. Айниқса, кичкинтойларга мўлжалланган тадбирлар эътиборга молик. Буларни мутолаа маданиятининг амалиёти дейиш мумкин. Масалан, икки ёшгача бўлган болалар учун “Эртаклар олами” соати ташкил этилса, ҳафтанинг яна бир кунида 2 ёшдан 4 ёшгача, навбатдаги кунда эса 4-6 ёшли болалар учун тадбирлар ташкиллаштирилади. Кутубхона ходимлари болаларга турли ўйинчоқлар ёрдамида эртаклар айтиб берадилар, улар билан биргаликда қўшиқ куйлайдилар, рақсга ҳам тушадилар.

Яна ўқинг:  Бировники буюрмайди

Кутубхонага келган жажжи китобхон мутолаадан чарчаганида ўйинчоқлар ўйнаб бироз дам олиши, сўнгра яна мутолаани давом эттириши мумкин. Умуман кутубхонага келган бола ҳеч қачон зерикиб қолмайди. Бунинг учун кичкина уйлар ҳам безатилган. Шунингдек, бу ерда қизиқувчилар учун тўқиш машғулоти, компюьтер саводхонлиги дарси, “Келинг, жаҳон маданияти билан танишамиз”, “Ёзишни ўрганамиз”, “Жажжи олим ва олималар”, “Оилавий мутолаа соати”, “Шахмат ўйнаймиз” каби машғулотлар ташкил этилади. Машғулотларнинг кунлари белгиланган. “Оилавий мутолаа” соатида эса тўгаракларга мунтазам келган жажжи китобхонларга ўзига мос совғалар берилиб, рағбатлантирилади.

Жамоат кутубхоналари аҳолига энг яқин зиё масканларидир. Чунки ҳар бир туманда бир неча жамоат кутубхонаси мавжуд бўлиб, мамлакат бўйича 16 мингдан зиёд ана шу йўналишдаги маърифатхоналар мавжуд. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, жамоат кутубхонаси деганда давлат бюджети томонидан моддий таъминланадиган ва барча учун очиқ бўлган кутубхоналар тушунилади. Ундан ташқари, мамлакатда мактаб кутубхоналари, академик кутубхоналар, давлат ҳамда турли нодавлат идора ва ташкилотларнинг зиё масканлари мавжуд бўлиб, жами мамлакатда 119 мингдан зиёд кутубхона фаолият юритади.

Айни кунда Президентимиз ташаббуси билан китоб мутолаасига алоҳида эътибор бериляпти. Ҳар бир маҳаллада кутубхоналар ташкил этиляпти. Келажакда бу маҳалла аҳлига энг қулай зиё маскани бўлиши, шубҳасиз.

Бизнинг кутубхоналарда катталарга, мактаб ўқувчиларига турли тадбирлар бисёр. Бироқ, мактабгача бўлган болаларга аталган қизиқарли лойиҳалар жуда кам. Зеро, мутолаа маданияти кўникмасини ёшликдан шакллантириб бориш даркор. Ана шунда бола мактабдаги ўқишга тез кўникади.

 

Ойдин САЪДУЛЛАЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: